“Президентнинг тарихдан хабари борми?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj
Image caption Президент Раҳмон

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яна мамлакат қишлоғу шаҳарларининг тарихий номларини қайта номлашга тушган.

Журналистларга кўра, Имомали Раҳмоннинг талаб ва таклифлари билан асосан келиб чиқиши туркий бўлган жой номлари ўзгартирилмоқда.

Мамлакат шимолидаги Қайроққум шаҳри Гулистонга, Шўролар даврида қад ростлаган Чкаловск эса Бўстон деб аталадиган бўлади.

Ғончи райони Деваштич, Қайроққум сув омбори эса “Баҳри Тожик” ёки Тожик денгизига айланади.

Қумсангир – Жайҳун: Тавилдара- Сангвор;Жиликўл – Дўстй; Шўробод –Шамсиддин Шоҳин.

Президент матбуот хизматидагилар айни амаллар “ватанпарварлик ва миллий қадриятлар”ни тиклаш йўлида қилаётганини айтишган.

Муқаддам Тожикистонда бошқа келиб чиқиши туркий бўлган қатор жой номлари алмаштирилганди.

Улар қаторида Истарафшанга айланган Ўратепа шаҳри ва Спитанменга эврилтирилган Нов ҳам бор.

Қатаған қишлоғи Зарзамин, Ўткансой - Чашмасор, Қамишқўрғон - Меҳробод, Оқтепа - Истиқлол, Янгиҳаёт - Ҳаёти нав, Қайрағоч - Ободон, Янгикўчкак - Сомониён, Тағойқўйчи - Истиқлолият,

Каттақишлоқ - Хуррамобод, Кенагас - Меҳробод, Ўртақўрғон - Ҳазорчашма, Қорабўйин - Гулобод, Қизили - Лолазор, Қийғир - Шоҳин Қуланбош - Гулистон, Қазноқ - Заркор, Қўшқўрғон - Суғдиён,

Янгиқўрғон - Навкент, Товоқбулоқ - Чашма, Жарбулоқ - Ориён, Қуруқсой - Обшорон, Ўроқли - Темурмалик деб ўзгартирилган.

Ҳамма ҳам мамнун эмас
Image caption "Аввал иқтисодни тикланг!"

“Президентнинг тарихдан хабари борми? Бу юз йиллик, эҳтимолки минг йил тарихни бузишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Тарихни тиклайдиган бўлса, майли, Шўролару коммунистлар даврини ўзгартирсин, аввалги номларига қайтарсин, аммо келиб чиқиши туркийча бўлган жой номларини ўзгартириш том маънода жоҳилликдир”, дейди тожикистонлик зиёлилардан бири.

Бундан бир ярим йилча аввал Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон куни-кеча Гулистонга айлантирилган Қайроққумни Ориёнкант деб номлашни таклиф қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда Тожикистонда жой номлари ўзгартирилгани баҳсу мунозаларга сабаб бўлган.

Айримлар Тожикистоннинг Гулистон шаҳри қўшни Ўзбекистоннинг айни шу номдаги шаҳридан бор- йўғи бир соатлик йўл эканига эътибор қаратишган.

Чкаловск Бўстонга айлантирилган экан, бу бир вилоятда пайдо бўлган иккинчи Бўстон номли жой бўлиб қолган.

Баъзилар эса ватанпарварлик ва миллий қадрият туйғулари жой номлари тожиклаштириш орқали эмас, мамлакат иқтисодини қўшнилар ҳавас қилгулик даражада тиклаш, бағрикенглик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш билан уйғотилиши керак деб ёзишган.

“Ҳаммага тож кийдирганинг билан шоҳлар миллати пайдо бўлмайди”, деб киноя қилади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ