"Беш ойлик Умарали ўлими сабабларини аниқланг"

Умаралини онасидан ажратишганидан сўнг қайтиб беришмади Фото муаллифлик ҳуқуқи lifenews78
Image caption Умаралини онасидан ажратишганидан сўнг қайтиб беришмади

Тожикистон расмийлари Санкт-Петербургда фожиали тарзда нобуд бўлган беш ойлик Умарали Назаров ўлими сабабларини текширишни назорат остига олган. Тожикистонликлар полиция олганидан сўнг ўлган болакай ишида адолат тикланишини талаб қилиб намойиш ўтказган.

Айни пайтда Россия президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқи бўйича ваколатдор Павел Астахов ўз мамлакати бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига тожикистонлик бола ўлимини қатъий текширишни сўраб, ёзма мурожаат қилган.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси маълумотларига кўра, Санкт-Петербург туманларидан биридаги федерал муҳожирлик хизмати ходимлари икки нафар Тожикистон фуқаросини муҳожирлик қонунини бузишда айблаб ушлаган. Далер Назаров ва Зарина Юнусова исмли икки фуқаро ҳамда Заринанинг ёш боласи маҳаллий полиция бўлимига олиб борилган.

Полиция бўлимида онадан ёш боласини тортиб олишган. Заринанинг айтишича, унинг болани бувисига топширинглар, деган илтимосига полициячилар қулоқ солмаган.

Беш соатдан кейин Тожикистон фуқароларини Россия ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор чиқарилган. Шундан сўнг она ўз боласини олиш учун полиция бўлимига келган. Лекин унга боласини кўрсатишмаган ва қаерда эканлигини айтишмаган. Эртаси куни тожикистонлик аёлга ёш боласининг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар беришган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, полиция болани Санкт-Петербургдаги ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган тиббий ва ижтимоий жиҳатдан ўзига келтириш марказига олиб келишган. Беш ойлик бола Умарали Назаровнинг ўлимига унинг беморлиги сабаб бўлганлиги айтилмоқда. Лекин Зарина Юнусова боласининг соппа-соғ бўлганлигини айтган.

Россия дипломатлари жавоби

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси Умарали Назаров ўлими муносабати билан йўллаган нотага Россия Ички ишлар вазирлиги дипломатик ваколатлиги жавоб йўллаган.

Мазкур жавобда Тожикистон элчихонасининг мурожаати ўта жиддий тарзда қабул қилингани айтилади. Марҳум Умарали Назаровнинг ота-онаси ва бу фожиа туфайли қайғураётган барча кишиларга таъзия билдирилади. Ваколатликнинг билдиришича ўлим ҳолатларини аниқлаш учун Россия Ички ишлар вазирлиги, Федерал муҳожирлик хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош прокуратурасига тегишли сўровлар йўлланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса фожиали можарога боғлиқ барча текширув ишлари борасида жамоатчиликка зарур маълумотлар бериб борилишини таъкидлаган.

Беш ойлик Умарали Назаровнинг тўсатдан ўлим топгани муносабати билан тожикистонликлар Санкт-Петербургда пикет ўтказишган.

Тожикистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги олдида ўтказилган мазкур пикетда юзга яқин киши қатнашган.

Ҳозирда Умарали Назаровнинг қариндошлари ва Зарина Юнусова оиласининг дўстлари Санкт-Петербургда яна бир пикет ўтказишга тайёрланишаётганини айтишган.

Бир йилда 870 тага яқин тобут

Кузатувчиларнинг айтишича, тожик расмийларининг ўз фуқароси ўлимини аниқлаш ва айбдорларни топиб жазолаш чақириқлари таҳсинга лойиқ.

«Ўтган йили Тожикистонга Россиядан 870 тага яқин тобут келди. Жорий йилнинг биринчи ярмида Россияда 430 нафардан ортиқ тожикистонлик жон таслим қилди. Албатта, бу ўлимларнинг сабаби битта эмас. Лекин полиция зўравонлиги, тақирбош миллатчилар ҳужуми, иш берувчи томонидан зарур меҳнат шароитлари яратилмагани боис юз бераётган ўлимлар ҳам оз эмас. Лекин бу ўлимлар сабаби кўпинча аниқланмасдан ва айбдорлар тегишли жазога тортилмасдан қолади», дейди кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллион икки юз минг нафардан ортган. Гарчи кейинги йилларда Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли меҳнат ҳақи камайган бўлса-да, Тожикистондан тирикчилик важида олис юртга кетаётганлар сони камайган эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ