Россия: 'Исломий Давлат' минтақага таҳдид'

Бундай огоҳлик билан бу гал Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбари муовини ва миллий аксилтеррор қўмитаси бошлиғи Евгений Сисоев чиққан.

Россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимига кўра, Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистон шимолида ўз вилоятларини ташкил қилиш режаси Марказий Осиё, Эрон ва Хитойга таҳдид солмай қўймайди".

Жаноб Сисоевнинг таъкидлашича, бошқа террорчи гуруҳлар қаторида "шу йил йил январ ойида Хуросон амирлигини барпо этажагини эълон қилган "Исломий Давлат" ҳам Афғонистонда ўз мавқеъларини мустаҳкамламоқда".

"ИШИДнинг ушбу режасига мувофиқ, Афғонистон исломий квазидавлатнинг янги вилоятини ташкил этишда бошланғич майдонча вазифасини ўташи лозим. Унинг таркибига эса, Афғонистондан ташқари, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Хитойнинг шимолий-ғарбий вилоятларини қўшиб олиш режаланган", - деб айтган жаноб Сисоев.

Унинг бу сўзлари Марказий ва Шарқий Оврўпо, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари прокурорлари халқаро уюшмасининг Сочида бўлиб ўтган 7-минтақавий анжумани чоғида янграган.

Россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимининг наздида, "Туркманистон исломий партияси" каби Афғонистонда фаолият юритаётган бошқа террорчи гуруҳларнинг ҳам "Исломий Давлат" сафларига ўтиши мавжуд таҳдидга асос солган яна бир омилга айланган.

Евгений Сисоевга кўра, бу каби ҳолат Сурия, Ироқ ва Афғонистонга интилганлари дохил Марказий Осиё фуқаролари орасида ҳам террорчилар тарафдорлари сонининг ортишига хизмат қилиши мумкин.

Россия миллий аксилтеррор қўмитасининг раҳбари, ўз ўрнида, Афғонистон Толибон ҳаракатининг жорий пайтда қанчалик фаоллашиб бораётганига ҳам диққат қаратган.

Ҳаракат Афғонистоннинг жануби, жануби-шарқи, шимоли ва марказидаги стратегик жиҳатдан муҳим туманларда ўз мавқеини мустаҳкамлаб олаётганини айтган.

Сисоев келтириб ўтган маълумотларга таянилса, "толибларнинг сони жорий пайтда 45-50 мингга етади. Уларнинг жанговарлик, қуролланганлик даражаси ва интизоми янада яхшиланган. Бу эса, толибларнинг афғон хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларини фаоллаштиришларига имкон берган".

Россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозими, худди шу манзарада, Афғонистоннинг, айниқса, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош шимолий вилоятларида мураккаб вазият юзага келаётганини айтаркан, афғон-туркман чегарасидаги ҳолатга алоҳида диққат қилган.

Евгений Сисоевнинг баён қилишича, Афғонистон шимолида кучайиб бораётган жангарилик фаолиятининг олдини олиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ҳозирча, жиддийроқ бир самара бермаган.

Жангариларнинг экстремистик фаолиятлари эса, Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош жанубий ва шарқий вилоятларидан мамлакат шимолига кўчишда давом этмоқда.

Бу - Россия томонининг сўнгги йилларда аксарияти Марказий Осиё давлатларига туташ Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида вужудга келаётган вазиятдан илк бор хавотир изҳор этиши эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Яқинда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу хусусда махсус баёнот билан чиққан ва афғон ҳукуматини ушбу минтақа хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишга ундаган, лозим бўлса, ўзлари ҳам ёрдам беришга тайёр эканликларини айтганди.

Россия Президенти Владимир Путин эса, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан сўнгги учрашувлари чоғида Афғонистондан келаётган "Исломий Давлат" таҳдидига алоҳида тўхталиб ўтган, Афғонистоннинг иккинчи Ироққа айланиши эҳтимолидан ошкора хавотирларини изҳор этганди.

Президент Башар ал-Ассаднинг яқинда Москвага қилган кутилмаган сафари чоғида эса, айнан Яқин Шарқда жанг қилаётган собиқ Шўро давлатлари фуқаролари сабаб ҳам, Суриядаги ҳаво ҳужумларига бош қўшишга қарор қилганликларини айтганди.

Агар, Россия Федерал Хавфсизлик Бюроси раҳбари муовини Сочида келтириб ўтган маълумотларга таянилса, жорий пайтда "Исломий Давлат" сафларида россияликлар дохил МДҲ давлатларидан жаъми етти мингга яқин инсон жанг қилади.

Худди шу ўринда Евгений Сисоевнинг қўшимча қилишича, биргина шу йилнинг ўзида Доғистон, Ингушетия ва Кабардин-Болқорда Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳига байъат келтирган етти жангари гуруҳ йўқ қилинган.

Шу йил июн ойида МДҲ давлатлари аксилтеррор марказининг раҳбари Андрей Новиков "Исломий Давлат" сафларига қўшилган россияликлар ўзларининг сони беш минг нафар эканини айтганди.

Ўтган йилги маълумотлар эса, уларнинг сони 800 дан 1500 тагача бўлиши мумкинлигига далолат қилганди.

Россия "Исломий Давлат"ни ўтган йили террорчи ташкилот, деб эълон қилган ва ўз ҳудудини фаолият юритишини расман тақиқлаган.

Сентябр ойи охирида Сурияда бошлаган ҳаво ҳужумлари ортидан эса, "Исломий Давлат" гуруҳи Россияга қарши жиҳод эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ