Қозоғистон Эрон ва Саудия можаросидан ташвишда

Image caption Расмий Остона мазҳаблараро зиддиятнинг ёйилишидан хавотир билдирган

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятдан ташвиш изҳор қилган.

Вазирлик ўз баёнотида Эрон ва Саудия Арабистони, шунингдек, минтақадаги бошқа давлатлар раҳбариятини мазҳаблараро тангликнинг ёйилишига йўл қўймасликка чақирган.

"Жаҳон ҳамжамиятининг масъулиятли аъзоси сифатида Қозоғистон Саудия Арабистони Қироллиги ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатларда тангликнинг кучайишидан хавотир изҳор қилади", дейилади расмий Остона эълон қилган баёнотда.

Қозоғистон "минтақанинг қардош давлатлари"-Саудия Арабистони ва Эронни сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш ва дипломатик муносабатларни тиклашга чақирган.

Баёнотда шунингдек, хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонасига ҳужумни қабул қилиб бўлмаслиги таъкидланади.

Расмий Остонага кўра, юзага келган тангликнинг ягона ечими дипломатик йўлдир.

Қозоғистон Эрон ва Саудия можаросига муносабат билдирган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Шу ҳафта бошида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ар-Риёдга сафар қилган, аммо Эрон-Саудия можароси ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Яқин Шарқдаги вазият борасида сукут сақламоқда.

Якшанба куни Ар-Риёд Эрон билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилган.

Саудиядаги таниқли шиа уламоси Шайх Нимр ал-Нимрнинг қатл этилиши ортидан Теҳрон кескин баёнотлар билан чиққан ва Қиролликнинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум уюштирилган.

Эрон Саудияни минтақада кескинликни авж олдиришда айблаган.

Саудия ва Эрон Яқин Шарқда сунний ва шиаларни намоён қилувчи икки йирик давлат ҳисобланади ва Суриядаги можарода қарама-қарши томонларни дастаклайди.

Эрон руҳоний раҳбари Оятулло Ҳоманаийга кўра, шайх Саудия Арабистонининг сунний раҳбариятига мухолифлиги туфайли ўлдирилган.

Шайх Нимр 2012 йилда ҳибсга олинишидан аввал араб баҳоридан руҳланган аксилҳукумат намойишларининг етакчиларидан бири эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio