Машҳур озари ҳуқуқбон озод этилди

Озарбайжоннинг энг машҳур ҳуқуқ фаоли қамоқхонадан шартли озод этилган.

У 19 ойдан бери қамоқда жазо муддатини ўтаётган эди.

Лейла Юнус 59 ёшда бўлиб, солиқ тўламаслик ва сохтакорликда айбланган ва 8 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Бакудаги маҳкама унинг ишини қайта кўриб чиққан ва жазо муддатини қарийб 3 йилга қисқартириб, шартли қамоқ жазосига алмаштирган.

Бундан қарор олинишига сабаб, мулозимларга кўра, Юнус хонимнинг саломатлиги ёмонлашганидир.

У маҳкама залидан озод этилган.

Қарийб икки йил қамоқда бўлган Лейла Юнуснинг соғлиғи ёмонлашган, у гепатит С ва қанд касаллиги билан оғригани айтилади.

Озарбайжон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган Юнус хоним маҳкама биносини ҳассага таяниб тарк этган.

У анчайин нимжон ва ҳам абгор кўринган.

Юнус хонимни турмуш ўртоғи, тарихчи Ориф Юнус етаклаб олиб чиққан.

У ҳам шартли равишда бундан икки ой аввал қамоқдан озод этилганди.

Ориф Юнуснинг ҳам саломатлиги яхши эмас, ҳибсда қолар экан, икки бора юрак хуружини бошидан кечирган.

Юнус хоним журналистларга қисқа баёнотида, ўзининг озод этилишини "ишониб бўлмас" деб таърифлаган.

У қамоқхоналардаги вазиятга қизиққан барчани Солженитцин асарларини ўқишга даъват қилган.

Икки фаолнинг ҳимоячисига кўра, Лейла ва Ориф Юнуслар Бакудаги ўз уйларида туриши ва ҳар ой маҳаллий мулозимлар билан учрашиб, рўйхатдан ўтиб туришлари шарт.

Ҳимоячига кўра, икковлон барча айбларни рад этишган ва бутунлай оқланмаганларидан ҳафсалалари пир бўлган.

Улар ўзларига қарши иш сиёсий экани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганлари учун жазоланганларини айтиб келишади.

Ўтган бир ярим йил ичида Озарбайжонда бир неча инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистлар қамоққа ташланган.

Лейла ва Ориф Юнус шунингдек, хиёнатда айбланишган, бу айблов учун умрбод қамоқ жазоси белгиланган.

Аммо, ҳозирда уларнинг маҳкамага тортилиш ёки тортилмаслиги аниқ эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio