Бишкекда исломшунос Қодир Маликов пичоқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи h

Исломшунос суиқасд ортида радикал гуруҳлар турганини ва бу ўзининг фаолиятига боғлиқ эканлигини иддао қилади.

Қодир Маликов 26 ноябрда кечки соат 18:45 да Бишкекнинг Асанбай мавзейидаги “Народний” дўкони олдида икки нотаниш одамлар тарафидан пичоқланган ва шифохонага ётқизилган, кейинчалик жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик қўмитаси текширувлари олимга ҳужум ортида "Исломий давлат" деб аталувчи жангари гуруҳ тарафдорлари тургани исботланган.

Унга ҳужум қилганларнинг шахслари аниқланган.

Ҳужумчилар Қозоғистонга ўтиб, у ердан Туркияга учиб кетгани айтилмоқда.

Аммо икковлон Туркиянинг Газиантеп минтақасида ҳибсга олинган.

Ҳозирда шубҳаланувчилар Қирғизистонга жўнатилиш арафасида.

Аввалроқ, бу шубҳа остида бўлган икки шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлиги халқаро қидирув эълон қилган эди.

Исломшунос Қодир Маликов пичоқланиши бўйича ўзи қуйидагиларни айтиб берди. Унинг овози касалхонада яқинлари тарафидан овоз ёзиш ускунасига ёзиб олинган ва жамоатчиликка тарқатилган.

Қодир Маликовнинг сўзларига кўра, суиқасд олдиндан уюштирилган ва пичоқ, электоршок билан ҳужум қилганларнинг мақсади уни ўлдириш бўлган.

“Мен машинамга борганимда уни ойналари қорайтирилган БМВ русумидаги автоулов қуршаб олибди. Улар мени машинасига ўтқазиб олганидан сўнг, мени электрошок билан ура бошладилар. Пичоқ билан бўйним тарафни кесишга ҳаракат қилишди. Ҳужум қилганлар икки нафар эди ва “Аллоҳу Акбар” деб бақира бошлашди. Мен ҳам уларга жавоб тариқасида “Аллоҳу Акбар” дея бақириб, қаршилик кўрсата бошладим. Улар мени мошинанинг орқа ўриндиғига туртиб ўтиришга мажбур қилаётганида қочиб чиқишга улгурдим. Қонталаш ёнимдан ўтиб кетаётган машиналардан ёрдам сўрай бошладим” – дейди Қодир Маликов.

У бу суиқасд ортида “Исломий Давлат”ни қўллаган радикал гуруҳлар турибди деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, бунгача ҳам огоҳлантиришлар, ортидан кузатишлар бўлган.

“Жорий йилнинг ёз фаслида Суриянинг Раққа шаҳридаги “Исломий давлат”ни қўллаган гуруҳлар мени ва Қозоғистондаги яна бир исломшуносни ўлдириш бўйича ҳукм чиқаришгани тўғрисида хабарлар бор эди. Бу юз фоиз тасдиқланган маълумот. Шунингдек, ёзда мени ўлдириш учун уйим ва мен намозга борадиган масжиднинг ёнида гуруҳлар кузатиб юрган. Шунинг учун мен “Исломий давлат” ҳақидаги фикримни айтишдан вақтинчалик сукут сақлаб туришга мажбур бўлганман. Кечаги воқеа “Исломий давлат” ва такфир мафкурасига қарши чиққанларнинг барчасининг ҳаёти хавф остида эканлигини кўрсатди” – деб айтган Қодир Маликов.

Қодир Маликовнинг қариндоши Тимур Элебесов 27 ноябрда матбуот йиғинида милиция суиқасд бўйича нотўғри маълумот тарқатаяпти дея, жиноий иш “одам умрига суиқасд қилиш” моддаси билан қўзғатилиши керак, деб айтди.

“Қодир бунгача уни ҳимоя қилиш тўғрисида давлат раҳбариятига бир неча марта мурожаат қилган. Унга газ қурол олиб юришга рухсат беришдан бошқа ёрдам бера олишгани йўқ. Афсуски, у қуролни қўллашга улгургани ҳам йўқ. Биз, яқинлари куч тузимларидан бу воқеага ўзгача эътибор беришларини илтимос қиламиз. Сабаби, радикал гуруҳлар ҳаддан ошиб, бу ерда ҳам суиқасд уюштира бошладилар” – дейди Тимур Элебесов.

Милиция эса, бу ҳодисани ўзаро келишмовчилик ортидан чиққан кундалик маиший низо дея атамоқда.

Ички Ишлар вазирлигининг матбуот котиби Бақит Сейитовнинг маълум қилишича, ҳужум қилганларнинг манзили аниқланди, лекин ҳозирча қўлга олинганича йўқ, автомобил эса Бишкек мавзеларидан бирида топилган.

“Маликовга ҳужум қилган икки фуқаронинг ким эканлиги аниқланди. Улар 1986-йили туғилган Бишкек шаҳрининг яшовчиларидир. Машинасини Бишкекнинг “Олтин марказ” мавзесининг иккинчи кўчасига ташлаб кетган. У ерда жиноятга алоқадор, гумондор бир одамнинг қариндоши яшар экан. Ўша одамнинг уйи олдидан топилди. Ҳозир уларнинг қариндошлари, оила-аъзоси, барчалари билан иш олиб борилаяпти. Бу бўйича “безорилик” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган,” – деб айтган Бақит Сейитов.

Ҳозирда Қодир Маликов Бишкекдаги Травматология бўлимида даволанмоқда.

Ҳужумдан унинг бет-боши кўкариб, ўнг жағи ва қўли тилинган. Қон кўп кетган.

Қодир Маликовнинг аҳволини шифокорлар оғир, лек барқарор, дея таърифлаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio