Қозоғистон: экстремизмга қарши кураш фонди қисқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube
Image caption Қозоқ ҳукумати Сурияга кетган фуқароларидан хавотирда

Қозоғистондаги иқтисодий инқироз ҳукуматни диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш харажатларини қисқартиришга мажбур қилган.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2017 йилда терроризмга қарши кураш давлат дастури учун ажратиладиган маблағлар 2016 йилдагига қараганда икки баробарга қисқаради.

"2016-2018 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисидаги қонунга биноан, жумладан, экстремистик ва террорчилик оқибатларини бартараф этиш мақсадларига 5 234 миллион танга, 2 576,9 миллион танга ва 745,6 миллион танга ажратиш кўзда тутилган",-дея Молия вазирлигидан иқтибос келтиради КазТАГ агентлиги.

Қозоғистон 2013 йил октябрида диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича давлат дастурини қабул қилган эди.

Қозоқ полицияси диний экстремизм ғояларининг ёшлар орасида тарқалишига қарши курашда ижтимоий тармоқ сайтларидан ҳам фойдаланиши айтилган.

Айни мақсадда анъанавий исломни тарғиб қилувчи "Э-Ислом" махсус вебпортали ҳам ишга туширилган.

Би-би-сига гапирган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов қозоқ жиҳодчиларининг пайдо бўлиши ўзлари учун кутилмаган бир кўриниш бўлганини айтган.

"Қозоғистон фуқароларининг Сурияда жанг қилаётганлари ҳақидаги хабар бутун Қозоғистон жамиятини ларзага солди", деган жаноб Идрисов.

'Кўрпага қараб...'

Жаҳонда нефт нархларининг кескин тушиб кетиши Қозоғистон иқтисодига салбий таъсир қилган.

Аввалроқ Бош вазир Карим Масимов давлат бюджети қайта кўриб чиқилишини айтган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи akorda.kz
Image caption Назарбоев қозоғистонликларни "кўрпага қараб оёқ узатиш"га чақирган

Қозоғистоннинг 2016 йилга мўлжалланган давлат бюджетида Brent маркасидаги нефтнинг бир баррели 40 АҚШ долларидан ҳисобланган.

"Биз 2016 йил бюджетида бир баррел нефт нархи 40 доллар бўлади, деган ҳисоб-китобга таянганмиз. Барча эҳтимолларни кўриб чиқдик-30, 25, 20 ва энг ками 16 доллар. Ҳозирда бу рақамларнинг барчасини синаб кўраяпмиз", - дея Қозоғистон бош вазиридан иқтибос келтиради РИА-Новости агентлиги.

Ўтган ой Қозоғистон халқига мурожаат билан чиққан Президент Назарбоев, қозоқларни "кўрпага қараб оёқ узатиш"га чақирган.

"Ҳозирги мураккаб шароитда энг муҳими имкониятларимиз доирасида яшаш, заҳираларимиз ва иш ўринларини асрашдир", - деган жаноб Назарбоев.

Таҳлилчиларга кўра, нефт нархларига қарам Қозоғистон миллий валютасининг қадрсизланиши манзарасида аҳоли фаровонлик даражасининг тушиши кузатилмоқда.

Президент Назарбоев "қозоқлар хомашё нархлари паст бўлган бир шароитда яшашга ўрганганликлари"ни таъкидлаган.

Сўнгги ҳафталарда Олма-Отадаги бир неча банк қаршисида ипотекачиларнинг норозилик чиқишлари бўлиб ўтган.

Одамлар танганинг қадрсизланиши сабаб ипотека фоизларини туширишни талаб қилишган.

Жаҳон Банкига кўра, 2015 йилда Қозоғистонда иқтисодий ўсиш 0,9 фоизга пасайиб, 4,4 фоизни ташкил этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio