Қозоғистонни келажакда Назарбоевлар сулоласи бошқарадими?

Image caption Дариға Назарбоева узоқ йиллик сиёсий интилишларга эга

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғани бош вазир ўринбосари этиб тайинлаши Марказий Осиёнинг энергия заҳираларига бой ушбу давлатида сулолавий меросхўрликка доир фаразларнинг кучайишига сабаб бўлган.

75 ёшли Назарбоев собиқ совет республикасини 1990 йилдан буён дахлсиз бошқариб келади. Мамлакатда сиёсий фаолият қаттиқ назорат остида, Назарбоевнинг президентлик муддати эса чекланмаган.

Айни пайтда Назарбоев халқ орасида ҳақиқатан ҳам машҳур.

Қозоғистонда советлардан кейинги тинч ўтиш даври ва муваффақиятли бозор ислоҳотлари Назарбоев номи билан боғланади.

Шу йилнинг апрелида у 97 фоиз овоз билан бешинчи марта президентликка сайланган.

Сайловлардан аввал Назарбоев сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, ҳокимият ваколатларини президент, ҳукумат ва парламент ўртасида тенгроқ тақсимлашга ваъда берган эди.

Бу эса Президент ҳокимиятни топширишга ҳозирланаётганининг белгиси сифатида кўрилган.

Кўпчилик Назарбоев учун меросхўр танлашда энг муҳими ўз оиласи манфаатларини ҳимоя қилиш ва сиёсий гуруҳлар ҳамда олигархлар ўртасидаги қудрат мувозанатини бузиб юбормаслик, деб ишонади.

Беқарор Марказий Осиёнинг энг фаровон ва барқарор давлати бўлган Қозоғистонда ҳокимиятнинг қай йўсин бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши муҳим.

Чунки Россия, Хитой, Афғонистон ва Эрон ўртасида жойлашган минтақанинг стратегик аҳамияти катта.

Узилган сиёсий парвоз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қозоғистондаги муваффақиятли бозор ислоҳотлари Назарбоев номи билан боғланади.

52 ёшли Дариға Назарбоева 11 сентябрда бош вазир ўринбосари этиб тайинлангунича парламент воизининг ўринбосари эди.

У узоқ йиллик сиёсий интилишларга эга.

1990-йилларнинг бошидан эътиборан 10 йил давомида Назарбоева ночор жиҳозланган "Хабар" давлат телеканалини мамлакатнинг энг йирик медиа холдингига айлантириш билан машғул бўлди.

2003 йилда у ўзининг сиёсий партияси "Асар"ни тузди ва бир йил ўтиб, парламентга сайланди.

Аммо Назарбоеванинг сиёсий парвози унинг қудрат ва бойликка ўч марҳум турмуш ўртоғи Роҳат Алиев можароси сабаб тўхтаб қолди.

2006 йилда Дариға ўзига қарашли ахборот воситаларида турмуш ўртоғини мухолифат раҳбари Олтинбек Сарсенбаевнинг ўлимига алоқадорлик айбларидан ҳимоя қилишга уринди.

У шунингдек, отасига энг содиқ мулозимлардан, хавфсизлик хизмати раҳбари Нуртай Абикаевнинг истеъфосини талаб қилиб чиқди.

Бундан ғазабга келган Президент Назарбоев қизининг сиёсий ва медиа империясини парчалаб ташлади.

Назарбоеванинг асосий телеканали "Хабар" давлат тасарруфига ўтди ва унинг партияси отасининг "Нур Отан" партиясига қўшиб юборилди.

Дариға "Нур Отан" раҳбарининг муовини этиб тайинланди.

Аммо 2007 йилда турмуш ўртоғи ўзи назорат қилган "Нур Банк"нинг икки бошқарувчиси ўлимига алоқадорлиги ҳақидаги даъволар туфайли Назарбоева лавозимидан айрилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Назарбоев қизига яна бир имконият бераётган кўринади

Алиев ўша йилнинг ўзида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди ва Дариға расман у билан ажрашди.

2014 йилда Роҳат Алиев ўзини Австрия расмийларига топширди.

Уни 2015 йил февралида, қотиллик айблари билан маҳкамани кутиб турган бир пайтда, Вена қамоқхонасида ўлик ҳолда топишди.

Австрия расмийлари Алиев ўз жонига суиқасд қилган, деган хулосага келганлар.

Янги имконият?

Эндиликда ўзбошимча куёви сиёсий саҳнадан кетган экан, Президент Назарбоев қизига яна бир имконият бераётган кўринади.

Дариғанинг бош вазир ўринбосари этиб тайинланиши афтидан, унинг иқтисодни қанчалик уддалаши ва бошқа қудратли шахслар билан нақадар тил топишишини синовдан ўтказиш мақсадини кўзлайди.

Сулолавий меросхўрлик Назарбоев оиласи манфаатларини кафолатлайди.

Назарбоевнинг Дариғадан ташқари яна икки қизи бор.

Уларнинг иккаласи ҳам йирик бизнес манфаатларига эга деб ишонилади.

Назарбоевнинг ўртанча қизига уйланган Тимур Қулибоев Қозоғистон нефт саноатидаги муҳим шахслардан.

Дариға Назарбоеванинг икки ўғлидан бири- Нурали пойтахт Остона ҳокимининг муовини.

Аммо ўтмишда бўлгани каби, агар Дариға отасининнг чизган чизиғидан чиқса,унинг сиёсий келажаги яна савол остида қолиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio