Минтақадаги ягона исломий партия фаолиятини тўхтатди

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси мамлакат ичкариси ва ташқарисида фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.

Бу ҳақда Тожикистон Ислом Уйғониш ҳизби раиси Муҳиддин Кабирий эълон қилган.

Россияда жойлашган Марказий Осиё Телевидениеси - CATV билан суҳбатда жаноб Кабирий Тожикистон ҳукумати ўзи ва исломий фирқага илгари сураётган барча айбловларни рад этган.

Тожикистон прокуратураси собиқ мудофаа вазири Абдуҳалим Назарзода раҳбарлик қилгани хабар этилган қонли зўравонликларни Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий билан боғлаган, Кабирий ва Назарзодани жиноятчи гуруҳлар тузишда айблаган.

Тожик прокуратураси Ислом Уйғониш партиясини террорчи ва экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритишни режалагани ҳақида эълон қилди.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Муҳиддин Кабирийни Интерпол халқаро полицияси қидирувига бериш учун ҳужжатлар тайёрланаётганини маълум қилган.

CATV билан суҳбатда Ислом Уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий 4 сентябрдаги қуролли исёнга умуман алоқаси йўқлигини айтган.

Жаноб Кабирий айтишича, ушбу айбловлар исломий фирқага қарши режаланган ҳукумат фитнасидир.

"Расмийлар ушбу ҳодисадан Ислом Уйғониш партиясини, айниқса, раҳбариятини ниҳоят яксон қилиш, уларни экстремизм ва терроризмни дастаклаётганликда айблаш учун фойдаландилар", деб айтган жаноб Кабирий.

Охирги кунларда Тожик расмийлари Ислом Уйғониш партиясининг ўнлаб аъзоларини ҳибсга олганлар.

Фирқанинг 13 аъзоси, хусусан, уч раисдоши Саидумар Ҳусайний, Воҳидхон Қосиддинов ва Маҳмадали Ҳайитга генерал Назарзода зўравонликларига алоқадорлик, терроризм, уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва экстремистик ғояларни тарқатиш каби айбловлар илгари сурилиши режалаштирилаётгани маълум бўлди.

Муҳиддин Кабирий партияси аъзолари ва дастакловчиларини ҳис-ҳаяжон ва провокацияларга берилмасликка, хотиржамликни сақлашга чақирган.

"Инсонлар ҳаёти ва эркинлигига хавф солаётган ҳозирги вазият ўзгармагунча" исломий партия ўз фаолиятини Тожикистон ичкариси ва ташқарисида тўхтатишини эълон қилган жаноб Кабирий.

Кузатувчилар охирги йилларда Ислом Уйғониш партияси аъзоларига Тожикистон ҳукумати ўтказаётган босимлар охир-оқибат партия фаолиятини тўхтатишга қаратилганини башорат қилиб келмоқда эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ