'Уй Қирғизистонга, яшовчиси Тожикистонга қарайди'

Икки давлат чегаралари аниқланмаган баҳсли ҳудудларда тез-тез юз берувчи бу каби низолар, аҳоли орасида турли хил зиддиятларга сабаб бўлмоқда.

6 февралда Қирғизистон чегарачилари Боткен вилоятининг Лайлак тумани Мақсат қишлоғини, Тожикистоннинг Овчиқалача қишлоғи билан кесишган жойидаги икки уй томига Қирғизистон байроғини ўрнатганлар.

Тожик фуқаролари Абдуғаффор Жалолов, Мухаммадали Абдулалиев ва қўшнилари қирғиз чегарачиларининг бу ҳаракати ноқонуний экани, ушбу ҳудуд ҳали бери аниқланганича йўқлигини айтганлар. Қолаверса, Тожикистоннинг Овчиқалача жамоасининг етакчиси Эргаш Жўраев қирғизистонлик ҳамкасблари билан бу масала бўйича гаплашганини ҳам қўшимча қилади.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳудудий чегара хизмати бошлиғи Мухамад Жафаров ҳам Қирғизистон чегара хизматининг бу ҳаракатини провокация дея атаб, ҳали аниқланмаган чегарада яшовчи инсоннинг уйига байроқни ўрнатилгани юзасидан ҳамкасбларидан тушунтириш маълумотини олмаганини айтади.

Қирғизистон чегара хизматининг матбуот котибаси Гулмира Бўрубоева қирғиз чегарачиларининг ҳатти-ҳаракатлари қонуний эканлигини, байроқ илинган уйлар Қирғизистонга тегишли эканини билдирган.

“Мақсат қишлоғида байроқ ўрнатилган уй Қирғизистонлик одамга тешигли. Тожикистон фуқаролари у ерда вақтинчалик яшаб туришибди” – деган Гулмира Бўрубоева

Ҳозирги кунда Мақсат қишлоғида юздан ортиқ оила яшайди. Ушбу қишлоқ 1996 йили Тожикистон билан чегарани мустаҳкамлаш мақсадида давлат тарафидан сув тутуклари тортилиб, барпо этилган. Давлат аҳолига махсус уйларни қуриб, бошқа ердан одамлар кўчириб олиб келинган. Бунга Тожикистон фуқароларининг бўш жойларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишлари сабаб бўлган.

Ҳозирда байроқ ўрнатилган уй ҳам Қирғизистон ҳисобида қайд этилган бўлиб, тожик фуқаролари ижарага олган. “Уйда яшаётганларни чиқариш ҳукуматнинг қарорига яраша бўлади” – дейди Мақсат қишлоқ ҳудудидининг бошчиси Қубатбек Сулайманов.

“Ҳақиқатан у ерлар бизникидир, бизда қайддан ўтган. У уйда Тожикистон фуқароси яшаётган экан. Биз уйнинг эгасини топиб, аниқлаштиряпмиз. У ер ўзимизнинг ҳудуд эканлигига ишора қатори, ўзаро маъқуллашган ҳолда байроқни илиб қўйдик. Энди, ўшанга қўшнилар куйикаяпти. Ҳеч қандай аниқланмаган жой эмас” – деб эътироф этади қишлоқ бошчиси.

Қулунди қишлоқ ҳудуди Тожикистон билан чегарадош бўлиб, дала, йўл, сув ва ер сабаб аҳоли орасида тез-тезда низолар чиқиб туради.

Қишлоқ бошчиси Қубатбек Сулайманов икки давлат чегараларини аниқлаштириш ишлари тезроқ якунласа, “ўша ерлар қайта Қирғизистон ҳисобига ўтиб, муаммо ҳал бўлса, низолар бартараф этилар эди” дея фикр билдиради.

“Тожикистон фуқаролари бизнинг қишлоқдан умумий 37 гектардан ошиқроқ ерни ноқонуний эгаллаб олишган. Уйларни солган. Шу каби ҳаракатлар куч олгани учун ўша пайтда президент Асқар Ақаев махсус пул ажратиб, уйларни солдирган ва чегарани мустаҳкамлашни бошлаган. Чегараларни аниқлаш ишлари тезроқ якунланса, бу каби бахсларга нуқта қўйилар эди” – дейди Қубатбек Сулайманов.

Бу орада “Озодлик” радиосининг тожик хизмати журналисти Масум Имамов воқеа бўлган ҳудуддан хабар тайёрлаётган пайтда, қирғиз чегарачилари тарафидан, давлат чегарасини "ноқонуний бузиб кирганлиги" дея қўлга олинган ва қарийб 8 соат ушлаб турилган, сўнгра қўйиб юборилган. Журналист ўзига қўйилган айбларни рад этиб, ҳудудда икки давлат чегараларини кўрсатувчи белгилар йўқлигини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • nstagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ