Тожикистон: Зилзилада қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи US Geological Survey

Расмий хабарларга кўра, Тожикистонда юз берган сўнгги кучли ер силкиниши қурбонларсиз кечмаган.

Шу ҳафта душанба куни мамлакатнинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятини ўз забтига олган зилзила икки кишининг умрига зомин бўлган.

Қурбонлардан бирининг маҳаллий милиция ходими экани айтилмоқда.

Бу ҳақда Тожикистон Фавқулодда Вазиятлар ва Фуқаровий Мудофаа қўмитаси расман маълум қилган.

Қўмитанинг маълумотларига кўра, кучли ер силкиниши натижасида ўндан ортиқ киши яраланган.

Нақ қиш чилласида юз берган зилзила сабаб 500 дан ортиқ уй-жойга ҳам зиён етган.

Тожикистонлик масъулларга кўра, Рихтер шкаласи бўйича 7-8 баллни ташкил этган сўнгги ер қимирлашидан мухтор вилоятнинг Рушан туманидаги Бартанг водийси энг кўп жабр кўрган.

Бунча катта балли зилзила Тожикистоннинг бутун Марказий Осиё минтақаси учун хавфли, деб кўрилувчи Сарез кўли яқинида содир бўлганди.

Мутахассисларга кўра, айнан кучли зилзилалар сабаб, Сарез кўли ўз ўзанидан чиқиб кетиши ва Аму Дарё ҳавзасида жойлашган Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ҳамда Туркманистонда беш миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Сарез кўлининг ўзи ҳам 1911 йилда кучли ер силкиниши ортидан юз берган тоғ кўчкиси сабаб пайдо бўлган.

Душанба кунги зилзиладан икки кун ўтиб, маҳаллий масъуллар Сарез кўли ва Усой тўғони барқарор экани, улардан ҳеч қандай таҳдид йўқлигини айтиб чиқишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock

Жумладан, Тожикистоннинг етакчи интернет нашрларидан бири - Asia-Plus бу ҳақда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти минтақавий маъмурияти воизининг сўзларини келтириб ўтган.

Аммо, хабарларга кўра, шунга қарамай, сўнгги зилзила етказган зиённинг бор кўламини аниқлаш учун Тожикистон Бош вазири ўринбосари раҳбарлиги остида махсус ҳукумат ҳайъати тузилган ва аллақачон Хорўққа жўнаб ҳам кетган.

Худди шу манзарада мухтор вилоят ҳокими Шодихон Жамшиднинг ҳам ер қимирлашидан энг жиддий зарар кўрган Бартанг водийсида экани айтилади.

Маркази Тожикистоннинг Помир тоғларидаги шарқий Мурғоб аҳоли пунктига яқин бўлган зилзиланинг кучи аксарият Марказий Осиё давлатлари қолиб, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон қадар сезилганди.

Аммо бу давлатлардан бирор бир инсоний ёки жиддий моддий талофатларга оид хабарлар йўқ.

Мурғоб аҳоли пунктида яшовчи одамларнинг сони эса, олти мингдан ортади.

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, сўнгги ер силкинишидан жабр кўрган аҳолига кўмак етказиш учун президент Имомали Раҳмон мамлакат Мудофаа вазирлигининг икки тикучарини ҳам ишга солишга буйруқ берган.

Душанба кунги зилзила эса, тоғли Помир минтақасининг етиб бориш қийин бўлган туманларида энг кўп сезилганди.

Устига устак, ер силкиниши қиш мавсумига тўғри келган, бу эса, жарбдийда минтақага инсонпарварлик кўмагини етказиш ишларини ҳам қийинлаштирган.

Тоғли-Бадахшонга аллақачон совуқ тушиб улгурган, жумладан, Мурғоб ва Бартангда ҳаво ҳарорати тунлари минус 8-10 даражага етиб қолган.

Қаҳратон совуқ ва аллақачон устма-уст ёғишга улгурган қалин қор сабаб, кўмак бериш учун ҳудудга юборилган қутқарув гуруҳларига ҳам осон бўлмаслиги айтилмоқда.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, охирги икки ойнинг ўзида минтақа кетма-кет ер силкинишларига саҳна бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жумладан, октябр ва ноябр ойи охирларида юз берган қатор зилзилалар Афғонистон ва Покистонда ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган.

Қирғизистон каби айрим Марказий Осиё давлатларида эса, юзлаб уйларга зиён етган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ