Тожикистон хавотирда

Расмий Душанбе хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари боис, қўшни Афғонистон шимолидаги икки консуллигини вақтинчалик ёпишга қарор қилди.

Тожикистон мустақиллиги билан кечган чорак аср давомида тожик ҳукумати ҳеч қачон бу каби қадамга бормаган.

Пойтахт Душанбедаги етакчи маҳаллий журналистлардан бири Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Афғонистоннинг Бадахшон вилояти маркази Файзобод ва Қундуз шаҳридаги консулликлари фаолияти ҳар икки давлат учун катта аҳамият касб этади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳам Тожикистон ва ҳам афғонистонликлар назарда тутилганда, йилига 5 мингга яқин киши бу икки консуллик хизматидан фойдаланиб келишган.

Тожикистондан шахсий ёки бизнес мақсадида Афғонистонга ўтган фуқаролар ўзларига бевосита чегарадош бу вилоятлардаги консулликларда расман қайддан ўтишган.

Маҳаллий афғонлар эса, фаолияти бутун Афғонистон шимолини қамраб олган Файзобод ва Қундуздаги тожик консулхоналарига Тожикистонга бориш учун виза сўраб мурожаат қилишган.

Тожикистонлик журналист Искандар Фирузнинг айтишича, бу икки консулликнинг фаолияти, айниқса, чегараоша тижорат учун муҳим, деб кўрилган.

2010 йилда асос солинаркан, тожик консулхоналарининг Афғонистон шимолидаги фаолиятидан асосий мақсад ҳам бу икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларини яхшилаш бўлган.

Улар – Тожикистоннинг Афғонистон шимолидаги учта дипломатик миссиясидан иккитаси бўлишган.

Яъни, тожик ҳукумати пойтахт Кобулдаги элчихонасидан ташқари, Афғонистоннинг шимолий Мозори Шариф шаҳрида ҳам яна бир консулхонасига эга.

Файзобод ва Қундуздаги консулликларини вақтинчалик ёпишга қарор қилишганини расман маълум қилган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг аниқ қачон қайтиб ишга тушиши ҳақида бир гап демаган.

Душанбедаги журналист Искандар Фирузнинг айтишича, вазирлик қўшни Афғонистоннинг бу икки шимолий-шарқий вилоятидаги вазият барқарор бўлиши билан консулликлари хизмат кўрсатишни бошлашини айтиш билан кифояланган, холос.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, сўнгги янгилик ўртага чиқаркан, турли оммавий-ахборот воситаларида Тожикистон томони бу каби қарорга Афғонистоннинг шимолий Мозори Шариф ва шарқий Жалолобод вилоятидаги сўнгги йирик ҳужумлар ортидан боргани алоҳида урғуланган.

Жумладан, яқинда бир гуруҳ жангарилар Ҳиндистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги консуллигини нишонга олишган, афғон хавфсизлик кучлари билан икки ўртадаги жанглар узундан-узоқ соатларга чўзилганди.

Шаҳар масъуллари бир сиқимгина жангариларни даф этиш учун ҳам ҳаво ва ҳам ердан қўшимча мадад кучлари сўраб, мурожаат этишга ҳам мажбур бўлишганди.

Бошқа томондан, ўтган 2015 йилда айнан Афғонистон шимоли, шимоли-шарқидаги вазият жиддий издан чиқаркан, Тожикистоннинг Қундуздаги консуллиги биноси яқинида портлаш юз берган, Бадахшондагиси яқинида эса, қақшатқич жанглар кечгани хабар берилганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, орада маҳаллий афғон масъуллари ИШИД гуруҳи жангариларига нисбат берган иттифоқчилари билан мамлакатнинг айнан Тожикистонга бевосита чегарадош айрим шаҳар ва вилоятларини кетма-кет босиб олишга муваффақ бўлишганди.

Бу ерларни жангарилардан тозалаш учун эса, афғон ҳукуматига, ҳатто, Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучларининг кўмаги билан ҳам ҳафталар керак бўлганди.

Ўтган йил охирларида муайян муддатга босиб оларкан, Тожикистонга бевосита чегарадош Қундуз вилояти маркази бўлган Қундуз Афғонистондаги тузуми қулатилган 2001 йилдан буён Толибон ҳаракати қўлга киритган энг йирик ютуқ сифатида баҳо топганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MOI

Аммо, таъкидлаш жоиз, шундоққина биқинларида бўй кўрсатаётган бу каби вазиятдан жиддий хавотирда эканликларини ошкора ва бот-бот таъкидлаб келишаётганига қарамай, ҳозирча, Тожикистондан ташқари қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу каби қадамга бормаган.

Фақат 2014 йилда бир гуруҳ ноқонуний қуролли шахсларнинг Афғонистондан ўз ҳудудига босқини ортидан, Туркманистон илк бор қўшниси билан ўзаро чегарасини бир томонлама ёпишга қарор қилганди.

Бор-йўғи бир йилнинг ичида Афғонистоннинг ўзлари билан бевосита чегарадош ҳудудлари хавфсизлиги жиддий издан чиқиб улгураркан, тожик ҳукумати ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган бир даражада чора-тадбирларга қўл урган.

Афғонистон билан ўзаро чегарасида қўшимча ҳимоя чизиқларини ташкил қилган, у ерга минглаб сондаги қўшимча мадад кучларини ҳам сафарбар этган.

Ўтган бир йил давомида Афғонистон шимоли-шарқидаги вазиятдан расман ўз хавотирларини жиддий равишда изҳор этиб келаётган Россия томони эса, Афғонистондаги жангариларнинг Тожикистонга бостириб киришлари эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, расмий Душанбенинг кутилмаган қарори Афғонистоннинг Тожикистон билан бевосита чегарадош ва ўтган уч ой давомида жангарилар қўлида бўлган Дарқад тумани кенг кўламли ҳарбий амалиёт ортидан, қайтиб афғон ҳукумати назорати остига ўтган бир манзарада янграмоқда.

Афғонистонда хорижий давлатларнинг жаъми 40 га яқин консуллиги ва 59 та элчилиги расман фаолият юритади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ