"Боинг" учоғи Ўшга фавқулодда қўнган

Ёмон об-ҳаво шароити туфайли "Боинг" учоғи учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган, учоқдаги олти киши жароҳатланган.

Учоқ бортида 153 инсон бўлган.

Қирғизистоннинг "Авиа Трафик" ширкатига тегишли "Боинг-737" учоғи Россиянинг Красноярск шаҳридан Ўш шаҳарига йўл олган.

Тонгги соат 4 ларда Ўш аэропортига қўнолмаган учоқ Бишкекка қўнишга мажбур бўлган.

Соат 7 да яна Ўша қараб йўл олган.

Маҳаллий вақт билан соат 7:43 ларда учоқ Ўш аэропортига қўниш ҳаракатларини бошлаган.

Бироқ Ўш атрофини ҳамон қалин туман қоплагани ва ён-атрофни кўриш қийин бўлгани оқибатида йўловчи учоғи учиш-йўниш йўлагидан чиқиб кетган.

Расмийларга кўра, "Боинг-737" жуда қаттиқ қўнган.

Учоқ шассиси ва қанотига шикаст етган.

Учоқдаги олти киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар қилган Ўш тиббиёт расмийлари.

Бир аёл шифохонага ётқизилгани хабар қилинган.

Об-ҳаво ёмонлиги боис Ўш қўналғасини ёпишга қарор қилинган.

Бу Ўш аэропортида шу йил бошидан буён учоқ қўниши билан боғлиқ рўй берган иккинчи ҳодиса.

Март ойида ҳам учиш-қўниш йўлагини қордан тозалашга улгурилмагани оқибатида учоқ йўлакдан чиқиб кетган.

Сўнгги ҳодиса юзасидан Қирғизистон транспорт прокуратураси жиноят иши қўзғатган.

Дастлабки хабарларга кўра, терговчилар учоқ экипажи ҳаво парвози хавфсизлигини бузган, деган тўхтамга келинган.

Ўш аэропортига ҳам моддий зарар етказилгани хабар қилинмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев Ўш аэропортидаги ҳодиса юзасидан махсус комиссия тузишга қарор берган.

Ҳукуматга Қирғизистон ихтиёридаги барча учоқларнинг техник ҳолатини ўрганиб чиқиш, багажлар хавфсизлигини таъминлаш буйруғи берилган.

"Авиа Трафик" ширкати қароргоҳи Бишкек шаҳрида жойлашган.

"Авиа Трафик" тасарруфида 4 та Boeing 737 ва битта ВАе 146-200 учоғи бор.

Авиаширкат Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Сургут, Қозон, Иркутск, Красноярск шаҳарларига, Қозоғистоннинг Олма-Ота, Тожикистон пойтахти Душанбе, Хитойнинг Урумчи ва Эроннинг Машҳад шаҳарларига ҳаво қатновларини йўлга қўйган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio