Тожикистон: Ижтимоий тармоқлар яна нишонга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистон ҳукумати Париж ҳужумлари ортидан ижтимоий тармоқларни яна нишонга олмоқда.

Тез орада ҳукумат исталмаган вебсаҳифалар ва мобил алоқаларни тўсишни қонунийлаштириб ҳам олади.

Қўшни Афғонистондан хавфсизликка таҳдид бўлаётгани ҳақида гапириларкан, Тожикистон ҳукумати бир неча кун олдин террорга оид қонунга парламент томонидан апил-тапил тақдим қилинган ўзгартиришларни маъқуллаб юборди.

Мазкур қонун хавфсизлик хизмати масъулларига зарур кўрилган пайтда интернет ва мобил алоқаларни блоклаш изнини беради.

Бундан олдин Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Париждаги ҳужумларга муносабат билдирган ва ижтимоий тармоқларга чекловлар қўйишга чақирганди.

"Хитойдан ўрнак олинг"

Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Худойберди Холиқназар Facebook, Twitter ва YouTube каби ижтимоий платформалар кириш чекланган ва ё тақиқланган мамлакатларда террорчи гуруҳлар фаол ишлай олмаслигига урғу берди. Мисол сифатида у Хитойни келтирди.

"Дунёдаги террор ҳужумлари ва ҳатто, тарғиботлар, жумладан, террор пропагандаси асосан интернет орқали олиб борилади. Шунинг учун, мен бу тармоқларни чеклаш вақти келди, деб ўйлайман", деганди Худойберди Холиқназар давлат телевизиони орқали чиқишида.

Унинг қўшимча қилишича, "худди шу тармоқлар орқали ёшларни нотўғри йўлга бошловчи, уларни ёлловчи ва ёлғон ваъдалар берувчи" экстремист ва радикал гуруҳлар фаолиятини шу йўл билан тўхтатиш мумкин.

Жаноб Холиқназарнинг чиқишидан бир кун ўтиб, Тожикистон парламенти "Террорга қарши кураш" қонунига ўзгартиришлар лойиҳасини маъқуллади ва уни парламент қўмитасига йўллади.

Айни ўзгартиришларга биноан интернет, мобил алоқалари ва бошқа электрон медиа муайян минтақалар, шу қаторда мамлакат бўйлаб чекланиши мумкин.

Мухолиф сайтлардан бири - Tajinfo.org нинг айтишича, ҳукумат турли интернет саҳифаларига тўсиқ қўйиш билан мунтазам равишда қонунни бузиб келишаётган эди.

"Кўринишидан, ҳукумат бу каби қонунсизликка бир қадар мантиқли изоҳ билан чиқиб, бизнинг маслаҳатимизга қулоқ тутди. Ва Тожикистон парламенти мамлакатда ушбу сайтларни блоклашни қонунийлаштиришга қарор қилди", дейди у.

"Тақиқланган маълумотлар"га тўсиқ қўйилади

Тожикистон Алоқа хизмати расмийси Жонибек Дадоматовга кўра, террорни тарғиб қилувчи вебсаҳифаларга тўсиқ қўйилади.

"Қачонки, бундай вебсаҳифалар Олий Маҳкама қарори билан блокланар экан, сўз эркинлигига босим ҳақида гапириш мумкинми? Агар ахборот саҳифалари тақиқланган маълумотларни тарқатса, шубҳасиз, тўсиқ қўйилади", дейди у.

Жонибек Дадоматов мазкур вебсаҳифалар қандай назорат қилиб борилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Олий маҳкама ва бошқа ҳуқуқ-тартибот агентликлари қайси бир маълумот Тожикистон ахборот хавфсизлигига таҳдид эканини белгилаб беришини айтган.

"Техник муаммолар"

Давлат назорати ва тўловлар юқорилиги боис Тожикистонда интернетдан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий сайтлар у қадар тараққий топмаган. Ёш тожикистонликлар асосан Россия ижтимоий тармоқларидан фойдаланадилар. Улар интернетга асосан дўстлари билан боғланиш мақсадида киришади.

Яқин йиллар асносида Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатида матбуот устидан назорат кучайтирилди, айниқса, мухолифат энг фаол бўлган сайтлар нишонга олинди.

Аммо, ҳукумат расмийлари вебсаҳифаларга тўсиқ қўяётганини ҳар доим инкор қилган ва бу ҳолатни "техник муаммолар" билан изоҳлаган.

Сўнгги марта ижтимоий тармоқлар ноябр бошларида АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Тожикистонга сафари чоғи блокланди.

Тожикистондаги Швециянинг TeliaSonera телекоммуникация компаниясига қарашли мобил алоқа ширкати ТСЕЛЛ ҳукумат мулозимларининг талабига биноан ўнлаб вебсаҳифаларга тўсиқ ўрнатганини тан олган.

Мухолифат сайтлари

Тожикистонда ўнлаб вебсаҳифалар расман блокланган. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ҳукумат 300дан ортиқ сайтга вақти-вақти билан тўсиқ қўйиб келган.

Икки мухолиф партиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳам экстремизм ва терроризм айбловлари билан чеклаб қўйилганди.

29 сентябр куни Тожикистон Олий маҳкамаси мухолифатда Ислом Уйғониш партиясини террорчи ташкилот дея эълон қилди ва мамлакатдаги фаолиятига тақиқ қўйди.

2014 йил 9 октябрида "Гуруҳи 24" ҳам Олий маҳкама қарорига биноан ман қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ