Чегарада икки тожикистонлик ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбек-тожик чегарасида икки нафар тожикистонлик минада портлаб ҳалок бўлган. Фожиа чегара яқинидаги Жумон довонида юз берган. Мазкур довон Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятига қарашли Ургут ва Тожикистоннинг Суғд вилоятига қарашли Панжакент туманлари туташган ерда жойлашган.

Тожикистон Республикаси Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг билдиришича, тожикистонлик фуқаролар чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтмоқчи бўлишган.

Лекин ҳозиргача марҳумларнинг шахси аниқланмаган ва жасадлар портлаш жойидан олиб чиқилмаган. Расмийларнинг айтишича, бунга мураккаб об-ҳаво шароити ва фожиа юз берган жойнинг нақлиёт бориш учун ноқулайлиги сабаб бўлмоқда.

Айни бир пайтда Муҳаммад Улуғхўжаев айрим матбуот воситаларида ўзбек чегарачиларининг Тожикистон фуқароларига қарата ўқ узишгани борасидаги хабарларни рад этган. Унга кўра, ўзбек чегарачилари узган ўкдан икки нафар тожикистонлик ҳалок бўлгани ва уч нафар инсон яраланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз.

Ўзбек-тожик чегарасидаги миналар бундан чорак аср муқаддам ўрнатилган эди. Ўзбек расмийлари буни Ўзбекистонга қуролли террорчи гуруҳлар сингиб кириши ва гиёҳванд моддалар ўтказишнинг олдини олиш учун қўлланган чора эканлигини айтишган.

Икки қўшни мамлакат орасидаги чегара миналаштирилганидан кейин 100 га яқин тожикистонлик минада портлаб ҳалок бўлган. Яна 100 нафар Тожикистон фуқароси мина портлаши натижасида яраланган.

Лекин кейинги йилларда халқаро ташкилотлар иштирокида мина хатари ҳақида огоҳлантиришлар натижасида тожикистонликлар чегарага яқин бормай кўйишганди. Олдинлари эса ўтин териш, иморат учун тош олиб келиш, мол боқиш, йўқолган мол-қўйларни қидириш каби сабаблар билан одамлар чегара томон боришарди.

Жорий йилда Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида бир қадар илиқлаши кузатилар экан, оддий одамлар икки мамлакат ўртасида виза тартибининг бекор қилиниши, чегара миналардан бутунлай тозаланишига умид қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ