Россияда ўлган чақалоқнинг онасига мамлакатни тарк этиш буюрилди

Image caption Умарали Назаров

Санкт-Петербург шаҳар маҳкамаси Болалар марказида жон берган беш ойлик чақалоқ Умарали Назаровнинг онасига нисбатан депортация қарорини ўз кучида қолдирган.

Би-би-сининг шаҳардаги мухбирига кўра, Октябр туман суди аввалроқ Зарина Юнусовага 5 минг рубллик жарима солиб, муҳожирлик қонунини бузгани учун Россияни тарк этишни сўраганди.

Унинг адвокатлари эса, Юнусова хоним ҳозирда ўз ўғлининг ўлими юзасидан жабрланувчи ўлароқ терговда қатнашаётганини айтишиб, мижозларининг мамлакатда қолдириш учун ҳаракат қилишаётганди.

Аммо ҳакам Елена Широкова келтирилган далилларни ишонарли эмас, деб ҳукм чиқарган.

Беш ойлик Умарали Назаровнинг ўлими ҳам Россия ва ҳам Тожикистонда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган эди.

Чақалоқнинг ўлими юзасидан бир неча маданият ходимлари, зиёлилар, журналистлар ва давлат мулозимлари қаторида Кремл сўзчиси Дмитрий Песков ҳам фикр билдирганди.

Песковга кўра, Россия президенти Путин ҳам ҳодисадан хабардор, аммо ҳар бир тергов ишини ўз назорати остига олиши имконсиз.

Ўтган ой Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси Санкт-Петербург туманларидан биридаги федерал муҳожирлик хизмати ходимлари икки нафар Тожикистон фуқаросини муҳожирлик қонунини бузишда айблаб ушлагани ҳақида хабар қилганди.

Ўшанба Далер Назаров ва Зарина Юнусова исмли икки фуқаро ҳамда Заринанинг ёш боласи маҳаллий полиция бўлимига олиб борилган.

Полиция бўлимида онадан ёш боласини тортиб олишган. Заринанинг айтишича, унинг болани бувисига топширинглар, деган илтимосига полициячилар қулоқ солмаган.

Беш соатдан кейин Тожикистон фуқароларини Россия ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор чиқарилган.

Шундан сўнг она ўз боласини олиш учун полиция бўлимига келган. Лекин унга боласини кўрсатишмаган ва қаерда эканлигини айтишмаган.

Эртаси куни тожикистонлик аёлга ёш боласининг вафот этгани ҳақида хабар беришган.

Айни иш бўйича Санкт-Петербург Ички ишлар вазирлиги бўлинмаси аллақачон ўз терговини якунлаган ва полиция ходимлари ҳаракатида жиноят унсурларини топмаган.

Қайтага, Тергов қўмитаси чақалоқдаги яллиғланиш жараёни узоқ давом этгани ва бу учун ота-она масъул кўрилиб, уларга қарши иш очгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ