Атамбаев: Россия билан ГЭС шартномаларидан чиқамиз

Президент Алмазбек Атамбаев айтишича, Қирғизистон Россия билан имзолаган йирик гидроэлектр станцияларини барпо этиш шартномаларидан чиққани маъқул.

Бу ҳақда жаноб Атамбаев 24 декабр куни ташкил қилган ўзининг анъанавий йил якунига бағишланган матбуот анжуманида эълон қилган.

Журналистларнинг саволларига жавоб қайтараркан, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Россия Норин дарёси юқори қисмида қуришга бел боғлаган ГЭСларни қуролмайди, деган.

Бунга сабаб, Ғарб санкциялари боис Россия иқтисодий аҳволининг мураккаблашганидир.

Президент Атамбаев сўзларига кўра, Россия объектив сабаблар туфайли ўз зиммасига олган мажбуриятларини адо этолмайди.

2012 йили сентябрида Россия Президенти Владимир Путиннинг Бишкекка сафари мобайнида Қирғизистон билан Россия ўртасида Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭСлари каскадини барпо этишга бағишланган келишувлар имзоланган эди.

Матбуот анжуманида Қирғизистон Президенти Атамбаев айтишича, бу режалар амалга ошмаганига Қирғизистоннинг ҳам айби бор, Норин вилояти ҳудудида сув тўғонларини қуриш учун ер ажратиш масаласи шу пайтгача чўзилган ва ишлар орқага сурилишига олиб келган.

Ҳозир эса Россия четда йирик иншоотлар қурилишини молиялашга қодир эмас.

"Россия Федерацияси иқтисодиётининг ҳозирги аҳволи шундан далолат бераяптики, у ўйлаган нарсаларини ҳаётга татбиқ этолмайди. Бунинг учун Россияни айблаш қийин. Мен бу ҳақда Путин билан гаплашганман. Афтидан, Қирғизистон бу шартномалардан чиқиши ва бошқа сармоядорларни қидириши керак. Биз вазиятни яна муҳокама қиламиз, лекин баъзан кескин қарорларни қабул қилиш лозим", деб айтган Президент Атамбаев.

Матбуот анжумани пайти жаноб Атамбаевдан яна икки йилдан кейин бўлиб ўтиши мўлжалланган Қирғизистон президентлиги сайловига боғлиқ савол берилган.

Бу саволга жавоб бераркан, Алмазбек Атамбоев президентлик лавозимида қолиш учун конституцияни ўзгартирмоқчи ҳам эмаслигини, ўзига сиёсий ворис тайёрламоқчи эмаслигини, парламент спикери ҳам, бош вазир ҳам бўлиш нияти йўқлигини айтган.

Президент Атамбаев сўзларига кўра, Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаш учун ҳар қанча пулни тўлашга тайёр одамлар ҳам бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ