Тожикистон Ислом Уйғониш партияси 'террорчи ташкилот' деб эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption ТИУП Марказий Осиёда расман фаолият қилган ягона Исломий партия эди

Тожикистон Олий маҳкамаси Бош прокуратуранинг Ислом Уйғониш партияси фаолиятини тақиқлаш ва уни террорчи гуруҳ сифатида қайд этиш сўровини қондирган.

Маҳкама қарорига биноан партиянинг расмий вебсаҳифаси, "Нажот" газетаси ҳамда айни партияга тегишли бўлган учта журнални чиқариш ҳам тўхтатилади.

Шунингдек, маҳкама Тожикистон ҳудудида Ислом Уйғониш партиясининг аудио ва видео маҳсулотлари, китоблари ва варақаларини тарқатишни ҳам тақиқланган.

Бунга қўшимча, Тожикистон Ислом Уйғониш партиясига алоқадор ҳар қандай материалларни мамлакатга олиб кириш ҳам ман қилинган.

Душанбедан журналист Мардон Муҳаммадга кўра, маҳкама ўз қарорини ТИУП (Тожикистон Ислом Уйғониш партияси) раҳбарлари ва аъзолари ноқонуний ҳаракатлар ҳамда ҳукуматга қарши террорчилик амалларига бош қўшгани билан изоҳлаган.

"2010 йил Раштдаги, 2012 йил Бадахшондаги ва яқинда Мудофаа вазири собиқ муовини Абдуҳалим Назарзода билан боғлиқ амалиётлар бу ўринда мисол сифатида келтирилган" - дейди Мардон Муҳаммад.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий Тожикистонни тарк этган

Маълумки, 4 сентябр куни Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларидаги милиция постларига қарши қуролли ҳужумлар уюштирилган ва бунда Генерал Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги гуруҳ айбланганди.

Бир неча кунлик ҳарбий амалиётлар натижасида Ромит дарасида яширингани айтилган Абдуҳалим Назарзода ва унинг тарафдорлари йўқ қилингани хабар қилинди.

Ҳозирда партиянинг 13 етакчи аъзоси Назарзода билан биргаликда Тожикистон ҳукуматига қарши исёнга ҳозирлик кўришда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Улар устидан маҳкама бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Марказий Осиёдаги ягона Исломий партия

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёда расман фаолият юритган ягона Исломий партия эди.

1991 йилги президентлик сайловларидан аввал расман қайддан ўтказилган партия Тожикистон сиёсий саҳнасида ҳам муҳим ўрин тутиб келаётганди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси дастлаб мамлакатда ҳамма ноисломий амаллар тақиқланиши, чўчқа гўшти истеъмоли ва алкогол ичимликлар савдосини тўхтатиш, кўпроқ масжидлар очиб, дам олиш кунини якшанбадан жумага ўтказиш каби талабларни илгари сурганди.

1992 йили мухолифат ва Тожикистон ҳукумати ўртасида Миллий Ярашув Битимига эришилган бўлса ҳам бу битим самарасиз бермай, фуқаролар уруши келиб чиқишига олиб келганди.

Аммо беш йиллик урушдан кейин 1997 йили Москвада икки томон ўртасида ярашув битими имзоланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Март ойида ўтказилган парламент сайловларида партия ўрин ола олмаган

Ушбу битимга мувофиқ, Тожикистон ҳукуматида мухолифатга 30% ўрин берилганди.

Жорий йил мартида бўлиб ўтган парламент сайловларида эса, ТИУП ўрин олишга муваффақ бўлмади.

Ғарблик ва мухолифат кузатувчилари сайловни демократия андазаларига мос ўтмаган, деб айтишганди.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий сайловлардан сўнг мамлакатни тарк этган ва хавфсизлигига таҳдид бўлаётганини айтиб, ҳамон Тожикистонга қайтиб келмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ