Қозоғистон: "Қурбонлик моли олдида селфи тушманг!"

Қурбон ҳайитида мусулмон оламида мол сўйилади Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Қозоғистон бош муфтийси Ержан ҳожи Малғажули мусулмонлардан қурбонликка сўйиладиган мол олдида селфи тушмасликни сўради. Муфтий қурбонлик мақтаниш учун эмас, Аллоҳ учун сўйилишини билдирган.

"Қилаётган савоб амали фахрланиш учун бўлмаслиги керак. Расмга олиб одамларга кўрсатгани мақтанишдек бўлиб қолади. Бировга садақа берганингизни ўнг қўлингиз билиб чап қўлингиз билмаслиги керак", - дея бош муфтий Ержан ҳожи Малғажулидан иқтибос келтирган КТК канали.

Қозоғистонда Қурбон ҳайити 24 сентябрдан бошлаб уч кун байрам қилинади. 24 сентябр куни Қозоғистонда дам олиш дея эълон қилинган.

Қурбонлик қилиш тадбирларини Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси ўз ташаббусига олишга ҳаракат қилиб келади. Одамларга енгиллик туғдириш мақсадида пойтахт Остона ва Олма ота шаҳарларида қурбонлик молини сўядиган 29 та қушхона ташкил қилинган.

Муфтиятнинг хабар беришича, у ердаги қассоблар махсус тренингдан ўтказилган ва молни ҳалоллаб сўйиш йўллари ўргатилган.

Қурбонлик сўйишни истовчи одамлар диний идора томонидан ташкил қилинган гуруҳларга қўшилган ҳолда пулини беришади. Муфтият молни олиб махсус қушхонага олиб боради. Буюртмачи Исломда кўрсатилганидек мол сўйилаётган вақти унинг бошида туради. Кейин истаса гўштнинг ҳаммасини ёки 2/3 қисмини олиб кетади. Қолган гўштни муфтият муҳтож оилалар ва уни олишга ҳақли бўлган одамлар ўртасида тарқатади.

Диний идора Қурбон ҳайити арафасида чорванинг баҳоси ошиб кетишини олдини олиш учун тадбиркорлар билан нархини олдиндан келишиб қўйган.

Қозоғистонда танга қадрсизланиб турган бир вақтда диний идора томонидан қурбонлик учун сўйиладиган қўйнинг баҳоси 30 минг тангадан (112 доллар) ошмайди, демоқда муфтият.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio