Қирғизистон аҳолиси 6 миллионга етди

Image caption Олтинчи миллион қирғизистонлик қизалоқ ва онаси

Ўш шаҳрида дунёга келган қизалоқ Қирғизистон аҳолиси сонини 6 миллионга етказди.

Бу ҳақда бош вазир Темир Сариев бугун Жўғўрқу Кенгаш йиғинида маълумот берди.

Жаноб Сариевнинг сўзларига кўра, ҳукуматда чақалоқларни туғилиши бўйича маҳсус комиссия тузилиб, мониторинг ўтказилган.

“Қирғизистоннинг 6 миллионинчи фуқароси кеча соат 18дан 12 дақиқа ўтганда Ўш шаҳрида туғилган қизалоқ бўлди. У Алмаз Қожошев ҳарбий оиласида дунёга келди”, деди Темир Сариев.

Маълумотларга кўра, қизалоқ 39 ёшли Роҳат Белекованинг олтинчи фарзандидир. “Оилада уч ўғил бола, икки қиз бўлган ва бизнинг 6 миллионинчи фуқароимиз ота-оналар учун олтинчи фарзанд бўлди”, дея фархланди ҳукумат бошчиси.

Ҳозирда она ўзини яхши ҳис қилаётганлиги, 3 килограм 870 грам туғилган чақалоқ соғлиги ҳам жойида эканлиги айтилмоқда.

25 ноябрнинг кеч соат олтидан бошлаб, 26 ноябрнинг тонги соат олтига қадар мамлакатнинг турли ҳудудларида 122 чақалоқ дунёга келган.

Бу қувончли хабардан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам четда қолгани йўқ.

У 6 миллионинчи чақалоқнинг оиласини табриклар экан, уларга соғлиқ, бахтли хаёт ва узун умр тилади. Шунингдек, Қирғизистон аҳлини ҳам бугунги байрам билан муборакбод этди.

“Аҳоли сони ўсиб бораётгани тинч ҳаётимизнинг асосий ёрқин кўринишларидан бири ва одамлар келажакка яхши умид билан, дадил қадам ташлаётганликларининг исботидир. Ҳозир энг асосийси – бу соғлом фарзанд дунёга келтирмоқлик. Чақалоқ ва онанинг соғлиги учун барча имкониятларни яратмоқлик керак”, деб айтган президент Алмазбек Атамбаев.

Шунингдек, давлат раҳбари ҳукуматга 6 миллионинчи қирғизистонликни, оиласи ҳисобини инобатга олган ҳолда алоҳида уй билан таъминлашни ва банкдан бир миллион сўм миқдорида депозит ҳисобини очишликни ҳам топширди.

Бундан ташқари бир вақтда 6 миллионинчи қирғизистонлик билан дунёга келган ўн нафар чақалоқ оиласига ҳам бир марталик 100 минг сўмлик ( 1300 АҚШ долларига яқин) ёрдам кўрсатилади.

Роҳат Белекова давлат миқёсида қувончга сабаб бўлган қизининг исмини Аелин қўймоқчи эканлигини айтади.

“Эрим ҳарбий одам. Уч ўғлим ва икки қизим бор. Буниси олтинчиси. Қизимни давлатни 6 миллионинчи фуқароси бўлишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим”, дейди Роҳат.

Қирғизистон миллий статистика маълумотига кўра, аҳоли сони йилига 120 минг кишига ўсиб бормоқда. 4 миллионинчи қирғизистонлик 1985 йилда, 5 миллионинчи қирғизистонлик эса 2002 йилда туғилган бўлиб, тахминан 7–8 йилдан кейин эса аҳоли сони 7 миллионга етиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio