Қозоғистонда парламент яна тарқатиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи parlam.kz

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутатлари Президент Нурсултон Назарбоевдан парламентни тарқатиб юбориш ва яна муддатдан ташқари сайлов ўтказишни сўрашган.

Қуйи палата - Мажилиснинг президентга мурожаатини Сенат ҳам қўллаб-қувватлаб чиққан.

Қозоғистон парламенти аъзоларига кўра, ҳозирги пайтда оғир иқтисодий вазият юзага келган ва мушкул даврдан муваффақиятли ўтиб олиш учун Президент Назарбоев белгилаб берган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш лозим.

Мажилиснинг 13 январ куни бўлиб ўтган йиғилишида депутатларнинг Президент Назарбоевга мурожаати ўқиб эшиттирилган.

Мурожаатда айтилишича, Мажилис ўзининг тарихий вазифасини адо этиб бўлипти.

Ва ислоҳотларни кўнгилдагидек бажариш учун "партиялар сайловчиларнинг янги мандатини қўлга киритишлари муҳим".

Қозоғистоннинг бундан олдинги парламент сайлови 2012 йил январида бўлиб ўтган, у сайлов ҳам муддатидан олдин ташкиллаштирилган эди.

2011 йил ноябрида Президент Назарбоев Мажилисни тарқатиб юборган эди.

Ўшанда муддатдан олдинги сайлов ўтказилишига жаҳондаги иқтисодий инқироз сабаб қилиб кўрсатилган, бундай шароитда камида икки сиёсий партиядан иборат парламентни шакллантириш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келингани айтилган.

Қозоғистон қонунчилигига биноан, мамлакат президенти парламент икки палатаси раҳбарлари ва бош вазир билан маслаҳатлашувдан кейин парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга.

Парламент ваколатини муддатидан олдин тугатиш қарори қабул қилинган пайтда кейинги сайлов муддати ҳам эълон этилиши лозим, бу муддат икки ойдан узоқ бўлмаслиги талаб этилади.

Қозоғистон Мажилисининг ваколати қонун бўйича 2016 йил кузида ниҳоясига етиши кўзда тутилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ