Қирғизистон: Маҳбусларнинг соқолларини мажбуран олишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи f
Image caption Диндор маҳбуслар устидан назорат кучайтирилган

Марказий Осиё давлатлари орасида нисбатан диний эркинликлар кафолатланган Қирғизистон учун маҳбусларнинг соқолларини олишга мажбурлаш авваллари мисли кўрилмаган ҳолатдир.

Францияда жойлашган “Марказий Осиёдаги Инсон Ҳуқуқлари” ташкилотининг ёйинлаган баёнотига кўра, Қирғизистоннинг Чуй вилояти Ново-Покровка қишлоғида жойлашган 3-сон жазони ўташ маҳкамасида, маҳбуслардан соқолларини олиш талаб этилмоқда.

Ташкилот хабарига кўра, бу каби маълумот Ўш шаҳридаги 5-сон тергов изоляторидан ҳам олинган ва аста-секин республикадаги қолган жазони ўташ ва сақлаш маҳакамаларида ҳам кузатилмоқда.

“Кимки, қоидага риоя қилмаса, куч билан соч ва соқоли олинаяпти. Кўпларини жарима изоляторига жойлаштириб, уларни яқинлари билан учрашувдан ва озиқ-овқатдан маҳрум этаяпти. Бу каби қоидалар динидан қатъий назар, барча маҳкумларга қўлланилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, хозирги кунда Қирғизистон қамоқхоналарида 182 минг маҳкум сақланмоқда” – дейилади “Марказий Осиёдаги Инсон Ҳуқуқлари” ташкилоти баёнотида.

Қамоқхоналарда диндорлар қаттиқ назорат остида

Би-би-си ушбу маълумотга аниқлик киритиш мақсадида Ўш шаҳридаги тергов изоляторларининг биридан сақланаётган маҳбус билан боғланишга муваффақ бўлди ва у ердаги ҳолат ҳақида сўради.

“Ҳақиқатан бизда қамоқхона раҳбарияти тарафидан соқолларни олиш талаб қилинаяпти. Кўп болаларнинг соқолини олиб ташлашди. Хоссатан, бу нарса Бишкекдаги 1-рақамли қамоқхонада мажбур қилиняпти экан”, деб айтди маҳбус.

Унинг сўзларига кўра, асосан диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан назорат кучайган.

“Террорист” бўлиб тушганларни, бир кунда 7-8 марта текширишга боришлик мажбур қилинаяпти”, дейди у.

Ҳақиқатан ҳам қамоқхоналарда маҳкумлар соқолларини олишликка мажбурланаяптими ёки йўқ, бу ҳақда Қирғизистон Жазони ўташ давлат идораси маълумот берганича йўқ.

Шунингдек, Қирғизистон Дин ишлари бўйича Давлат Қўмитаси ҳам қамоқҳоналарда соқол қўйишни таъқиқлашни изоҳламаган.

Бу каби кучли назорат ҳолати ўтган йилнинг октябрь ойида Чуй вилоятининг “Қуйи Наврўз” қишлоғида жойлашган 50-сон қамоқхонасидан 9 нафар маҳкумнинг қочишидан кейин бошланган. Улардан 7 нафари бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганлар бўлган. Қамоқдан қочиш давомида маҳкумлар тергов изоляторининг уч ходимини ўлдирганлар.

Маълумотларга кўра, маҳкумлар қамоқхона ходимлари эътиборини тортмаслик мақсадида, аввал соқолларини олиб, тайёргарлик кўрганлар. Орадан кўп вақт ўтмай, махсус кучлар ўтказган амалиёт пайтида уч нафар маҳкум отиб ўлдирилиб, қолганлари эса қўлга олинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ