Мозори Шариф: Икки кунки жанг тинмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Жангарилар аслида Ҳиндистон консуллигига ҳужум қилишган.

Мозори Шарифдаги отишмалар уч кундан бери тинмаяпти.

Аввалига шаҳардаги Ҳиндистон консуллигига ҳужум қилган қуролли шахслар, ўз ҳамлалари муваффақиятсиз тугагач, қўшни ҳовлига кириб олишган ва отишмаларни давом эттиришмоқда.

Ҳозир Афғонистон махсус кучлари жангарилар яширинган ҳовлини ўраб олишган.

Расмийлар уларни бу ҳовлидан чиқаришга уринишаётганини айтмоқдалар.

Бироқ тинч аҳоли зарар кўрмасин, деган мақсадда қоронғу тушгач, амалиётлар тўхтатилмоқда.

Нотинчлашган шимол

Мозори Шарифдаги сўнгги зўравонликда Ҳиндистон консуллигидаги ходимларга бирон зиён етмаган.

Лекин олти нафар фуқаро яралангани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳужумчилар қўл гранаталари, автомат ва гранатомётлар билан қуролланишган.

Исёнкорлар олти нафар, деб тахмин қилинаётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Аҳолига зарар етмаслиги учун кечқурун амалиётлар тўхтатилмоқда.

Аммо ўзлари яширинган хонадондан ҳимоя қалқони сифатида фойдаланаётган жангариларни енгиш осон кечмаяпти.

Мозори Шариф шимолий Афғонистон пойтахти сифатида ҳам билинади.

Бу ерда Ҳиндистондан ташқари Ўзбекистон, Туркманистон ва Эроннинг ҳам дипломатик ваколатхоналари жойлашган.

Шаҳар, шунингдек, мамлакатнинг Ўзбекистонга энг яқин йирик аҳоли масканидир.

Мозори Шарифдан бир неча чақирим чиқишингиз билан Термиз шаҳри биноларини кўриш мумкин.

Кобулда яна портлаш

Айни дамда, пойтахт Кобул ҳаво қўналғаси ёнида ҳам худкуш ҳужумчи ўзини портлатиб юборган.

Ҳали бир неча кун олдин ҳам Афғонистоннинг энг йирик ҳаво қўналғаси олдида худкушлик ҳужуми уюштирилганди.

Сўнгги ҳодисада худкуш ҳужумчи портловчи модда ортилган автоуловини Кобул ҳаво қўналғаси олдига олиб келади ва сўнгги 9 ойда икки марта ҳужум уюштирилган нуқтага етгани ҳамон ўзини ва машинасини портлатиб юборади.

Расмийларга кўра, ушбу ҳужумда бошқа ҳеч кимга зарар етмаган.

Аммо бу воқеалар ҳаво кўналғаси каби энг муҳим ва одам тирбанд гўшалар ҳам, тарихан тинч бўлиб келган шимолий минтақалар ҳам тобора кўпроқ жангарилар нишонига айланаётганини кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ