Туркманистоннинг шундоқ биқинида шиддатли жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра, қарийб бир ҳафтадирки, Фарёб вилоятининг Туркманистонга бевосита чегарадош Ғўрмоч тумани толиблар ва бошқа хорижий жангариларнинг қўлидадир.

Вилоят масъулларига кўра, жангарилар ўтган ҳафта бошида қарши ҳужумга ўтишган, орада кечган вақт давомида ўнлаб ҳукумат аскарларини ўлдиришган ва яна ўнлабини асирга олишган. Асирга олинганлар орасида Ғўрмоч тумани полиция бошқармаси бошлиғининг ҳам борлиги айтилмоқда.

Фарёб вилоят кенгаши раҳбари Ҳожи Абдул Боқийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, жанглар ҳануз тинмаётгани боис, аскарларнинг жасадлари жанг майдонида қолиб кетган ва тутқундагиларининг ҳам тақдири маълум эмас.

Унга кўра, мавжуд вазият сабаб, пойтахт Кобулдан бир неча юқори мартабали генераллар, шимолий Мозори Шариф шаҳридан ўнлаб қўшимча мадад кучлари Фарёб маркази Майманага етиб келишган, аммо Ғўрмочга ўтишга имконсиз бир аҳволдалар.

Сўнгги хабарларга кўра, Фарёбдаги вазиятга марказий афғон ҳукуматининг жиддий эътиборини тортиш учун Афғонистон Қуролли кучларининг вилоят хавфсизлигига масъул қўмондони генерал Шириншоҳ Кўҳбандий ҳам расман истеъфо берган.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан ҳозир бу туманда хорижийлари дохил икки мингга яқин жангарининг борлиги англашилади.

Ғўрмоч – Фарёб вилоятининг жаъми 14 тумани орасида йирикларидан бири саналади ва йилларки, Афғонистондаги турли рақиб гуруҳлар орасидаги асосий жанг жабҳаларидан бири бўлиб келган.

Ғаллакор бу туман яқин-яқингача Афғонистоннинг Фарёбга бевосита чегарадош шимолий-ғарбий Бодғис вилоятига тегишли бўлган.

Аммо айнан ҳарбий таъминот етказиш ишларини осонлаштириш мақсадида Ғўрмоч бундан тўрт йилча бурун ўша пайтда Афғонистонда бошқарувда бўлган президент Ҳомид Карзайнинг қарори билан Фарёб вилояти ихтиёрига ўтказилган.

Фарёб эса, сўнгги йилларда Афғонистоннинг энг беқарор иккита шимолий вилоятидан биттасига айланган.

Шимолий Фарёб

Яқинда вилоятнинг Гўрзивон тумани ҳам тўлиқ толибларнинг назорати остига ўтган ва фақат бир неча кунлик жанглар ортидангина афғон ҳукумат кучлари туманни яна қайтариб олишга муваффақ бўлишганди.

Бундан ташқари, Фарёб вилоятининг Ғўрмочга бевосита чегарадош Қайсор ва Алмор туманлари ҳам Афғонистон шимолидаги Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари дохил бошқа хорижий жангарилар энг фаол бўлган нуқталардан бирига айланган.

Қўшни Туркманистонга бевосита чегарадош бу вилоят хавфсизлиги билан боғлиқ мавжуд вазият эса, бир неча бор Афғонистон парламентида муҳокама қилинган, мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганиш учун афғон ҳукуматининг махсус ҳайъати ҳам Фарёбга юборилган ва яқинда шахсан мамлакат вице-президенти генерал Абдул Рашид Дўстумнинг ўзи ҳам у ердаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилганди.

Аммо толибларнинг, ҳатто, Фарёб маркази Майманага жиддий таҳдид солган ҳужумлари дохил икки туманини босиб олишга муваффақ бўлишлари генерал Дўстум бошчилигидаги ана шу ҳарбий амалиётлардан бор-йўғи икки ойча ўтиб кузатилмоқда.

Генерал Абдулрашид Дўстум ўшанда ўзларига қарши урушаётганларнинг аксарияти “Исломий Давлат” жангарилари экани, уларнинг орасида чечен, уйғур ва ўзбекистонликлар ҳам борлигини айтганди.

Жангариларнинг бу каби кетма-кет ҳужумлари манзарасида шу ҳафта душанба куни вице-президент жанобларининг яна Афғонистон шимолига жўнаб кетгани ва у ердаги вазиятни яқиндан назорат қилиш истагида эканига оид хабарлар бор.

Фарёб ва жангарилар

Фарёблик масъулларнинг ўз сўзларига кўра, жорий пайтда вилоятда фаол бўлган толибларнинг сони тўрт мингга етган ва яна беш юз нафар хорижий жангари ҳам улар билан бир сафда жанг қилишмоқда.

Жумладан, Фарёб вилоят кенгаши раҳбари Ҳожи Абдул Боқий жанобларининг айтишича, бу каби катта сондаги жангарилар Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги бирор бир вилоятда учрамайди.

Маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, шимолий Фарёб вилояти бир неча ҳафтадан буён жангларга саҳна бўлиб келаётган шимолий-шарқий Қундуз вилояти каби жангарилар учун гео-сиёсий жиҳатдан ўта муҳим аҳамият касб этади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу икки вилоят назоратининг ўз қўлларига ўтиши толиблар дохил улар билан бир сафда жанг қилаётган бошқа хорижий жангариларга Афғонистон шимоли-шарқи дарвозаларини очади.

Ўтган ой охирида Афғонистондаги толибонпараст “Исломий Жиҳод Иттифоқи” ўзбек жиҳодий гуруҳи ҳам баёнот билан чиқиб, Афғонистоннинг “Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари”ни иддао қилганди.

“Маҳаллий халқ орасида кўплаб “тарафдорлари ва мухлислари бор”лиги, “Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани”ни айтганди.

Бунинг ортидан эса, шимолий-шарқий Қундуз вилоятини буткул забт этгач, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти ва унинг маркази Мозори Шариф шаҳарига ҳужум қилиш режасида эканликларини ҳам иддао қилиб чиққанди.

Минтақадаги хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Фарёбдаги сўнгги вазият унга бевосита чегарадош Туркманистон қолиб, Ўзбекистоннинг ҳам жиддий эътиборидан четда қолмаган ва куни-кеча бу икки давлат раҳбарлари Тошкентда минтақавий хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олишганди.

Афғонистондан келаётган таҳдид МДҲ давлатлари раҳбарларининг шу йил 16 октябр куни Қозоғистонда бўлиб ўтган саммити чоғида ҳам кун тартибидаги асосий мавзулардан бирига айланган.

Иштирокчи давлатлар бу хавфни биргаликда бартараф этишга келишиб олишган, халқаро террорчиликка қарши курашга оид баёнот қабул қилишган ва ўзаро ҳарбий ҳамкорлик борасида ҳам ҳужжат имзолашганди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жорий пайтда Афғонистон шимолидаги хорижий жангариларнинг сони 2.000 дан ортади.

Афғонистонни катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари тарк этиб бўлган бир йилда эса, ноодатий тарзда, зўравонликларнинг айнан мамлакат шимоли-шарқида кучайгани кузатилади.

Бундан аввал катта сондаги хорижий жангарилар толиблар билан бир сафда шимолий-шарқий Қундуз вилояти маркази, Бадахшон вилоятининг Юмгон туманини босиб олишган ва маълум муддат ўз назоратлари остида тутиб туришга муваффақ бўлишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи f

Бундан ташқари, шимолий Фарёб, Сарипул, Жаузжон, Тахор, Балх ва Бағлон вилоятларида ҳам беқарорликларнинг кучайгани кузатилади.

Аксарият минтақа давлатлари, ҳатто, Россия ҳам Афғонистондаги вазиятнинг худди Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотирда.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра эса, “Исломий Давлат”нинг фаоллашуви Афғонистонда вазиятни янада чигаллаштирган.

Афғонистон Толибон ҳаракати ва “Исломий Давлат” гуруҳи ўртасидаги алоқалар эса, ҳозирча, ноаён: Афғонистон шимолида улар иттифоқчидек кўринишса, мамлакат шарқида бир-бирларига қарши аёвсиз жанг олиб боришаётгани кузатилади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мавжуд вазият Афғонистоннинг шундоқ ҳам қатор сиёсий инқирозларни бошидан кечирган янги ҳукуматини қийин аҳволда қолдиради.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракатининг мамлакат шимоли-шарқидаги сўнгги ютуқлари Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурнинг янги лидер этиб тайинланиши ва бу толиблар сафларида жиддий парокандаликка сабаб бўлганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Ҳаракатнинг илк ва узоқ йиллик раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг июл ойида бундан икки йил бурун қазо қилгани маълум бўлган, аммо унинг қандай шароитда ҳаётдан кўз юмгани очиқланмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ