Назарбоев Франциядан ҳам 5 миллиард долларлик сармоя ундирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Назарбоев Франсадан ҳам 5 миллиард долларлик сармоя ундирди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Францияга сафари давомида йирик ширкатлар билан 5 миллиард АҚШ долларига тенг сармояларга доир келишувлар имзоланган.

Назарбоев Франсанинг йирик ширкатлари, жумладан Total, Airbus ва Areva раҳбарлари билан учрашган.

Ҳафта бошларида эса Қозоғистон раҳбари Лондонда бўлиб, Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашган эди.

Британияга сафари давомида ҳам Назарбоев 5 миллиард долларга тенг сармоя ундиришга муваффақ бўлганди.

Барча сармояларнинг асосини нефт ва энергетика соҳаси ташкил қилиши айтилади.

Дунё бўйлаб нефт нархлари пастлаб борар экан, Қозоғистон “қора олтин”га асосланган иқтисодини ранг-баранглаштириш ниятида ҳаракат қилмоқда.

Дунё ва Россиядаги иқтисодий муаммолар Марказий Осиёдаги иқтисоди бўйича энг илғор мамлакат бўлмиш Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмади.

Қозоғистон раҳбарияти мамлакат иқтисодига бевосита сармоялар қидиришга тушди.

Нуфузли Financial Times нашрининг ёзишича, Қозоғистон мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган даражада йирик приватизация ( хусусийлаштириш) режасини ошкор этмоқда.

Бунда мамлакат иқтисодининг наҳанглари саналган соҳалар билан бирга қатор ўрта ва кичик давлатга қарашли ширкатлар ҳам кимошди савдосига қўйилиб, хорижий сармоядорлар эътиборига ҳавола этилади.

Аммо бу каби “гиперактивлик” доим ҳам яхши натижалар бермаслиги мумкин.

Ана шундай йирик режалар қаторида 20 миллиард долларга тенг “Нурли Йўл” лойиҳаси бор.

Унда мамлакатдаги авто, темир ва ҳаво йўлларини замонавийлаштириш, Хитойдан тортиб Россия, Эрон ва Оврўпони боғлайдиган интратузилмаларни барпо этиш кўзда тутилади.

Financial Times газетасига кўра, бу каби “оламшумул” ғояларнинг бари Қозоғистон ҳукуматининг “тепасидан” келмоқда.

Назарбоев жаноблари иқтисодий, ижтимоий ва бошқа қатор соҳаларда бир неча лойиҳаларни бошлаб берган, мулозимларга кўра, уларнинг аксарияти келаси беш йил ичида якунланиши керак.

Аммо кузатувчилар орасида айни режаларга шубҳа билан қараётганлар ҳам талайгина.

Нашрнинг ёзишича, Қозоғистоннинг ҳали тўла шаклланмаган ҳокимият институтлари бу бири бирига боғланган йирик лойиҳаларни уддалай олмаслиги мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ