‘Тожикистон ИШИДга қарши исломий коалицияга қўшилмайди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини расман баён қилган.

Парвоз Давлатзодага кўра, мамлакати ИШИДга қарши Саудия Арабистони бошчилигидаги янги исломий коалицияга қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ.

Аввалроқ айрим араб нашрларида худди шундай мазмундаги хабарлар пайдо бўлган, жумладан, “Аш-Шарқ ал-Аусут” умумараб газетаси бу ҳақда ёзиб чиққанди.

Бу ҳақда хабар бераркан, араб нашри Тожикистоннинг Риёддаги элчиси Шарифи Азамшо Латифзоданинг сўзларига таянган.

Элчи жанобларидан келтирилган иқтибосда, “Тожикистон раҳбарияти жорий пайтда Саудия Арабистонининг бу хусусдаги таклифини кўриб чиқаётгани” айтилганди.

“Оврўпо Иттифоқи-Марказий Осиё” Ташқи ишлар вазирларининг йиғинида иштирок этиш учун Қозоғистон пойтахти Остонага келган жаноб Давлатзоданининг айтишича, “бу масалага, ҳатто, умуман тўхталиб ўтиришгани ҳам йўқ”.

Пойтахт Риёдда ўтган ҳафта бошида Саудия Арабистонида асос солинган янги исломий коалицияга дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон бўлган 34 давлати бош қўшган.

Уларнинг орасида Яқин Шарқдан тортиб, Африка ва Осиё қитъаси вакилларигача бор.

Аммо, алоҳида таъкидлаш жоиз, асосий мақсади ИШИД баробарида умуман террорчиликка қарши кураш бўлган янги коалиция таркибида бирор бир собиқ Шўро давлати йўқ.

Шу жумладан, сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи таҳдидидан жиддий хавотирда бўлган Марказий Осиё минтақаси вакиллари ҳам.

“Аш-Шарқ ал-Аусут” умумараб газетаси эса, Тожикистон баробарида Озарбайжон ҳам Саудия Арабистони бошчилигидаги янги исломий коалицияга қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзганди.

Би-би-сига маълум бўлишича, Саудия Арабистони бу хусусда Озарбайжон томонига расман таклиф билан чиққан, аммо расмий Боку бунга анчайин эҳтиёкор муносабат кўрсатган: Яъни, Озарбайжон раҳбарияти бу масалани расман кўриб чиқиш даражасига бормаган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, собиқ Шўро давлатлари орасидан энг катта сондаги фуқаролари ИШИД сафларида жанг қилаётган ва ўзи ҳам яқинда дунёдаги энг қудратли бу жангари гуруҳнинг Яқин Шарқдаги мавқеъларига қарши қаратилган ҳаво ҳужумларига қўшилган Россия ҳам йўқ.

Айрим манбаларда мусулмонлар Россия аҳолисининг 15 фоизини ташкил этиши, сонлари 20 миллиондан ортиши тахмин этилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия ва барча Марказий Осиё давлатлари эса, сўнгги йилларда ИШИД гуруҳи таҳдидига қарши энг кўп чора-тадбирларга қўл ураётган собиқ Шўро Республикалари бўлишади.

ИШИД нинг шундоқ биқинларидаги Афғонистонда фаоллашиб, Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган фуқароларининг сони ортиб бораётгани маълум бўларкан, Россия, Қирғизистон ва Тожикистонда бу гуруҳнинг фаолияти расман тақиқланган.

Агар, сўнгги икки йил ичида эълон қилинган турли маълумотларга таянилса, биргина шу беш давлатнинг ўзидан ИШИД гуруҳи сафларида жанг қилаётган одамларнинг сони бир неча мингга етгани маълум бўлади.

Жумладан, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси вакили келтирган янги рақамларга таянилса, ўтган ярим йил ичида “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган тожик фуқароларининг сони қарийб икки баробарга ортган ва 700 дан зиёд кишига етган.

Шу йил август ойида эса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон "Исломий давлат" ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб юборилишига оид янги фармонга имзо чеккан биринчи Марказий Осиё давлати раҳбарига айланганди.

ИШИД гуруҳи Афғонистондан туриб солиши мумкин бўлган таҳдид эса, сўнгги йилларда собиқ Шўро давлатлари иштирокидаги турли ташкилотлар олиймақом йиғинларининг кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланган.

Бу учрашувлар чоғида янги хавфга баҳамжиҳат ва елкама-елка туриб қарши кураш борасида кўп сўз юритилган.

Аммо, орадан бир ҳафта ўтиб ҳам, ИШИД хавфидан жиддий хавотирда бўлган аксарият собиқ Шўро давлатлари Саудия Арабистони бошчилигидаги янги исломий коалицияга расман ва ошкора муносабат билдириб чиқишмаган.

ИШИД гуруҳи ўтган йил бошида Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги янги тармоғига асос солган.

Орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Яқин Шарқдаги бу бойвачча гуруҳга тўлиғича расман байъат ҳам келтирган.

ИШИДнинг минтақадаги янги аъзоларининг сони жорий пайтда бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилади.

Саудия Арабистони бошчилигидаги янги исломий коалация таркибида эса, минтақа давлатлари орасидан фақат Покистон бор.

Энг қизиғи, янги иттифоқ ИШИД гуруҳи асос солинган, ўз исломий халифатини барпо этган ва сўнгги йилларда фаоллашишга муваффақ бўлаётган Сурия, Ироқ ва Афғонистонни ўз ичига олмаган.

Бошқа томондан, йилларки, Саудия Арабистони билан алоқалари танглигича қолаётган, Яқин Шарқдаги шиа ҳукуматларининг “асосий дастакловчиси” сифатида кўрилувчи ва минтақадаги асосий ўйинчи давлатлардан бири бўлган Эрон ҳам бу коалиция таркибида йўқ.

Сурия ва Ироқ эса, ўз навбатида, ИШИД гуруҳи томонидан эълон қилинган глобал жиҳоднинг асосий жанг жабҳаси бўлади.

Мавжуд ҳолат аллақачон таҳлилчилар орасида янги иттифоқ фаолиятининг қанчалик самарали бўлиши ва мақсадининг нечоғлиқ самимий эканига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бошқа томондан, сўнгги янгилик қудратли Америка бошчилигидаги ҳарбий иттифоқнинг ИШИД га қарши Яқин Шарқдаги қарийб икки йиллик амалиётлари кескин танқидлар тиғига тутилаётган, гуруҳ Оврўпонинг қоқ марказидаги Париждан тортиб, уммонортидаги Сан-Бернардинода уюштирилган қонли ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқаётган бир манзарада ўртага чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ