"ИД" сафида 5000 марказий осиёлик ва россиялик бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ таркибида қарийб 5000 Макразий Осиё республикалари ва Россия фуқаролари жанг қилмоқда.

Бу ҳақда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги мажлисида Россия Федерал Хавфсизлик хизмати директори биринчи ўринбосари генерал Сергей Смирнов айтган.

"Бизнинг маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг 2400 тача фуқароси ушбу ташкилот фаолиятида иштирок этмоқда ва бу анча катта рақам", деб айтган Россия хавфсизлик хизмати раҳбари муовини.

Бундан олдинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги 1800 россиялик ИД сафида деб кўрилаётгани, 477 та жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар тарқатган.

Тошкентдаги мажлис Шанхай ташкилотининг минтақавий аксилтеррор структураси йиғилиши бўлган, унда Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари қатнашганлар.

Август бошида Тожикистонда ИД сафида бўлган тожикистонлик фуқароликдан чиқарилиши ҳақидаги фармон қабул қилинди.

Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги билдиришича, Афғонистон ва Сурияда 500 дан ортиқ тожик фуқаролари жанг қилмоқда.

"Исломий давлат"дан ташқари тожикистонликлар "Толибон" ва "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" сафларида борлиги айтилади.

Қароргоҳи Брюсселда жойлашган Халқаро Инқироз Гуруҳининг 2015 йил бошида эълон қилган ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилмоқда.

"Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Радикаллашиш ва Сиёсий Зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг расмий маълумотлари бўйича, "Исломий Давлат" сафида камида 500 нафар ўзбек жангариси бор.

Бироқ интернет орқали ўзларини "Исломий давлат" сафида эканини айтиб, жиҳодга даъват қилган ўзбек тилидаги баъзи видео лавҳаларда жангарилар Сурияда минглаб марказий осиёликлар борлигини айтганлар.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу хабарларга расман муносабат билдирмаган бўлсада, давлат матбуоти ва телевидениеси орқали экстремистик гуруҳларга қарши тарғиботни кучайтиргани кузатилган.

Таҳлилчилар марказий осиёликларнинг жиҳодий гуруҳларга қўшилишининг асосий сабаби сифатида ишсизлик, қашшоқлик ва диндорларга нисбатан таъқибларнинг ҳаддан ташқари кучайганини келтиришади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ