Биз яшаётган жамият: Пьер Бурдё

Image caption Пьер Бурдё - машҳур француз жамиятшуноси

Би-би-си Марказий Осиё бўйича мутахассислар уюшмаси билан биргаликда янги лойиҳага қўл уряпти. "Биз яшаётган жамият" деб аталган бу рукнда жамиятшунослик пешволарининг замонавий жамиятлар ҳақидаги қарашлари муҳокама этилади. Бу сафар машҳур француз жамиятшуноси Пьер Бурдё ҳақида гапни Ҳонг-Конг университети профессор ёрдамчиси Брук Боландер қилади.

Пьер Бурдё шубҳасиз 20 асрнинг энг таниқли жамиятшунос олимларидандир. Унинг асарлари ҳануз социология, антропология, лингвистика ва фалсафа фанларига таъсир этмоқда. Франциянинг Денгуин шаҳрида 1930 йили туғилган Бурдё Париждаги машҳур Эколь Нормаль университетини тугатиб, вилоят шаҳарчаларида домлалик қилган. 1956 йили эса у Жазоирга жўнатилган. У ерда у икки йил ҳарбий хизматда бўлиб, яна икки йил ўлкада тадқиқотлар ўтказган ва маълумот йиғган.

1960 йили Парижга қайтиб, у асосан университетларда дарс берган ва Франция Коллежида жамиятшунослик раиси бўлган. Унинг Жазоир тажрибаси кейинги асарларида ва жумладан 1977 йили чоп этилган "Амалиёт Назариясига Чизгилар" китобида акс этган. Бурдёнинг Жазоирда ўтказган тадқиқотлари асосан маҳаллий амалларни кузатиш ва уларнинг маъносини чақиш ҳамда кенгроқ кўламда жамиятга таъсири ҳақида бўлган. Жумладан, у хонадонларнинг қоронғу ва ёруғ, ичкари ва ташқари, паст ва баланд жиҳатларини ўрганиб, бундан иккиламчи бўлиниш: назария (ўйлаш жараёни) ҳамда амалиёт (инсонлар қилган нарсаларни кузатиш) концепциясига келган. Бурдё учун инсонларни кузатиш ўзини кузатиш билан чамбарчасдир. Кузатиш жараёни ҳакм назария ва амалиётга таяниши керак. Иккаласи ҳам чамбарчас бўлишлари лозим.

Ўша даврдан бошлаб Бурдё мушкулроқ муносабатлар - тизим (бояги хонадонлардаги каби) ва ижтимоий амаллар орасидаги мутаносибликни ўрганган. Бу дегани, бизнинг ижтимоий амалларимизга ижтимоий тизимлар ва ёш, жинс, иқтисодий омиллар қай тарзда таъсир этади деган масала унинг диққати марказида бўлган. Бурдёнинг фикрича, инсонлар ўз танловлари асосида, ўзига хос йўлда ўзларини тутишлари мумкин, лекин айни пайт уларга кенгроқ тизимлар ҳам таъсир этади.

Бурдё ўз асарларида тасниф (жамиятнинг тузилиши ва ташкилотлари) ҳамда ижтимоий узвийлик масалалрига ҳам ўз эътиборини қаратган. Бу масалаларда у ҳокимият ҳамда тенгсизлик муаммоларига боғликлигни кўрган. Дейлик, китобларга бой оилада, кўп тилларни ўрганиб, ё муҳим деб саналган тилда гаплаша оладиган, театрларга бора оладиган, ҳамда ота-онаси олий маълумотли бола ўз ҳаётида бу имтиёзларсиз ўсган бошқа болага нисбатан кўпроқ зафар қозониши ва қудратлироқ бўлиши анча табиийдир. Бу омилларни Бурдё "маданий сармоя" деб атаган. Айни шу ҳодиса "иқтисодий сармоя" (пул маблағи), "ижтимоий сармоя" (таниш-билиш) ҳамда "рамзий сармоя" (шон-шараф, обрў)ларга ҳам молик. Бу масалалар кўплаб жамиятларда мавжуд ва, масалан, Марказий Осиё мамлакатларидаги тенгсизликни ҳамда қудратни тушунишда ҳам қўл келади.

Жамият қандай қилиб тузилганлигини ўрганиш учун Бурдё турли концепциялар тузган. Булардан бири 'habitus' деган концептдир. Бу сўз лотинча бўлиб "одат, анъана"ни англатади. Ҳар биримиз турли habitus га эгамиз, чунки ҳаёт тажрибамиз турлидир, "habitus" худди ижтимоий жомадонимиз каби нарса, биз унга умримиз давомида йиққан одатларимизни тўплаб борамиз. Биз йиғган нарсалар бизнинг тажрибамиз ва бу тажрибани қай йўсинда йўйишимизга боғлиқдир. Бироқ бу йиғинди бир тарафдан ўзлаштирилар экан (ташқари дунё ичкига айланади), бошқа тарафдан ташқарилаштирилар экан (ички ҳис-туйғуларнинг ташқарига амал тарзида ёйилиши), бояги жомадонимиз ё сандиқ ҳам ўзгариб боради. Яъни, у бир тарафдан тузилган, бошқа тарафдан эса тузилиб борувчидир. Инсонга қарата айтсак, бир тарафдан жамият инсоннинг одатларини шакллантиради, бошқа тарафдан эса инсон ҳам жамият муҳитига қараб ўз юриш-туришини ўзгартириб боради. Айни шу ҳол жамиятнинг бир тарафдан узвийлигини, бошқа тарафдан ўзгаришга мойиллигини асослаб беради.

Бу қарашларнинг барида марказий нуқта - ҳокимият ва устиворлик масаласидир. Ҳар бир инсон ўз habitus ига эга экан ва ҳар бир инсон амалларга қўл урар экан, ҳукмдор давралар шунинг учун ҳам ҳукмдорки, улар "шу замон ва шу маконда мана бундай-бундай қарашлар ва амаллар мақбул, қонуний ва мақтовга лойиқ" деган қолипларни ўрнатишади.

Аслида ҳеч бир амал бошқасидан зиёда эмасдир. Ижтимоий келишувлар маълум амалларни бошқаларидан устун қўяди. Бу келишувлар кетида маълум давралар ва кучлар мавжуд экан, жамият мувозанатдан холидир. Яъни, баъзилар бошқаларга қараганда қудратлироқ. Кўпинча, бу каби келишувлар афкори умумияга тенглаштирилади ва танқидсиз қабул қилинади. Марказий Осиёдан мисол келтирадиган бўлсак, дейлик, мен Тожикистонда ягона расмий тил тожик тили бўлишини табиий деб билсам, мен бу қарашнинг Тожикистондаги бошқа озчиликларнинг қарашларига нисбатан қанчалик адолатли эканлигини инобатга олмаслигим тайин. Мен бу ҳолатда Тожикистонда ҳамма тожикча гаплаша олишини кутаман, буни эплай олмаганларни танқидга тутаман. Тожик тилини бошқа тиллардан устун қўйган тизимга эса тил теккизмайман.

Бу ва бошқа мисолларда кўрганимиздек, Бурдёнинг жамиятшунослик қарашлари, булар қатор эркин сўзлаш ҳуқуқи ҳақидаги фикрлари, ҳануз ҳам долзарб, улар муайян бир минтақага холос молик эмас, балки дунё бўйлаб, жумладан Марказий Осиёда ҳам эътиборга лойиқдир.

Брук Боландер (Brook Bolander) Ҳонг-Конг университети Профессор ёрдамчиси

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio