Афғонистон ИШИДга қарши коалицияга қўшилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳақда шахсан АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг ўзи расман маълум қилди.

Италияда қилган чиқиши чоғида жаноб Керри афғон ҳукуматининг ўз мамлакати бошчилиги остидаги ҳарбий коалицияга қўшилиш қарорини олқишлашни ҳам унутмади.

Аммо ҳали-ҳануз ҳар бир жиҳатдан халқаро ҳамжамиятнинг кўмагига қарам ва Қуролли кучлари энди-энди оёққа туриб келаётган Афғонистоннинг бу коалиция таркибидаги роли, ҳозирча, маълум эмас.

Сўнгги янгилик Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўтган бир йилнинг ичида бутун Афғонистон бўйлаб фаоллашишга муваффақ бўлган ва куни-кеча мамлакат шарқида ўзининг илк вилоятига асос солганини эълон қилиши манзарасида ўртага чиққан.

Минтақадаги аксарият аъзолари собиқ толиблардан иборат бўлган ИШИД ўтган бир неча ойнинг ўзида Афғонистоннинг Покистон билан бевосита чегарадош шарқида каттагина ҳудудларни босиб олган.

Ўз назорати остидаги ерларни Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилган.

Афғонистондаги мухбирларимизга кўра, ИШИД бу ерларда ўзининг тайёргарлик жамлоқларини барпо этишга муваффақ бўлган.

Ҳам покистонлик, ҳам афғонистонлик толиблар ва ҳам маҳаллий ёшлар ҳисобидан фаоллик билан ўзига янги аъзолар ёллашнинг уддасидан чиқмоқда.

Бу билан ҳам кифояланмай, минтақада ўзининг тарғибот амалиётларига зўр бераётир. Бу йўлда ўзининг молиявий устунликларидан ҳам унумли фойдаланмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Bangla

Гуруҳ қисқа вақтнинг ичида Афғонистон шарқида асос солишга муваффақ бўлган ва куни-кеча америкаликларнинг ҳаво ҳужумларида вайрон бўлгани айтилган FM радиоси эса, Покистон қадар катта ҳудудларни қамраб олган.

Бундан ташқари, ИШИД маҳаллий толиблар билан ҳамкорликда ўтган бир йилнинг ичида Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида ҳам устма-уст йирик ва кенг қамровли ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Толиблар Афғонистондаги тузумлари ағдарилган ўтган 14 йил ичида қўлга киритган энг йирик ютуқлари ҳам афғон масъуллари ИШИД жангариларига нисбат берган ана шу иттифоқчилари билан бирга уюштирган жанглари ҳисобига тўғри келганди.

Мавжуд ҳолат Афғонистонда бу жангариларнинг ҳамкорликдаги баҳорги амалиётлари ҳалокатли бўлиши мумкинлигига оид жиддий хавотирларни пайдо қилган, бунга қарши мамлакат раҳбарияти даражасида ҳарбий тайёргарлик ишлари бошланган ва афғон ҳукуматининг халқаро ҳарбий коалицияга қўшилиш қарори худди шу манзарада берилган.

Шундоққина биқинларидаги Афғонистонда вужудга келган бу каби вазият Марказий Осиё давлатлариники қолиб, ҳатто, Россия раҳбариятининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлган.

Улар ўтган бир йилнинг ўзида Афғонистондаги вазиятнинг худди Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ўз ташвишларини билдириб, ошкора ва кетма-кет баёнотлар билан чиқишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия ҳукумати эса, қуруқ баёнотлар билан чекланмай, ИШИДнинг Сурия ва Ироқдаги мавқеъларига ҳаводан туриб зарба беришга қарор қилган илк собиқ Шўро давлатига ҳам айланганди.

Россия Президентининг Афғонистондаги махсус вакили яқинда мамлакати Толибон ҳаракати каби Афғонистондаги ИШИД гуруҳига қарши курашдан бирдек манфаатдор эканлигини баён қилганди.

Бундан сал аввал расмий Пентагон кутилмаганда Афғонистондаги ҳарбийларига ҳам, шароит тақазо этган тақдирда, ИШИДнинг мавқеъларига зарба беришга рухсат берганди.

Ушбу янгиликдан қисқа вақт ўтмай, Афғонистондан америкаликлар ИШИДнинг айнан шарқий Нангархор вилоятидаги мавқеъларига ҳаво ҳужумлари уюштиришганига оид хабарлар олинганди.

Бунгача АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан берилган ваколат Ироқ ва Сурия чегаралари билан кифояланганди, холос.

ИШИДнинг бор-йўғи бир неча йилнинг ичида Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудларини босиб олиб, ўзининг исломий халифатига асос солиши, уни башарий миқёсда кенгайтириш режалари, диний озчиликлар ва Ғарб фуқароларига ҳам қарши қаратилган шафқатсиз жанг олиб бориш услуби 2014 йил охирларига келиб, гуруҳга қарши АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоққа асос солинишига сабаб бўлган.

Таркибига ўнлаб ғарбий, шарқий Оврўпо, Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари кирган ҳарбий коалиция ИШИДнинг Сурия ва Ироқдаги мавқеъларига қарши илк ҳаво ҳужумларини худди ўша йилнинг сентябр ойида амалга оширганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Худди шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, коалиция ташкил этилишидан икки йилча ўтиб берган қарори ортидан, Афғонистон минтақа давлатлари орасидан Ғарб бошчилигидаги ҳарбий иттифоққа қўшилган биринчи давлат бўлган.

Яъни, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўтган йил январ ойида ўзининг минтақадаги илк тармоғига асос солганини айтган Покистон ҳам бу иттифоқ таркибида йўқ.

Агар, Америка томонининг расмий баёнотларига ишонилса, орада кечган вақт давомида ИШИДнинг Яқин Шарқдаги мавқеъларига қарши юзлаб ҳаво ҳужумлари уюштиришган. Айниқса, гуруҳнинг молиявий манбаларига жиддий зарба беришган.

Аммо халқаро ҳарбий доираларда бу иттифоқ ҳаво ҳужумларининг қанчалик самарали бўлаётгани жиддий танқидларга сабаб бўлиб келади.

Ўтган йил АҚШ ИШИДга қарши ўзининг кураш усулларини ўзгартириш ниятида эканига ишора қилган, гуруҳ жангариларига қарши қуруқликда жанг олиб бориши мумкинлигини айтганди.

Аммо, худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўтган икки йилдан ортиқроқ вақт ичида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига қарши Франция, Россия ва Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий иттифоқларга ҳам асос солинган.

Бу каби ҳарбий коалицияларнинг энг сўнгги ўтган йил охирида Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган ва дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон ўнлаб давлатларини ўз ичига олувчи исломий иттифоқ бўлганди.

Лекин, шунга қарамай, якунида минтақа давлатлари орасидан фақат Покистонгина киргани маълум бўлган бу коалицияга Исломий республика эканига қарамай, Афғонистон бош қўшмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Таркибида айнан Сурия, Ироқ, Эрон ва Афғонистоннинг йўқлиги сабаб, аввалбошданоқ Саудия Арабистони бошчилигидаги бу иттифоқнинг ҳам фаолияти қанчалик самарали бўлиши жиддий шубҳалар остига олинганди.

АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалициянинг ҳам аъзоси бўлган Саудия Арабистони эса, куни-кеча иттифоқ маъқулласа, Сурияга пиёда қўшин киритиш режасида эканликларига ишора қилганди.

Аммо, ўз навбатида, Яқин Шарқдаги воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистон томонини жиддий хавотирларга солмай қўймаган.

Улар бу каби ҳарбий коалицияларнинг устма-уст ҳарбий амалиётлари сабаб, асли минтақадан бўлган юзлаб жангариларнинг ортга қайтишлари ва вазиятни жиддий издан чиқаришлари мумкинлигидан хавотирдалар.

Эслатиб ўтиш жоиз, ҳали-ҳануз дунёдаги энг қудратли ва жангариси экани айтилувчи ИШИД Афғонистон, Покистон, Эрон ва қисман Марказий Осиё ҳудудларини ҳам ўз ичига олувчи қадим Хуросон давлатини барпо этиш, Яқин Шарқдаги исломий халифатини башарийлаштиришни мақсад қилган.

Ҳарбий таҳлилчилар ИШИДнинг минтақадаги аъзолари сонини жорий пайтда бир неча юздан бир неча мингтагача эканини тахмин этишаркан, гуруҳ ўз сафларини фаоллик билан тўлдиришга муваффақ бўлаётгани воқеълигига алоҳида диққат қилиш лозимлигини таъкидлашади.

Аммо худди шу манзарада Афғонистон раҳбариятининг ИШИДнинг бугунги қудрати ҳақида зиддиятли чиқишлари ҳам уларнинг эътиборларидан четда қолмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жумладан, Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулло Абдулло ИШИД ўз мамлакатида дастакка эга эмаслиги, шу боис ҳам, илдиз отолмаслигини даъво қилиб чиққан бир манзарада, президент Ашраф Ғаний бунинг ортидан Давосдаги чиқишида ўзларининг “жуда катта хавф билан рўбарў келиб туришгани”ни баён қилганди.

ИШИДга қарши ҳам минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда кураш олиб боришга чақирганди.

Худди шу сўзлари ортидан, Афғонистон раҳбари ИШИДни “кўмиб ташлаш”га ваъда берганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ИШИД жорий пайтда Афғонистонда ҳам ҳукумат кучлари ва мамлакатнинг муайян қисмларида толиблар билан ҳам урушмоқда.

Яъни, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларидан фарқли тарзда, ИШИД жангарилари мамлакатнинг шарқий, жанубий-шарқий ва жанубий вилоятларида толиблар билан қақшатқич жангларга киришишган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Афғонистондаги бугунги вазият ўзининг чигаллиги билан ҳам ўта хавотирли ва ИШИДнинг минтақага қанчалик чуқур кириб боришга муваффақ бўлиши ҳам, аслида, ана шу ҳолатнинг қандай якун топишига боғлиқдир.

Ўтган йил охирида сафлари илк бор парчаланган Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти эса, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳини ўзларидан узоқроққа туришга даъват этган, акс-ҳолда бунинг оқибатлари улар учун ёмон бўлиши билан огоҳлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Собиқ иттифоқчиси ва ҳозирда ИШИД гуруҳини намоён этаётган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Яқин Шарқдаги исломий халифат халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга расман байъат келтириш талабини ҳам рад этган.

Айнан ИШИДга қарши курашиш учун минг нафар жангарисидан иборат махсус гуруҳ ҳам ташкил қилган.

Бўлажак хавфнинг олдини олиш учун Афғонистон ҳукумати, бошқа томондан, Покистон, АҚШ ва Хитой иштирокидаги тўрт томонлама тинчлик музокараларига ҳам зўр берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube
  • BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ