Қазини масхара қилган чет эллик Қирғизистондан чиқариб юборилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қазини отнинг олатига ўхшатган Майкл Макфит Бишкекда ҳибсга олинганди.

Қирғиз миллий таоми бўлмиш "чучук" қазисини отнинг олатига қиёслаб, ҳазил қилган шотланд шахтёри Қирғизистондан чиқариб юборилади.

Майкл Макфит Қирғизистондаги олтин конида ишларди.

У янги йил арафасида ўз Фейсбук саҳифасида қирғиз қазиси расмини отнинг олатига ўхшатиб, ҳазил қилади.

"Қирғизлар отнинг олатидан қилинган тансиқ таом учун ташқарида навбатда туришибди" - дея ҳамкасблари акс этган сурат остида изоҳ қолдиради.

Аммо орадан икки кун ўтиб, Фейсбукдаги изоҳни ҳам, суратни ҳам ўчириб ташлайди ва узр сўрайди.

Шунга қарамай, Қирғизистон куч тизимлари уни кеча якшанба куни Бишкек яқинидаги "Манас" халқаро кўналғасида ҳибсга олишади.

Гап ҳужжатда

Қирғизистон расмийларига кўра, Майкл Макфит ижтимоий тармоқдаги ҳазили учун эмас, балки ҳужжатлари нотўғри бўлгани учун Қирғизистондан чиқариб юборилади.

Қолаверса, Қоракўл шаҳар маҳкамасининг хулоса қилишича, у ўз изоҳида "миллий низо қўзғатмаган".

Аммо чет эллик шахтёрнинг қирғиз ҳамкасблари қази ҳақидаги ҳазилдан ғазабланиб, у Қирғиз халқи анъаналарини ҳурмат қилиши керак эди, дейишган.

Улар, шунингдек, Майкл Макфит ишлайдиган олтин кони бошқаруви ҳам узр сўрасин, деб талаб қилганлар.

Агар миллий ва ирқий низо қўзғашга оид иддаолар тасдиқланса, Майкл Макфит беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди.

Жаноб Макфит ишлайдиган "Қумтор" кони Марказий Осиёдаги энг йирик олтин конидир.

Қирғизистон четга сотадиган маҳсулотларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи айнан "Қумтор" ҳиссасига тўғри келади.

Конни Канаданинг Centerra Gold ширкати юритади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ