"Тожик муҳожирлари юборадиган пуллар камайиб кетди"

Image caption Тожик муҳожирлар ёппасига ватанига қайта бошлаганлар.

Тожикистон Миллий Банкининг раиси Жамшид Нурмаҳмадзоданинг билдиришича, Россиядан мамлакатга юбориладиган доллар ҳисобидаги пул ўтказмаларининг ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 33 фоизга камайган.

Асосий қисми меҳнат муҳожирларининг пулларини ташкил қиладиган маблағнинг қисқариши бу ўтказмаларга қарам бўлиб қолган Тожикистон иқтисодига кучли зарба берди.

Тожик иқтисодчилари фикрича, тожик валютасининг тинимсиз қадрсизланиши мамлакатнинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бўлган Россияга Ғарб томонидан киритилган санкцияларга тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Тожикистондаги иқтисодий вазият кўп ҳолларда Россия иқтисодининг аҳволидан келиб чиқиб белгиланади, дейди таҳлилчилар.

Долларда юбориладиган пул ўтказмалари 33 фоизга қисқарган бўлса, Россия рублидаги ўтказмалар ҳажми 3 фоизга ошди. Шу билан бирга четдан келган 95 фоиз пул Россиядан юборилган", дея аниқлик киритади Жамшид Нурмуҳмадзода.

Шундай бўлсада, мамлакат бош банкири ўтган йили Тожикистонга қанча пул юборилган эди деган саволни очиқ қолдиради.

Сомоний девалвацияси

Охирги йилларда Тожикистон миллий валютаси қадри кескин тушиб кетди. Нақд доллар билан боғлиқ етишмовчилик боис миллик банк барча валюта айирбошлаш шаҳобчаларини ёпишга қарор қилди.

Айни пайтда хорижий валютани мамлакат йирик банкларида қора бозордан анча паст нархда айирбошлаш таклиф қилинмоқда. Агар банкда 1 доллар 7 сомони 83 дирама бўлса, қора бозорда 8 сомони 90 дирамга алмаштириш мумкин.

Миллий банк ноқонуний валюта амалиётлари билан шуғулланувчи валютафурушларга қарши кескин чоралар кўра бошлаган. Ноқонуний валюта операциялари учун жарима ўтган йили 3 миллион сомонини ташкил қилган.

Image caption Тожикистонга қарийб 95 фоиз пуллар меҳнат муҳожирлари томонидан Россиядан юборилган.

Тожикистондаги ҳозирги муаммолар Ғарбнинг Россияга қарши жазо чораларидан кейин бошланди ва меҳнат муҳожирлари юборадиган пуллар сезиларли қисқарди. "Рублда муҳожирларнинг ўтказмалари қисқармади ёки унча ҳам сезиларли бўлмагани сабабли миллий валюта девалвацияси содир бўлди. Бир доллар 5 сомонийдан 8 сомонийга чиқди. Сотиб олиш имкониятининг кескин тушиши ўз таъсирини кўрсатди. Автомобил ва турар-жой бозори гўёки музлади. Уларнинг нархи тушиб кетди", дейди иқтисодий таҳлилчи Бехруз Ҳимо.

Майда савдогарлар зарар кўришди

Тожикистон солиқ хизмати маълумотларига кўра, охирги йилда 20 мингдан ортиқ кичик ва ўрта тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатганлар.Уларнинг аксарияти солиқ тўлашга қурби етмаган.

"Кийим-кечак ва пойабзал савдоси қисқарди. Бу кўплаб майда тадбиркорларнинг бозорини синдирди ва камбағалчилик даражаси ошди.2000 йилларнинг бошларидан бери меҳнат муҳожирлари маблағига камбағаллик даражаси қисқариб келган бўлса, ҳозир бу жараён тўхтади ва қашшоқлар сони ошиш бошланди", дейди Беҳруз Ҳимо.

Ҳар йили муҳожирлар мамлакатга 3-4 млрд доллар, яъни бутун Тожикистон бюджетидан 1,5 баравар кўп маблағ юбориб келишган.

Муҳожирлар пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМнинг 40 фоизигачасини ташкил қилган. Мустақил иқтисодчиларнинг маълумотларига кўра, ўтган йил бу кўрсаткич 25 фоизгача қисқарган. Тожик меҳнат муҳожирлари ватанларига энди доллар эмас, Россия рублини юбора бошлашган.

"Россия рубли кескин қадрсизланди. Муҳожирлар ҳозир доллар сотиб олишга қурблари етмайди. Улар рубл юборишади.Лекин бу ерда у жудаям арзон туради. У соат сайин тушиб бормоқда. Халқаро хорижий валюталар- доллар ва евро ҳар қандай банкнинг хавфсизлик ёстиқчаси ҳисобланади. Шунинг учун уларни сотиш кескин пасайди, талаб эса ошиб кетди", деб таъкидлайди Фируз Саидов.

Тожикистон, улкан савдо дефицитига эга -импорт экспортдан икки баравар кўп. Бу дефицит деярли тўлиқ ҳолатда муҳожирлар юборган пуллар ҳисобига ёпилади. Тожикистоннинг асосий импортчилари - Россия, Эрон, Хитой ва Туркиядир. Деярли ҳамма нарса, озиқ-овқатдан тортиб йирик ишлаб чиқариш технологияларигача импорт маҳсулотлар ҳисобланади.

Истеъмол тушмоқда

Импортнинг камайиши ортидан истеъмол ҳам сезиларли камайган, шундоқ ҳам паст бўлган ҳаёт даражаси янада пасайган.

"Бозорда кичик жойим бор. Пойабзал сотаман. Бир ой мобайнида бирорта ҳам оёқ кийим сота олмадим. Ёнимдаги дугонам бир жуфт памперс сотди. Бунинг устига банкдан олган қарзимизни узишимиз керак. Сомоний ҳам ошиб кетди. Ҳамма қарзни долларда узишни сўрайди, уни қаердан оламиз? Курс даҳшат даражада ошган. Савдогарлар иложсиз ҳолатда. Нима қилишимиз керак?"- дейди кичик тадбиркор Моҳира Султонова.

Бундай мураккаб иқтисодий вазиятда Тожикистон меҳнат вазирлиги 300 мингдан ортиқ муҳожирга Россияга кириш таъқиқланганини эълон қилди. Танқидчилар Душанбедан Россиянинг Тожикистондаги 202 ҳарбий базаси эвазига кўпроқ муҳожирлик имтиёзлари олишга эришишни талаб қилишмоқда. Бироқ кўпчилик Россиядаги ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бунга эришиш осон эмаслигини ҳам тушунади.

"Кўп муҳожирлар Россияда иш топа олишмаяпти. Ишлаб юрганлар ҳам қийинчиликга учрамоқдалар. Мисол учун патент, ижара, озиқ-овқат учун 26 минг Россия рубли тўлаши керак. Ўзи эса 21-25 минг рубл олади. Кўпчилик уйларига пул юбора олмай қолишди. Янги муаммо пайдо бўлди. Патентни расмийлаштириш учун иш берувчининг шартномаси керак. 99 фоиз ҳолда у сохта, фирмалар бир кунлик бўлиб чиқади. Муҳожирлар чегарани кесиб ўтишга тўғри келади. Бу ҳам 15-25 минг рубл. Аҳвол оғир. Кўпчилик ватанига қайтмоқчи, лекин уларни бу ерда нима кутади?" деб савол беради Россиянинг "ЭТМОС" нотижорат ҳамкорлик ташкилоти президенти Каримжон Ёров. Санкциялар урушида меҳнат муҳожирлари азоб кўрмоқда.

"Аввалига Ғарб санкциялари ишимга таъсир қилди. Қурилиш фирмасида буюртмалар камайди, маош камайди. Уйга камроқ пул юбора бошладим. Бир йилдан кейин Россия бизнинг фирмамизнинг ўзига санкция чиқарди. Чунки уни турклар бошқаради. Шундай қилиб ишсиз қолдим. Янги иш топиш жуда қийин, ватанда эса умуман имконсиз. Мана шундай қилиб яшаяпмиз", дейди меҳнат муҳожири Хушбахт Шарипов.

Тожикистон Меҳнат вазири Сумангул Тоғойзода Россияга борадиган меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йил 18 фоизга қисқаргани, уларга мамлакатда иш ўринлари яратилишини айтади.

Бироқ кузатувчилар меҳнат вазирининг гапларига шубҳа билан қарашади.

"Яқин йилларда вазият ўзгармайди. Меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият 2017-2018 йилгача яхшиланиши мураккаб", дейди иқтисодчи Беҳруз Ҳимо. Унинг сўзларига кўра, Тожик ҳукумати янги авлодни инглиз тилини ўрганишига эътибор бериши ва Оврўпо Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея ва АҚШ билан меҳнат муҳожирлиги борасида шартномалар тузишга ҳаракат қилиши лозим.

Шу тариқа биз 10 йилларда Россияга иқтисодий ва сиёсий қарамликни камайтирамиз. Ҳозир эса Тожикистон Россияда меҳнат муҳожирларининг аҳволини енгиллаштириш учун ЕАЭС га аъзо бўлиши зарур. Чунки унга аъзо Қирғизистон ва Арманистон муҳожирлари Тожикистон ва Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирларидан кўра камроқ зарар кўришди ва кўпроқ пул юборишди", деб айтади тожикистонлик иқтисодий таҳлилчи Беҳруз Ҳимо.

Тожикистон Россия ва Ғарб ўртасидаги санкциялар урушида қатнашмаяпти, лекин унинг асоратларини кўпроқ ҳис қилишга мажбур бўлмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio