Тожикистон: "Бир ўқ билан... уч қуёнми?.."

Image caption Ота-бола

Тожикистон парламенти “миллат раҳнамоси” мақоми берилган президент Раҳмонни амалда “умрбод президентлигини” ҳам кафолат қўйиш ҳаракатига тушган.

Қонунан президентлик учун икки бор сайланиш шарти фақат “миллат раҳнамоси” бўлган Раҳмонни четлаб ўтади.

Тожикистондан ташқари, Қозоғистон ва қўшни Ўзбекистонда ҳам президентлар қонунларни ўзларига мослаштирган ҳолда қудратни сақлаб қолишмоқда.

Тожикистон ўз конституциясига ўзгартиришлар лойиҳасини ҳали ошкора эълон этганича йўқ, аммо афтида бу “ислоҳотлар” борасида референдум ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Айни лойиҳада президентликка номзоднинг ёши ҳозирги 35 дан 30 га туширилиши кутилади. Шунингдек, конституциянинг сиёсий партиялар тузишга доир 28-банди ҳам ўзгартирилиши, ушбу моддадан фуқароларнинг диний моҳиятга эга сиёсий партия тузиш ҳуқуқи истисно қилиниши мумкин.

Бир ўқ билан...уч қуёнми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий

Эҳтимолий референдумнинг натижалари Тожикистон ҳукуматининг кўнглидагидай бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Кузатувчиларга кўра, Раҳмон ва унинг оиласи ҳамда тарафдорлари, таъбир жоиз бўлса, бир ўқ билан иккита эмас, учта қуённи уришади.

Биринчиси, 2020 йилга келиб 68 ёшга етадиган Имомали Раҳмон “миллат раҳнамоси” ўлароқ, президентлик сайловида яна бир бор ўз номзодини қўйиши мумкин.

Иккинчиси, мабодо “иссиқ жон” деганларидай, Имомали Раҳмоннинг саломатлиги кўтармаса, унда унинг ўғли Рустам Раҳмон президентликка даъвогар қилиши мумкин, чунки давлат раҳбарлигининг энг кичик ёшини 35 дан, 30 га тушириш режаланмоқда.

Учинчи ўқ эса амалда аллақачон “отилган” ва нишон Ислом Уйғониш партиясидир.

Айни партия мамлакатда “террорчи” деб тан олинган ва фаолияти расман тақиқланади.

Аммо Конституцияга киритилажак янги ўзгаришларда “диний партиялар фаолияти тақиқланади” қабилида янги модда бўлиши мумкин.

Бу эса, кузатувчиларга кўра, Имомали Раҳмон қудратига жиддий хавф солиб келаётган асосий мухолифат партиясининг қайта бош кўтаришига қонуний тўсиқ бўлади.

Халқ нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.tj
Image caption Умра зиёратида

Пайғамбар ёшига етган ва яқиндагина Умра зиёратини бутун Тожикистонга кўз-кўз қилиб адо этган Имомали Раҳмон 1992 йилдан бери қудратда қолмоқда.

У президент сайловларида тўрт марта, кетма-кет иштирок этган.

“Тожикистонликлар учун ким қудратга келишининг фарқи йўқ, муҳими тинчлик бўлса бас. Бу гал референдум ва ёки сайловларни сохталаштиришга ҳам эҳтиёж бўлмайди. Аксарият аҳоли сиёсатга қизиқмайди.Фуқаролар уруши ҳамон одамларнинг ёдида...Тожикистонликларга уруш бўлмасин, қолгани муҳим эмас”, дейди сиёсатшунос Парвиз Муллажонов.

"Имомали туравергани яхши тепада...Янгиси барибир очроқ бўлади, то у тўйганича халқ яна эзилади", дейди Россияда ишлайдиган тожикистонлик муҳожирлардан бири.

Тожикистон ва қўшни Ўзбекистонда ҳам ҳукуматлар халқнинг сабри ва тинчликсеварлигини ўзларига нисбатан билдирилган ишонч деб қабул қилишади.

Айни янглиш қараш Душанбе ва Тошкент учун хос бир кўринишдир, дейди кузатувчилар.

Аммо бу давлатлардаги ишсизлик, кенг қулоч ёйган порахўрлик, қашшоқлик ва куч ишлатар тизимларининг бедодлиги аввалига турфа радикал унсурларнинг пайдо бўлишига хизмат қилган бўлса, эндиликда бу гуруҳларнинг кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Яқинда халқаро Инқироз гуруҳи ҳам Тожикистондаги вазиятдан ўз хавотирларини изҳор этганди.

"Президент Имомали Раҳмоннинг 23 йиллик бошқаруви даврида Тожикистон зўравонлик, бебошлик, коррупция ва оммавий муҳожиротга юз тутди" - ёзади халқаро Инқироз Гуруҳи ўзининг сўнгги ҳисоботида.

"Диний ва сиёсий мухолифатни назоратга олиш ва Тожикистон Исломий Уйғониш партиясини тақиқлаш норозликларга етакламоқда”, дейилади ушбу ҳисоботда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ