"Тожикистон ҳукумати мухолифларини йўқ қилмоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Human Rights Watch ва Халқаро Хелсинки ташкилотининг бугун чиқарган баёнотида айтилишича, "Тожикистон ҳукумати тинч мухолиф партияга мисли кўрилмаган босим ўтказмоқда, аъзоларига таҳдид қилинмоқда, ҳибсга олинмоқда. Бундан ташқари Тожик ҳукумати нафақат мамлакатдаги, балки хориждаги мухолифатчиларини нишонга олиб, уларни Тожикистонга қайтаришга ёки жисмонан йўқ қилишга уринмоқда".

2015 йил сентябр ойида Тожикистондаги мухолифатдаги етакчи Ислом Уйғониш партияси тақиқланди. Март ойида мухолифат раҳбарларидан Умарали Қувватов отиб кетилгани билан боғлиқ ҳолатлар қотилликка Тожик ҳукуматининг қўли борлигини кўрсатган.

"Тожикистонда сиёсий ва диний босимлар энг кучайган. Бу мамлакатда юз берган фуқаролар урушидан бери мисли кўрилмаган. Юзлаб одамлар ҳеч бир сабабсиз, уларнинг фақат сиёсий фаолиятлари учун панжара ортига ташланмоқдалар", дейди Марказий Осиёда инсон ҳақлари бўйича тадқиқотчи Стив Свердлов.

Хуқуқ фаоллари Тожикистонда инсон ҳақлари билан вазият тобора ёмонлашиб бораётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни бунга эътибор беришга чақирган.

Тожикистоннинг мухолифатдаги Ислом Уйғониш партиясининг қатор аъзолари "терроризм", "ҳукуматни куч билан эгаллашга уриниш", "жиноий ташкилот тузиш" каби моддалар билан айбланиб, маҳкамага тортилганлар. Партиянинг айни пайтда муҳожиротдаги раҳбари Муҳиддин Кабирийга Тожикистонда жиноий иш очилган ва халқаро қидирувга берилган.

Би-би-си Муҳиддин Кабирий билан суҳбатлашиб, партия аъзоларига қўйилаётган айбловлар қанчалик асосли деб сўради.

Муҳиддин Кабирий: Албатта биз бу айбловларни аввал ҳам инкор қилганмиз, ҳозир ҳам инкор қиламиз. Ва у ўйлаб топилган деб биламиз. Ҳукумат бизнинг партияни тақиқлашга узоқ вақтдан бери тайёрланиб келарди . Чунки бу мухолифатдаги ҳақиқий ягона расман тан олинган партия эди. Ҳукумат мухолифатдаги партияга у диний бўладими, дунёвийми бутунлай тоқатсиз эканини кўрсатди. Агар бизнинг ўрнимизда бошқа дунёвий партия бўлганида ҳам уларнинг тақдири шундай кечган бўларди. Сиз собиқ саноат вазири Зайд Саидовни яхши эсласангиз керак. У шундай сиёсий партия ташкил этишни хоҳлаган ва унинг партияси мухолифатдаги энг кучли партиялардан бири бўлишга ҳамма имкониятлар бор эди. Оқибатда нима бўлди, унинг мол-мулкини мусодара қилиш билан, қаттиқ тартибдаги қамоқ режимига 30 йилга кесиб юборишди. Мен ўйлайман, бизнинг партиянинг ҳозир судланаётган аъзоларини ҳам шундай тақдир кутаётган бўлиши мумкин. Яна таъкидлаб айтаман, Тожик ҳукумати ҳақиқий мухолифатга ҳеч ҳам тоқат қила олмайди. Албатта Тожикистон ҳукумати, умуман олганда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари учун исломий мухолифатни жазолаш бир мунча осон, чунки дунёда кечаётган ҳодисалар манзарасида, ҳозир терроризмни ислом билан, исломий фаоллар билан уйғунликда тасвирлаш одатий ҳол. Шу боис ҳамма ҳам бизда нималар содир бўлаётганини англайвермайди ва мўътадил ислом вакиллари билан радикал исломчиларнинг фарқини ажратиб ололмайди. Шу боис, Тожик ҳукумати ана шу ҳолатдан ўзи учун жуда муваффақиятли фойдаланяпти. Қачон бутун дунё "ислом терроризми" деб аталаётган нарса билан кураш олиб бораётганда, бошқа бир қисм Украинадаги, Суриядаги ва бошқа ердаги воқеалар билан банд бўлиб қолганда, Марказий Осиё билан шуғулланиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Содир бўлаётган бу нарсалар манзарасида Тожик ҳукумати бор имкониятдан фойдаланишни хоҳлаяпти. Ва мухолифатдан, биринчи навбатдан бизнинг партиядан қутулмоқчи. Чунки мамлакатда биздан бошқа мухолифат қолмади. Улар ҳар қандай чўнтак сиёсий партияларни тузиб, ўз йўриқларига юрита оладилар. Ва бунга ишонадиган киши топилишига шубҳа бўлса ҳам, демократик тараққиёт манзараси ясалади. Афсуски, менинг ҳамкасбларим шундай мураккаб вазиятнинг ичига тушиб қолдилар.

Би-би-си:1997 йил Тинчлик келишуви имзоланганда Ислом Уйғониш партиясининг аҳамияти катта бўлганди. Ва ҳукуматда қудратнинг учдан бир қисми мухолифатга берилишига келишилганди. Нима бўлдики, бугунга келиб буларнинг барчаси йўқотилди?

Муҳиддин Кабирий: Бу жуда ҳам оддий. Биз Тинчлик битими имзолаганимизда, фуқаролар уруши каби фожеадан кейин ҳеч кимнинг хаёлига бошқа томонни алдаш фикри келмаган эди. Тожиклар табиатан ишонувчан одамлар. Ҳеч ким ҳукумат бир-икки йилдан кейин келишилган 30 фоиз квотани бекор қилиши ва ваъдаларини бажармаслигини ўйламаган эди. Биз ҳаммамиз Тожикистонда ниҳоят эркин, демократик сайловлар бўлишига умид қилган эдик. Чунки бу тинчлик келишувининг асосий талабларидан бири эди. Ва биз имкон борича келишувда у ёки бу даражада эркин сайловлар ўтишини кафолатлайдиган талабларни киритишга ҳаракат қилган эдик. Мисол учун биз барча сайлов участкаларида мухолифат вакиллари бўлишини талаб қилдик. Лекин ҳукумат айтдики, марказий сайлов комиссиясида сиёсий партиялар вакиллари етарли бўлади деб. Биз ўша пайтда жойларда маҳаллий сайлов комиссиялари маҳаллий ҳукумат сўрови билан тузилишини билмаганмиз. Яъни, марказий сайлов комиссияси маҳаллий сайлов комиссияларини тузишга ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ эди. Ҳукумат шу тариқа қонунчиликнинг бу жиҳатларидан фойдаланди, алдаб, тинчлик келишувидан узоқлашди. Халқаро ҳамжамият Толибон, Ал- Қоида ва кейин ИШИД билан банд бўлиб қолганида, тинчлик келишуви шартларидан бутунлай воз кечиб қўя қолди. Ҳозир бу шундай изоҳланяптики, тинчлик келишуви қандайдир маълум бир вақт учун тузилган, яъни у абадий эмас эди деб. Аслини олганда, келишувдаги талаб ва меъёрлар Тожикистон учун доимий характер касб этиши керак. Масалан, эркин ва демократик сайловлар, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, кўппартиявийлик. Биринчидан бу жиҳатлар Тожикистон қонунчилигида акс этган, иккинчидан улар тинчлик келишувида кўрсатилган. Ҳозир ҳукумат бу нарсани ўзича шарҳламоқда. Яъни улар умумий келишувни бузмаганлар. Мухолифатнинг арз қилишга ҳаққи йўқ. Мен ўйлайман мухолифатнинг ростгўйлиги ва ишонувчанлиги аччиқ ҳазил бўлди ўзи учун.

Би-би-си: Умуман олганда, Ислом Уйғониш партияси мамлакатнинг сиёсий ҳаётида қандай ўринга эга? Ҳамма эмас, лекин кўпчилик охирги пайтларда мухолифат ҳукуматга қарши туришга тишсиз, қурби йўқ. Сиёсий ҳаётда айтарли роли бўлмай қолганди, деган фикрларни айтишяпти. Сизнингча, Тожикистон ҳаётида партия қандай рол ўйнади?

Муҳиддин Кабирий: Биласизми, бизнинг танқидчиларимиз бу ерда ҳақлар. Биз ҳукуматга қуролни топширганимизда, қарийб 5000 жангчи Тожикистон қуролли кучларининг таркибига кирганди. Биз ҳукумат билан битта ягона таркибни ташкил қилар эканмиз, ҳар бир партиянинг қуролли таркиби бўлиши нега керак, деб ўйлагандик.Бу мантиқан тўғри ва умумий келишувга муносиб эди. Лекин ҳукумат бизни қуроллантириши билан барча кучини мухолифатга босим ўтказишга қаратди. Шундай қилиб биз мураккаб вазиятда қолдик. Бир томондан қуролни топширдик ва тинч парламент партия сифатида ҳаракат қила бошладик. Ҳукумат эса бизга аввалги муносабатида қолган экан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ