Қозоғистон: Журналистни калтаклаш ҳодисаси текширилмоқда

Бўтагўз Жуманова танқидий чиқишлари билан танилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Бўтагўз Жуманова танқидий чиқишлари билан танилган

Олма оталик журналист ва блоггер Бўтагўз Жуманова ҳужумга учраганидан сўнг шифохонада қолаётгани айтилмоқда. Полиция дўппослаш тасвирлари акс этган видеони материални ўрганаётганини билдирган.

Ўзининг танқидий чиқишлари билан танилган журналист ва блоггер Бўтагўз Жуманова 8 октябр куни ўз уйига кираверишда калтакланган.

Маҳаллий нашрларда чиққан видео тасвирлардан аён бўлишича, 34 ёшли журналист подъед олдида эшик очилишини кутиб турган маҳал ортидан ёшроқ йигит ҳам келади.

Бир оз вақтдан сўнг йигит бор кучи билан қизгинанинг юзига мушт туширади. Ерга қулаган журналистни аямасдан тепкилайди ва қочиб кетади.

Олма ота полиция ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари бошланганини ва дўппослаш акс этган видео ўрганилаётганини айтган. "Безорилик" банди бўйича маҳкамагача тергов ишлари бошланганлиги билдирилган. Журналистни дўппослаган шахс қидирувга берилган.

Блоггер айни вақтда мия чайқалиши ташхиси билан шифохонада қолмоқда. Журналистнинг ҳамкасби ва дугонаси Лариса Пак журналистларга унинг бурни ва бошида бошқа аъзолари ҳам синганини айтган.

Facebookда фикр қолдирган Бўтагўзнинг яқинлари вақти вақти билан ҳушини йўқотаётганини ёзишган. Журналистнинг аҳволи қисман оғир эканлиги айтилмоқда.

Танқидчи журналист

Журналистнинг яқинлари ушбу ҳужум Бўтагўзнинг журналист фаолияти билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидламоқда.

Маҳаллий кузатувчилар Бўтагўз Жуманова мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни ёзиш билан танилганини айтишади. Унинг мақолаларида бюджет маблағи ўғирланиши мумкин бўладиган йирик давлат лойиҳаларини танқид қилиш мавзулари ўрин олган.

Дўстларидан бирининг маълум қилишича, сўнгги вақтларда у давлат ва хусусий ширкатлар ўртасидаги ҳамкорликда коррупция ҳолатини ўрганаётган бўлган.

Журналистнинг фаолиятига бундан олдин ҳам турли таҳдидлар бўлгани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio