Қозоғистон: Танга қадрсизланиши қачон тўхтайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Қозоғистон Марказий Банки танганинг қадрини ушлаб туриш учун валюта бозорида 144 миллион доллар сотган. Валюта биржасида чоршанба кунги савдода бир долларнинг нархи 300 тангага кўтарилиб кетган. Натижада айрим айирбошлаш шахобчалари ёпилгани айтилмоқда.

Ҳукумат танга курсини назорат қилишни тўхтатганидан сўнг, валюта қарийб икки баробар қадрсизланган. Махсус коридор мавжуд бўлган август ойида бир доллар 185 танга сотилар эди.

Бироқ танга баҳоси кескин қадрсизланганидан сўнг ҳукумат чоршанба кунги савдоларга яна аралашишга мажбур бўлган. Ушбу аралашувдан сўнг доллар нархи300 дан 283 тангага тушган.

Қозоғистон ҳукумати 20 август куни миллий валюта тангани эркин ҳолатга қўйиш қарорига келганини маълум қилган эди.

Ўтган вақт мобайнида танга беқарорлигини сақлаб келмоқда. Доллар 280 тангага кўтарилган, 16 сентябрдаги савдоларда эса унинг нархи 300 тангача чиқиб кетган.

"Белни маҳкам боғланглар"

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ушбу ўзгаришлар арафасида қилган чиқишида Қозоғистонни жиддий иқтисодий синовлар кутаётганини ва бундан кейин янада қийин бўлиши мумкинлигини билдирган.

Президент Нурсултон Назарбоев айтишича, Қозоғистон нефтнинг ҳар баррелига 30-40 долларлик баҳосига мослашиши лозим.

19 август кунги махсус мажлисда чиқиш қилган Назарбоев "Қозоғистон шу пайтгача бундай инқирозга дуч келмаган"ини айтган.

Жаноб Назарбоев дунё ва Қозоғистон иқтисоди яқин йилларда дуч келиши мумкин бўлган салбий омилларни санаб ўтган.

Президент Назарбоев айтишича, яқин беш йил мобайнида нефт ва металлар нархининг пасайиши давом этади.

Ривожланаётган мамлакатларнинг сармоя ва капиталларга қўли етмай қолади.

Ва Қозоғистоннинг асосий иқтисодий шериклари Россия ва Хитойнинг Қозоғистон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи камаяди, деб айтган Президент Назарбоев. Қозоғистон президенти бундан олдин давлат бюджети ҳисоб-китоблари нефтнинг жаҳон бозоридаги юқори баҳосига мослаб қурилганини, бундан кейин 30-40 долларга асосланиш оқил қадам бўлишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio