Қозоғистон: Ўзбекистонлик 4,5 минг энага аслида нима иш қилади?

Полиция айтаётган энагалар аслида кафеларда идиш ювишлари ҳам мумкин Фото муаллифлик ҳуқуқи tengrinews.kz
Image caption Полиция айтаётган энагалар аслида кафеларда идиш ювишлари ҳам мумкин

Қозоғистонга шу йил бошидан буён 4,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик энага ва қаровчи бўлиб ишламоқда. Бу ҳақда миграция полицияси маълум қилган. Мамлакатда ишлашга рухсат олган муҳожирларнинг 95 фоизи ўзбекистонлик эканлиги айтилади.

tengrinews.kz сайтининг ёзишича, 2015 йил бошидан буён Қозоғистонга уй юмушларида ишлаш учун 103 мингдан ортиқ одам жалб қилинган. Шунинг асосий қисми, яъни 97 мингини ўзбекистонлик фуқаролар ташкил қилган.

4,5 минг энага ёки қаровчига ишлаш учун рухсат берилгани бир қарашда бу юртда уларга бўлган талабнинг катталигини билдиради.

Кузатувчиларнинг айтишича, болага энагалик қилиш Қозоғистонда ўта долзарб. Чунки давлатга қарашли боғчалар етишмайди, хусусийлари эса қиммат. Шунинг учун йирик шаҳарларда энага сифатида иш топиш анча қулай. Уларнинг маоши ойига ўртача 400 доллардан бошланади ва 700 долларгача ойлик оладиган энагалар бор.

Бироқ миграция полицияси бераётган рақамлар анча шубҳали эканлиги айтилади.

Сабаби Ўзбекистон келиб оммавий равишда энагалик қилиш қийин. Биринчи навбатда, тил муаммоси пайдо бўлади.

Қозоғистонда энагалар аввало, қозоқ ва рус тилини билиши керак. Ундан ташқари ота-оналар четдан келаётган нотаниш одамга боласини ишониб топшириб қўйишни кўпда исташмайди.

Энагалик учун келаётганлар асосан Қорақалпоғистондан ва Ўзбекистондаги қозоқ миллатига мансуб аёллар эканлиги айтилади.

Улар бу каби ишларни таниш билишларининг тавсияси билан топишади. Лекин уларнинг сони департамент айтаётганидек 4,5 минг эканлигига шубҳа остига олинади.

Умуман полиция айтаётган 100 мингдан ортиқ ишчи ҳам ҳужжатда кўрсатилаётган ишларда ишламаслиги мумкин.

Қозоғистон ўз фуқароларини иш билан таъминлаш мақсадида четдан ишчи ёллаш тизимини ўта мураккаб қилиб қўйган.

Қурилиш, савдо, маиший хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ўзбекистонликнинг ишлаши ўта мушкул ёки имконсиз.

Аммо ҳукумат жамоат ташкилотларининг таклифи ва босими остида ўзига тўқ қозоқ оилалари учун МДҲ давлатларидан уйда ишлатиш учун 5 тагача одамни олишга қонунан рухсат берди.

Ўтган йили кучга кирган қонун асосида, миграция полицияси ишчиларни рўйхатга ола бошлади.

“Ҳамма ҳам ҳужжатда кўрсатилганидек уй юмушларида ишламайди. Уларнинг кўплари кафе ёки қурилишларда ишлайди. Ўзимиз ҳам шундай қилишга мажбур бўляпмиз. Чунки давлат ошхонага идиш ювиш учун ўзбекистонлик аёлни олишимизга рухсат бермайди. Давлатга хориждан малакали ишчи керак. Уни энага сифатида кўрсатиб ошхонада ишлатишга мажбурмиз”, - дейди Олма отадаги тадбиркорлардан бири.

Қозоғистон кўпроқ қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ошхона ишлари билан ўзбекистонликларни ўзига жалб қилади.

Асосан малакаси йўқ ишчилар иш топиш осон бўлгани учун Қозоғистонга бориши айтилади.

Маош Россиядагидан камроқ бўлса-да, тил ва масофа жиҳатидан яқинлиги учун ҳам Қозоғистонни танлашади.

Бундан ташқари Қозоғистонда Россиядаги каби тақирбошлар билан боғлиқ муаммолар йўқ.

Мустақил манбааларда ўзбекистонлик 1 миллионга яқин мавсумий ишчилар Қозоғистонда ишлаши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio