Япония минтақада Хитойдан ортда қолишни истамайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сўнгги йилларда Япония Марказий Осиёдан энергетика ресурслари таъминотини қўлга киритишга қизиқиш билдириб келганига қарамасдан, минтақада етарли даражада фаол бўлолгани йўқ. Аммо яқиндан бошлаб кузатилаётган ўзгаришлар икки томон учун ҳам янада кўпроқ имкониятларни очаётгандек. Хитой билан кўп ҳам кучли рақобатга киришмасдан туриб Япония минтақада оёғини мустаҳкам қўйиб олишни ва илғор технологияларга асосланган янги лойиҳалар бўйича қўша корхоналар барпо этишни истайди.

АҚШ Энергетика департаменти ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилга бориб Хитойнинг нефтга бўлган эҳтиёжи кунига 13 миллион баррелни ташкил этади. Табиий газга бўлган эҳтиёжи эса йилига 100 миллиард кубометрга етади деб кўрилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари эса ошиб бораётган ушбу эҳтиёжларни қондириши учун эса янги конларни қидириб топиш, ўзлаштириш ҳамда истеъмолчига етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириши талаб қилинади, бундай илғор технология эса Японияда бор. Қозоғистондаги Қашаған ва Туркманистондаги Қалқиниш конларидан фойдаланиш яқинда йўлга қўйилди, Япония ушбу икки йирик нефт таъминотчиси бўлган мамлакат билан қўшма корхоналардан манфаат кўришга қизиқмоқда. Бу эса Эрон энергетика захиралари хорижликларга очилаётган бир вақтга тўғри келмоқда. Каспий денгизи бўйича якуний келишувга денгизга туташ мамлакатлар - Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон ва Россия ўртасида 2016 йилда эришилади деб кутилмоқда.

Шунингдек, Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги TAPI газ қувури лойиҳаси бўйича илгари силжишга эришилиши ҳам мумкин. Шу боис яқин орада бошқаларга имкониятлар эшиги очилиши мумкин ва бундай вазиятда Япония имкониятни қўлдан бой бермаслиги лозимлигини яхши тушунади. Келажакда Марказий Осиёдаги ширкатлар Россия ёки Хитойдаги шериклари ихтиёрида бўлмаган янада илғор технологияларга муҳтож бўлишлари мумкин. Ўз технологиялари турғунлигига йўл қўйиб беролмасликларини яхши англайдиган Туркманистон ва Қозоғистон ҳам Япониянинг ушбу лойиҳаларга қўшилишидан қандай манфаат кўришлари мумкинлиги ҳақида ўйламоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу пайтгача орадаги масофа узоқлиги, нарх-наволар қимматлиги ва Марказий Осиё давлатларидаги бизнес муҳити аксар Япон сармоядорларининг қўлини "боғлаб" келган омиллар бўлган. Япониянинг катта ердан узилган "орол мамлакат" эканлиги Марказий Осиёга сармоя ётқизишда ҳам сустликка етаклаган, бу эса Хитойга янада кўп имкониятлар яратган. Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсири Пекин юзага келган ҳар бир сармоя имкониятини ишга солгани ва кўплаб соҳаларда қўша корхоналар барпо этишга эришганини намойиш этади.

Бундан кейин ҳам Марказий Осиё давлатлари ўзларига бўлган катта қизиқиш, диққат-эътибор, қисқа ва ўрта муддатга мўлжалланган сармоялар истиқболидан манфаат кўраверадилар. Тошкентдаги бир Япон дипломатига кўра, япониялик тадбиркорлар Марказий Осиёда 17 миллиард долларга тенг шериклик битимларини қўлга киритишни мақсад қилганлар. Бу лойиҳалар ёқилғи хомашёсини қайта ишлаш, хусусан, кимёвий, пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Япониядаги Daily Nikkei ёзишича, йирик Япон ширкатлари Марказий Осиёдаги қатор ўта муҳим лойиҳаларга бош қўшганлар. Жумладан, Sumitomo Investment Corporation Туркманистонда 300 миллион долларлик иссиқлик электр станциясини барпо этиш танловида ютиб чиққан. Toyo engineering Туркманистонда 800 миллион долларлик кимёвий мажмуа барпо этиш лойиҳасида иштирок этади, ушбу лойиҳани 2018 йили якунига етказиш режалаштирилган. Kawasaki Heavy Industries ширкати эса "TurkmenChemya"дан газдан газолин олиш заводини қуриб фойдаланишга топшириш буюртмасини олган, бу лойиҳани ҳам 2018 йили тугатиш мўлжалланган. Токиода нашр қилинадиган Diplomat Magazineга кўра, Япониянинг беш ширкати Қалқиниш газ конида газни тозалаш заводини қуриш бўйича шартномани якунига етказишни режаламоқда. 8,3 миллиард долларга баҳоланган бу лойиҳани қисман Япония банклари молияламоқда. Mitsubishi Heavy Industries Ўзбекистонда табиий газдан ўғит ишлаб чиқариш заводини барпо этиш келишувларини имзолаган. Toshiba Corporation эса Қозоғистонга ядровий қувват технологияларини экспорт қилишни мўлжалламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Нефт нархларини тушиб кетгани Марказий Осиё давлатларини кўпроқ сармояларни жалб этишга ундаган бир пайтда Япония ваъда қилаётган ҳамкорлик жозибали туюлмоқда. Япония минтақадаги Хитой ёки Россия таъсирига қарши боришни истамайди. Лекин ўзини минтақа муҳтожлик сезаётган техник кўмак йўналишида хуш қаршиланадиган қўшимча шерик сифатида кўрилишини яхши билади. Япониянинг Марказий Осиё мамлакатларига таклиф қиладиган технологиялари ҳамон кўп. Келаётган йилларда минтақага Хитой сармояси янада кўпайиши кутилар экан, Япония ҳам заводлар муҳандислиги ва саноат йўналишида ўз ўрнини топа олади. Айниқса, минтақа давлатлари ўз газ ва нефтини экспорт қилиш йўналишларини турфалаштиришни кўзлаб турган бир пайтда бу ишлар қийин кечмайди. Бу давлатларда Япония энергетика учун технология дипломатиясини йўлга қўйишга интилади. Марказий Осиёда Японияга жозибали сармоядор сифатида қарашади. Ўз томонидан эса Япония Марказий Осиёдан Жанубий Осиё мамлакатларига коммуникация, тижорат, энергетикани етказишни янада яхшилайдиган инфраструктуравий лойиҳаларда иштирок этишни истайди. Япония ўзининг ушбу ёндашувини "очиқ минтақавий ҳамкорлик"ни янада рағбатлантирадиган "Тинчлик ва барқарорлик йўлаги" деб таърифлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ