Туркманистонда полиция билан оммавий муштлашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Хабарларга кўра, Гўрўғли посёлкасида юз берган оммавий муштлашувга полиция ходимларининг ўзлари сабаб бўлишган. Уларга уч юздан ортиқ қишлоқлик қарши чиқишган. Тошҳовуздан мадад кучлари ҳам ёрдамга келган.

Туркманистоннинг ўзидан хабар олиш, йилларки, қийин қолаётган бир манзарада бу ҳақда “Хроника Туркменистана” мухолиф веб-сайти хабар берган.

Мазкур веб-сайтнинг ёзишича, оммавий муштлашув янги йил кечаси келиб чиққан.

Ҳар икки томондан одамлар яраланган, ўттизга яқин киши ҳибсга олинган.

Аммо «ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмаслик» ҳақидаги ёзма тилхат олиниб, ҳибсдагилардан аксарияти бир-икки кундан кейин қўйиб юборилган, деб давом этади “Хроника Туркменистана” нашри.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, юз берган оммавий муштлашув ортидан, туман ҳокими истеъфога чиқарилган.

Тошҳовуз вилоят прокуратураси тергов ишларини бошлаб юборган.

Туркманистон Ички ишлар, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Бош прокуратураси вакиллари эса, шу ой бошида шахсан Гўрўғли қишлоғига ташриф буюришган.

Мухолиф интернет нашрининг маҳаллий кузатувчиларга таяниб ёзишича, аҳоли орасида норозилик туйғуси кучайиб бормоқда

Туркман ҳукумати эса, мамлакати тўқнаш келиб турган бирор бир жиддий муаммони тузук-қуруқ ҳал этолган эмас.

Яъни, мамлакатда ишсизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Қишлоқ ва шаҳарлардаги ижтимоий-маиший муаммолар ҳануз бартараф этилмаган.

Соғлиқни сақлаш ва маориф тизимининг аҳволи йил сайин баттарлашиб бормоқда.

Полиция кучлари ва юзлаб оддий туркманлар ўртасидаги оммавий муштлашув эса, Туркманистонда амалда бўлган «Тинчлик ва Нейтралитет йили»да юз берган.

Тарихча ўрнида

Агар, “Хроника Туркменистана” нашри келтириб ўтган тафсилотларга таянилса, янги йил кечаси Гўрўғли қишлоғи марказидаги туман ҳокимлик биносига яқин кўчадан ўтиб кетаётган бир гуруҳ полиция нозирларининг кўзи мушак отаётган болаларга тушади.

Аён бўлишича, улар болаларга шунчаки танбеҳ беришнинг ўрнига, иккита ёшгина болакайни ушлаб олишади.

Шовқин-суронга уларнинг ота-оналари ва меҳмонлари ҳам кўчага чиқишади.

Икки ўртада жанжал-сурон бошланади ва полиция нозири улардан бирига мушт туширади.

Қўшни ҳовлилардан ҳам одамлар ёрдамга етиб келишади.

Зарба еган қишлоқдошларини ҳимоя этмоқчи бўлишади.

Полиция нозирларига таъна қилиб, уларга таҳдид қилишади.

Бошқа кўчалардан ҳам қишлоқликлар оқиб келишади.

«Ҳатто, байрам куни ҳам бизни тинч қўймайсизларми, деб», полиция нозирлари билан муштлашиб кетишади.

Ишга таёқлар ва тошлар ҳам тушади, деб ёзади “Хроника Туркменистана” нашри.

Қишлоқ аҳолисини жиловлай олмаган полиция нозирлари эса, ёрдамга қўшимча мадад кучларини чақиришади.

Кеч тун бўлгани учун, бу аскарларнинг айнан қайси куч тизимларига тааллуқли эканликларини билиш мумкин бўлмаган, дейди нашр.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кеч тун соат бирларга борибгина, оммавий муштлашув якун топади.

4 январ куни эса, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Гўрўғлиники дохил 12 туман ҳокимини ўз вазифасидан озод этгани маълум бўлади.

Аммо “Хроника Туркменистана” интернет нашрининг ёзишича, Гўрўғли ҳокими ўтган йили ҳам пахта ва ҳам ғалла режасини бажаришнинг уддасидан чиққан.

У бошқараётган Гўрўғли посёлкаси эса, 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ва маданий кўрсаткичлар бўйича бутун Туркманистонда «энг яхшиси», деб тан олинган.

Бунинг учун $ 1 миллион доллар мукофот пули билан тақдирланган.

Шу боисми, 12 нафар туман ҳокимидан фақат М.Маммедов «саломатлиги билан боғлиқ сабаблар туфайли» ўз вазифасидан озод этилгани айтилган.

Унинг кейинги тақдири эса, ҳозирча, маълум эмас.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, бу каби кўламдаги ва устига устак полиция кучлари иштирокида юз берган муштлашув Туркманистоннинг бу яқин мустақиллик тарихида кузатилмаган.

Қатор халқаро ҳисоботларда эса, Туркманистон «авторитар режимлар амал қилувчи давлатлар» сирасига киритилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ