Хитой: Уйғур мавзуси тақиқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Урсула Готье Хитойинг Уйғурларга қарши сиёсатини танқид қилган.

Хитой ўзининг Шинжондаги мусулмон уйғурларга нисбатан қўллаётган сиёсатини танқид қилган франциялик журналистни чиқариб юбормоқда.

Пекин расмийларига кўра, улар Франциянинг L'Obs журнали мухбири Урсула Готье учун Хитойда ишлаш рухсатномасини узайтиришмайди.

Хитойнинг таъкидлашича, Готье хоним Шинжон-Уйғуристонидаги исён ҳақида ёзган мақоласида "терроризм ва зўравон ҳатти-ҳаракатни" ёқлаган.

Журналист ўзига қарши сурилган мазкур айбловларни "бўлмағур гап" деб атаркан, аслида, Хитой хорижий журналистларнинг мамлакатда ишлашларига тўсқинлик қилиш ниятида эканлигини урғулаган.

Агар Урсула Готьенинг Хитойда журналист сифатида ишлаш рухсатномаси янгиланмаса, у визасини чўздира олмайди ва 31 декабргача Хитойни тарк этиши керак бўлади.

Айни ҳолатда Готье хоним сўнгги тўрт йилда Хитойда ишлаши тақиқланган иккинчи хорижий журналист бўлади.

2012 йили Пекин "Ал-Жазира" телеканали мухбири Мелисса Чанни чиқариб юборганди.

Уйғур мавзуси тақиқдами?

Готье хоним ёзган мақолада мусулмон уйғурларга нисбатан Хитой ҳукумати қўллаётган сиёсат танқид остига олинганди.

Хитойнинг иддао қилишича, уйғур бўлгинчилари аслида Исломий радикаллар бўлиб, уларнинг хорижий мамлакатларда дастаклари бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp getty
Image caption Мустақиллик истаган уйғурларни Хитой террорчи, деб атайди.

Аммо уйғур фаолларига кўра, Пекиндаги ҳукумат уйғурларнинг диний ва миллий-маданий эркинликларини чекламоқда.

Хитой уйғурларнинг мустақиллик орзулари ҳамда сиёсий ҳаракатларини терроризм деб атаб, уйғурларга қарши куч ва жазо усулларини қўллаб келади.

Урсула Готье ўтган ноябрда содир этилган Париж ҳужумлари ортидан Франция ва Хитой муносабатларига бағишланган таҳлилий мақола чоп этганди.

Ушбу мақоласида ёзишича, Францияга елкадошлик қилиш ортидан Хитой аслида Шинжондаги уйғурларга қарши қўллаётган ўз босим ва сиёсатини оқлаш ҳамда кучайтиришни ният қилган.

Хитой ҳукумати мазкур мақолани қаттиқ қоралаган ва журналист ўз фикридан воз кечиб, узр сўрашини талаб қилганди.

"Хитой ҳеч қачон терроризмни олқишловчи эркинлик тарафдори эмас" - деган бу борада изоҳ берган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

Расмий Пекин айни пайтда Ғарбни ҳам иккиюзламачиликда танқид қилган.

"Ғарбдаги амаллар аксилтеррор кураши, аммо Хитой амаллари миллий озчиликларни таъқиб қилиш экан-да?" - саволнамо фикр ташлашган Пекин расмийлари.

Готье хоним эса "ёзмаган нарсаларим учун узр сўрашимни талаб қилишди" деб, ўзига қарши илгари сурилган айбловларни "бўлмағур гап" деб атамоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ