Туркманистон: Ўн миллиардлик қувур

Фото муаллифлик ҳуқуқи aisa
Image caption Туркман газига Афғонистон ҳам, Покистон ва Ҳиндистон ҳам интизор.

Туркманистон ўз газини энергияга чанқоқ Жанубий Осиё бозорларига элтадиган ТАПИ газ қувурини қуришни бошлади.

Мари яқинидаги "Галкиниш" газ конида бошланган рамзий маросим қарийб 2 минг километрлик қувурни ётқизиш йўлидаги биринчи амалий қадам бўлмоқда.

ТАПИ Туркманистон учун муҳим қувур ва у Ашхободни газ савдосида Россия ҳамда Хитойга қарамликдан қутқаради.

Лекин мазкур қувур нотинч Афғонистондан ўтади.

Шунингдек, унинг муваффақиятли ишлаб, Ҳиндистон бозорига етиб бориши учун икки душман давлат - Исломобод ва Деҳли бирга ишлашлари керак.

Туркманлар ҳатто Толибон ҳукмронлиги даврида ҳам ТАПИ орзусидан воз кечишмаганди.

Негаки, Покистон ҳам, шиддат билан ривожланаётган Ҳиндистон газга чанқоқ.

10 миллиард долларлик орзу

Туркман газини Жанубий Осиёга элтувчи қувур кичик лойиҳа эмас. Унга камида 10 миллиард доллар кетиши айтилмоқда.

Шу боис бундай қиммат лойиҳани бошлашдан олдин Афғонистонда ўзгариб турадиган хавфсизлик вазияти обдон тарозига солиниши керак.

Бироқ Туркманистон ортга қайтмоқчи эмас.

"2019 йил декабригача қувур битказилади" - деган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Маридаги очилиш маросимида.

Айни қувурга Деҳли ҳам, Исломобод ва Кобул ҳам кўз тикишмоқда.

Шу боис Туркманистондаги маросимга Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Навоз Шариф ва Ҳиндистон вице-президенти Ҳамид Ансорий ҳам ташриф буюрдилар.

Image caption ТАПИ газ қувури беқарор минтақага тинчлик ва фаровонлик келтиради, деган умидлар катта.

Бироқ қувур келажаги ва Афғонистондаги хавфсизлик хавотирлари боис, дунёдаги бирон бир улкан ширкат лойиҳада бош-қош бўлмаяпти.

Аксинча, "Туркмангаз" давлат ширкати қурилишни ўз зиммасига олмоқда.

"Бу қурилиш Туркманистоннинг келаси йилги бюджетининг қарийб учдан бери қисмини ташкил этади" - хабар беради Рейтер агентлиги.

Аммо "Галкиниш" газ конини ривожлантиришнинг келаси босқичларида Япония ва Туркия ширкатлари ҳам қатнашишлари кутилмоқда.

"Очлар" орасида

Туркманистон дунёдаги бешта энг газга бой давлатдан бири.

Айрим мутахассисларга кўра, Туркманистон гази ҳозирги маълум захиралари ва истеъмолни ҳисобга олса, яна 300 йилга етади.

Муқояса учун айтак, Ўзбекистон гази келаси 20-25 йилда тугайди.

Марказий Осиё гази илгари фақат Россияга оққан бўлса, энди Хитой ва Ҳиндистонда ҳам ёнилғига талаб жуда ортмоқда.

Хитой, масалан, 5 йил олдин Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали қувур ётқизиб, Туркманистондан газ ола бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty
Image caption Нақлиётни ҳам ривожлантираётган Туркманистон ўзини Эрон ва Қозоғистон билан бевосита боғлайдиган темир йўл ҳам қурди. Аммо бу поезд йўли Ўзбекистонни айланиб ўтади.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, Хитой ҳар йили Туркманистондан 30-35 миллиард кубометр газ олади.

Россия эса шу пайтгача 11 миллиард кубометр ҳажмда туркман газини оларди. Аммо яқин келажакда бу рақам янада камайиши кутилмоқда.

Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонгача борадиган ТАПИ қувури ишга тушса, йилига 30 миллиарддан кўпроқ туркман гази жанубга оқа бошлайди.

Айни қувур бутун Жанубий Осиёга тинчлик келтириши мумкин, деган умидлар ҳам бор.

Афғонистонда у янги иш ўринларини англатади.

Кобулда ким ҳокимиятга келмасин, бу қувурни йўқотмаслик учун хавфсизликни таъминлашга жиддий эътибор қаратиши керак бўлади.

Покистон ва Ҳиндистон ҳам газга етишиш ниятида ўзаро алоқаларини яхшилашлари шарт бўлиб қолади.

Айни дамда, Исломобод ҳам, Деҳли ҳам ТАПИ қувуридан газ оқиб туриши учун транзит Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига жиддий эътибор қаратишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ