Президент Раҳмон: ТИУП сентябр "давлат тўнтаришини" дастаклаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистон Президенти 20 январ куни ўзининг халққа йиллик мурожаати билан чиққан.

Ўз нутқида Президент Раҳмон яна бир бор Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП)ни 2015 йил сентябридаги қонли ҳодисаларни қўллаб-қувватлаганликда айблаган.

Президент Имомали Раҳмоннинг йиллик мурожаати Тожикистон давлат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган.

Маърузасида Президент Раҳмон сентябр бошидаги ҳодисаларни тақиқланган Ислом Уйғониш партияси дастаклаган "қуролли давлат тўнтаришига уриниш" деб таърифлаган.

"Сентябр бошида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси собиқ раҳбариятининг тўғридан-тўғри молиялаши ва назорати остида уятли ҳодисалар рўй берди, бу яна бир бор хориждаги сиёсий доиралар ўзларининг Тожикистон халқига қарши иблисона ниятларидан қайтмаганларини ва ўзларининг маккор қўпорувчилик режаларини бу ердаги ёлланмалар кўмагида амалга оширишни ва халқимиз устида хорижий тизимни барпо этишни хоҳлаётганларини исботлайди", деб айтган Президент Раҳмон.

Президент Раҳмон сўзларига кўра, Тожикистон халқи "1990 йиллар бошида бўлганидек ўзининг тинч, бехавотир ҳаётини кимлардир фитна-найранглар билан бузишига йўқл қўймайди".

"Шунинг учун мамлакат халқининг фаол дастаги билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хавфсизлик кучлари "террорчиларнинг гуруҳи"ни қисқа вақт ичида йўқ қилди", деб айтган Тожикистон президенти.

Имомали Раҳмон сўзлари давомли қарсаклар билан қарши олинган.

У Тожикистон халқини сиёсий ҳушёрликни йўқотмасликка чақирган.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аҳоли орасида кучли таъсирга эга иккинчи ва Марказий Осиёдаги ягона қонунан рўйхатга олинган ягона исломий партия эди.

Ислом Уйғониш партияси Президент Имомали Раҳмон ҳукуматига қарши урушда иштирок этган, Тожикистондаги фуқаролар уруши 1997 йили БМТ воситачилигида тўхтатилиб тинчлик битимига эришилган эди.

2000 йиллардан буён илк бор 2015 йил мартидаги парламент сайловида Ислом Уйғониш партияси парламентда бирорта ҳам ўринга эга бўлолмади.

Бу сайлов халқаро кузатувчилар ва мухолифат томонидан сохтагарчиликларга тўла деб таърифланди.

Тожик расмийлари ТИУП фаолиятини 2015 йил августида тақиқладилар.

Сентябр ойида эса террорчилик ташкилоти деб эълон қилинди.

Парламент сайловидан кейин партия лидери Муҳиддин Кабирий Тожикистонни тарк этди ва у ҳозир муҳожиротда қолмоқда.

Тожик расмийлари Ислом Уйғониш партиясини сентябр ойидаги собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода раҳбарлигидаги қуролли исёнга алоқадорликда айбладилар.

Бир кунда исломий партиянинг камида 13 аъзоси ҳибсга олинган ва уларга жиноий айбловлар илгари сурилган.

ТИУП раҳбарияти ўзларига нисбатан Тожик расмийлари илгари сураётган айбловларни рад этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ