Ўзбекистон Россиядан ёрдам сўрайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон 2012 йилда КХШТ дан чиққан

МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа ташкилот Афғонистондаги вазият ва қўшни давлатлар учун юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни яқиндан кузатаётганини айтган.

Унинг Москвада ўтган матбуот анжуманида айтишича, Афғонистонда сўнгги пайтларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ИШИД сингари жангари гуруҳларнинг фаоллашгани кузатилмоқда.

"Чегарада вазият жуда жиддий. Мен вазият хавотирли деб ўйлайман",- деб айтган КХШТ мулозими.

Унга кўра, ҳозирда Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги давлат чегарасини қўриқлашни кучайтириш бўйича махсус давлатлараро дастур ишлаб чиқилмоқда.

Бордюжанинг айтишича, зарурат туғилгани тақдирда КХШТ унга аъзо бўлмаган Ўзбекистон ва Туркманистонга ёрдам кўрсатишга тайёр.

"Ёрдам сўраб мурожаат қилингани тақдирда, бу мурожаат кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади", - дея Бордюжадан иқтисоб келтиради Kazinform агентлиги.

МДҲ хавфсизлик ташкилоти мулозимининг айтишича, КХШТ га аъзо давлатларнинг барчаси Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликдан манфаатдор.

"Улар бу барқарорликни дастаклаш учун барча чораларни кўрадилар", -деган у.

Рад жавоби

Аввалроқ Туркманистон Россиянинг туркман-афғон чегарасини қўриқлашдаги ёрдам таклифини рад этган эди.

Минтақавий хавфсизлик масаласи Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ўтган ой охирида Ашхободга ташрифи кун тартибида бўлган.

Image caption Бордюжанинг айтишича, Ўзбекистон КХШТнинг ҳамкорлик таклифига жавоб бермаяпти

Жаноб Лавровга кўра, туркман томони чегарани мустаҳкамлаш юзасидан ўзи кўраётган чоралар етарли эканлигини таъкидлаган.

“Туркманистон раҳбариятининг бизга айтишича, ҳозир замонавий технологиялар асосида Афғонистон билан чегарасини хавфсизлигини таъминлаш ҳаракатида. Агар, туркман томони бу ишда бизнинг кўмагимизга эҳтиёж сезса, сўзсиз, уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Аммо, яна бир бор такрорлайман. Туркман дўстларимиз бизга бу йўлда нималар қилишаётганини батафсил гапириб беришди. Ва биз ҳам шунга мувофиқ иш тутамиз”, - деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири.

'Ўзига хос'

Ўзбекистон КХШТ Бош котибининг ўтган ҳафта сўнггида янграган баёнотига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистон 2006-2012 йилларда ташкилот аъзоси бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримов ИШИД Ўзбекистон чегараларига яқинлашиб келаётганини айтган

Расмий Тошкентнинг 2012 йилда КХШТ дан чиқиш қарорини шарҳлаган Николай Бордюжа ўзбек томони Афғонистон юзасидан биргаликдаги ҳаракатларга қарши бўлганини айтган эди.

У Ўзбекистоннинг бу борадаги мавқеъини "ўзига хос" деб атаган.

КХШТ мулозими ўтган йил мартида Ўзбекистон ташкилотнинг терррорчиликка қарши курашдаги ҳамкорлик таклифларига жавоб бермаётганидан шикоят қилган эди.

Аввалроқ Президент Ислом Каримов ИШИД Ўзбекистон чегараларига яқинлашиб келаётгани ва минтақада "жанговар экстремизм ҳамда диний радикализм" таҳдиди кучайиб бораётганини айтган.

Халқаро радикаллашув ва сиёсий зўравонликларни ўрганиш марказининг тадқиқотларига кўра, ҳозирда 500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари Сурия ва Ироқдаги жангариларга қўшилишган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, айрим алоҳида ҳужумларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистонга ИШИД ва бошқа жиҳодий гуруҳларнинг таҳдиди анча чекланган деб айтиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon