Россияда қашшоқлар сони кўпайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россияда жорий йилнинг январ-сентябр ойларида даромади ойлик энг кам иш ҳақидан паст бўлган аҳоли сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 миллион 300 минг кишига ошган.

Россия давлат статистика хизмати эълон қилган рақамларга кўра, ҳозирда 20 миллион 300 минг нафар россияликлар қашшоқликда ҳаёт кечиришмоқда.

Бу мамлакат умумий аҳолисининг 14,1 фоизини ташкил этади.

Расмий рақамлардан англашилишича, истеъмол саватчасига кирадиган маҳсулотлар нархи умумий ҳисобда 4 ярим фоизга пасайган, ноозиқ-овқат моллар ва хизматлар нархи эса 2,7 ҳамда 2.0 фоизга тушган.

Давлат статистикасига ўтган йил мартида Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Севастополга оид маълумотлар киритилмаган.

Таназзул

Жаҳонда нефт нархларининг тушиши ва ғарб давлатлари Украина боис Россияга қарши киритган жазо чоралари мамлакат иқтисодига салбий таъсир қилган.

Россия Молия вазири Антон Силуанов Росия ғарб санкцияларидан жаъми 140 миллиард доллар атрофида зрар кўришини айтган.

Президент Путин нефт нархининг тушиши иқтисодиётга зарар етказса-да, "ҳалокатли эмас," деб атаган.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевнинг айтишича, ўтган ой мамлакатда Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 0,1 фоизга тенг бўлган.

Россия Федерал Кенгашидаги чиқишида жаноб Улюкаев йил охирига келиб иқтисодий тушиш 3,7 фоизни ташкил этишини айтган.

Унга кўра, бу кутилганидан яхшироқ натижадир.

Чоршанба куни Сбербанк раҳбари Герман Греф шошилинч ислоҳотлар амалга оширилмагани тақдирда 2016 йилда Россия рецессияга юз тутишини айтган.

"2016 йилда иқтисод таназзулга юз тутади. Агар ислоҳотлар нуқтаи назаридан янги бурилиш юз бермаса, иқтисод бутунлай издан чиқади", деб айтган Россиянинг собиқ иқтисодиёт вазири.

Шу ой бошида Президент Путин нефт нархларининг тушиши ва иқтисодий жазо чоралари узоқроқ давом этиши мумкинлигини тан олган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio