Туркманистонда сигаретлар тақиқланди

Image caption Туркманистонда сигаретларга қирон келдими?

Туркманистон мулозимлари бир неча минг қути тамаки маҳсулотларини чекишга қарши кураш кампанияси баҳонасида ёқиб юборишган.

Маҳаллий матбуотга кўра, мамлакат ҳудудида сигарет савдосига ёппасига тақиқ ўрнатилган.

Chrono-TM интернет нашрининг ёзишича, тамаки маҳсулотларини сотганлик учун штраф 1.7 минг доллар қилиб белгиланган.

Би-би-си Туркманистондаги манбасига кўра, дўконлардан ростдан ҳам сигаретлар йўқолиб қолган.

Айни пайтда Chrono-TM нашри тамаки маҳсулотларининг қора бозори пайдо бўлгани ва бир қути сигарет нархи 12 долларга қадар пулланаётгани ҳақида ёзмоқда.

Франс Пресс ахборот агентлининг хабар қилишича, дўкондорлар сигаретларни фақат ўз танишлари ва доимий мижозларга раста остидан сотишмоқда.

Соғлом турмуш тарзи учун курашаётган президент

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Соғлом турмуш тарзи учун курашчи

Гап шундаки, 5 январ куни ҳукумат мажлиси борасида телевизион лавҳа тайёрланган.

Унда иштирок этган президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Жамият саломатлигини ҳимоялаш давлат қўмитасининг фаолиятини танқид қилган.

Президент кашандаликка қарши кураш йўлида жиддий чоралар кўрилишини урғулаган.

Ана шу чоралардан бири ўлароқ, минглаб қути сигаретларнинг ёқиб юборилиши бўлган.

Шунингдек, саломатликни ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари дўконларда текширувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар бор.

Туркманистон президентининг аввалги касби тиш доктори бўлгани маълум.

Матбуот хабарларига кўра, президент соғлом турмуш тарзининг ашаддий ҳимоячиларидан биридир.

Туркманистонда 2011 йилда акциз солиқлари оширилган ва 2013 йилга келиб жамоат жойларида чекиш тақиқлаб қўйилганди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкитотига кўра, Туркманистонда энг оз сонда кашандалар истиқомат қилишар экан.

Сигаретлар нархи ҳам Туркманистонда бошқа давлатларга нисбатан жуда қиммат экани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ