Толибларга бас келиб бўладими?

Image caption Толибларга бас келиб бўладими?

Афғонистон ҳукумати АҚШ ва НАТОдаги бошқа ҳамкорлари билан 14 йилдан бери Толибларга қарши курашади.

Минглаб жангарилари қурбон бўлганига қарамасдан, бугунга келиб Толибон мамлакатнинг каттагина қисмини қайта эгаллаб олди.

Толибларнинг қайтадан Афғонистонда жонланаётганига учта сабаб бор.

Биринчиси, 2014 йилда НАТО ва АҚШ жанговар ҳарбий амалиётларни тугатиб, аксарият қўшинларини мамлакатдан олиб чиқарар экан, Толиблар бомбардимон ва ишғоллардан деярли қутилиб қолди.

Халқаро ҳамжамият ўз назарини Сурия, Ироқ ва Украина каби ўлкаларга қаратиши ҳам Толибларни бир маънода қувватлантирди.

Айни гуруҳ ҳарбий базалар, туман марказлари ва турфа текширув нуқталарига мамлакат бўйлаб ҳужумлар уюштирди, натижада анчайин йирик аслаҳаларни қўлга киритди.

Ўнлаб ҳарбий машиналарни ҳам ўлжа олди.

Иккинчидан, Покистон армиясининг Шимолий Вазиристондаги ҳарбий амалиётлари оқибатида минглаб Ўзбек, Араб ва Покистон жангарилари минтақани тарк этиб, Афғонистондаги толиблар сафига қўшилишди.

Хабарларга кўра, Толиблар Покистондан йирик сонда ўз жангариларини мамлакатга киритишга муваффақ бўлган.

Сўнгги сабаб шуки, Афғонистон хавфсизлик кучларида тажриба ва қурол-аслаҳа тақчиллиги бор.

Айниқса, ҳаво кучлари шаклланмагани панд беради.

Марказий ҳукуматда сиёсий қарама-қаршиликлар ва ҳокимиятнинг ожизлиги ҳам Толибларга қўл келмоқда.

Хорижий жангарилар

Image caption ИШИД Афғонистонда

Мамлакат бўйлаб минглаб хорижий жангариларнинг ҳозирлиги ҳам вазиятни баттар танглаштирмоқда.

Афғонистон мулозимлари ўтган йил июн ойида мамлакатда 7000 дан ортиқ хорижий жангарилар борлигини айтишганди.

Толиблар сафларида Яқин Шарқ, Марказий Осиё давлатлари ва покистонлик жангарилар бор.

Бундан ташқари Афғонистонда ўндан ортиқ турфа мақсадларни кўзлаган жангари гуруҳлар мавжуд.

Бу жангари гуруҳларнинг баъзилари Толибларга қарши бўлса, аксарияти уларни дастаклайди.

ИШИДнинг пайдо бўлиши эса Толиблар ва Ал Қоидани бир-бирига анча яқинлаштирди.

ИШИД ҳар иккала гуруҳга таҳдид экани айтилади.

Толиблар ва Ал Қоиданинг туб мақсадлари фарқли бўлишидан қатъий назар, иккала гуруҳ ИШИДга қарши курашда ҳамкорлик қилмоқда.

Ал Қоиданинг раҳбари Айман ал Заваҳирий Мулло Ахтар Мансурни Толибларнинг янги раҳбари ўлароқ эътироф этди ва бошқа жиҳодий гуруҳларни ҳам шундай йўл тутишга чақирди.

Афғонистондаги жангари гуруҳлар:

• Афғонистон Исломий Амирлиги – Мулло Ахтар Муҳаммад

• Афғонистон Исломий Амирлиги Олий Кенгаши – бўлгинчи Толиблар раҳбари Мулло Муҳаммад Расул

• Ҳизби Исломий ёки Исломий партия – Гулбиддин Ҳикматёр

• Теҳрики Толибон –Покистоннинг Толиблар гуруҳи

• ИШИД – Толибларга асосий мухолиф гуруҳ

• Ал Қоида – Толиблар иттифоқчиси

• Лашкари Таиба – Покистон жангари гуруҳи

• Лашкари Жангавий – Покистоннинг мазҳабпараст гуруҳи, асосан шиаларга қарши

• Ўзбекистон Исломий ҳаракати – 2015 йилдан бери ИШИДга алоқадор

• Исломий Жиҳод иттифоқи – ЎИҲдан ажралиб чиққан ва Толиблар иттифоқчиси

• Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати – асосан Хитойдаги уйғурлардан ташкил топган гуруҳ

Жабҳалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Афғонистон ҳукумати кучларига тажриба ва аслаҳа етишмайди

Толиблар эндиликда учта жабҳада курашишмоқда.

• Афғон ҳукумати ва унинг хорижий иттифоқчилари

• ИШИД

• Толиблардан ажралиб чиққан Афғонистон Исломий Амирлиги Олий Кенгаши

Толиблар Афғонистон ҳукумати кучлари ҳамда НАТО ва АҚШга қарши 2001 йилдан бери курашиб келмоқда.

Ўтган йил январ ойидан бошлаб эса ИШИД ҳам Толибларга қарши жангга кирган.

Афғонистонда ИШИДга лойиқ гуруҳ ва жангарилар сони катта эмас.

Шунга қарамай, айни гуруҳ Толиблар учун бошоғриққа айланиб улгурган.

Толиблар ичида бўлиниш оқибатида пайдо бўлган гуруҳ ҳам жиддий муаммога айланмоқда.

Толиблар 2015 йилда баҳорги ҳужумларини кўпроқ ҳудудларни эгаллаш, доимий қароргоҳлар барпо этиш ва эҳтимолий музокараларда имкон қадар йирикроқ “савдолашиш” учун замина яратиш мақсадлари билан бошлашди.

Айни стратегия ИШИДнинг Суриядаги Раққа ва Ироқдаги Мосулда тутган йўлига ўхшаб кетади.

Аммо Толиблар йирик шаҳарларни қўлга киритишга муваффақ бўлишмади.

Афғонистоннинг йирик ҳудудлари Толиблар назорати остига ўтаётгани эса автоматик равишда Кобулдаги ҳукумат инқирозини англатмайди.

Тинчлик музокаралари яқин ўртада бошланиши кутилмоқда.

Келаси ҳафта Афғонистон, Покистон, Америка ва Хитой мулозимлари учрашишади.

Бу учрашувдан мақсад Толиблар билан музокаралар учун йўл харитасини ишлаб чиқиш экани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ