Олмотидаги кафеда руҳий хасталар ишламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи joannalillis

Би-би-си Жаҳон Хизмати "Ички дунё" деб номланган мавсум бошлади. Ушбу мавсумда руҳий касалликлар билан боғлиқ муаммолар, соғлиқни сақлаш тизими ва жамиятда руҳий хасталарга муносабатга доир махсус лавҳалар бериб борилади. Бугун ушбу мавсум доирасида биз Олмоти шаҳрида очилган уникал "Трейнинг кафеси" ҳақида Қозоғистонда яшовчи журналист Жоанна Лиллис билан суҳбатлашдик.

Лиллис: "Трейнинг кафе" дея ном берилган бу кафе руҳий касалликларга чалинган одамларни ишга жалб қилиш лойиҳаси доирасида очилган. Бу кафенинг барча ходимлари руҳий шифохонада яшаб ва даволаниб келаётган одамлардир. Уларнинг кўпчилиги 20-30 ёшлар ўртасидалар. Бу ёшлар кафедаги барча ишларни юритишади, овқатларни тайёрлайдилар, овқатингизни сизга олиб келиб берадилар, кейин столларни тозалайдилар ва ҳоказо. Уларнинг фаолиятини мазкур лойиҳани бошлаган мутахассислар текшириб туришади. Бу кафенинг қизиқ тарафи шундаки, у руҳий хаста одамларни жамиятга жалб қилишга уринмоқда. Бу собиқ Совет республикалари учун одатий ҳол эмас. Чунки бу давлатларда руҳий қийинчиликларга дуч келган одамлар жамиятдан ажратиб қўйилади ва изоляцияда ушланади. Руҳий касалларни маҳалла ёки жамоатчилик ишларида кўрмайсиз. Шу жиҳатдан бу лойиҳа менга жуда фойдали ва янги нарсадек кўринди.

Би-би-си: Сиз кафега борганингизда, у ердаги ишчилар билан ўзингиз мулоқот қилдингизми? Ўзингизни қандай ҳис этдингиз?

Лиллис: Албатта, гаплашдим. Кафеда жуда хушчақчақ кайфият ҳукм сурарди. Ишчилар иш давомида бир-бирлари билан ҳазиллашиб, кулишарди. Икки ходим менга бу ишга жалб қилинганларидан беҳад хурсанд эканларини айтиб беришди. Ёшлари 20-21ларда бўлган бу ходимлар аввал қаердадир ишлаш имконига эга бўлмаган эканлар. Улар болалар уйидан интернатга, кейин руҳий хасталар уйига жойлаштирилганлар. Жамоатчиликка умуман аралашмаган эканлар. Уларга аниқ қандай ташхис қўйилганини билмайман. Руҳий хасталиги даражаси бир-биридан фарқ қилади, ва баъзилари бегона одамлар билан мароқлашиб суҳбатлашишади. Баъзилари эса жамоатчилик билан мулоқот қилмасдан, ошхонада ишлашни афзал кўрадилар. Бошқалари эса ўзларига ишонган, дадил ёшлар. Бу тажриба шуни кўрсатдики, баъзи руҳий ҳолатлар туфайли одамларни четлаб қўйиш нотўғри. Бу руҳий ҳолатларнинг айримлари, масалан, Ғарбда жиддий касаллик ҳисобланмайди. Уларни жамиятдан ихоталаб қўйишга ҳеч ҳожат йўқ аслида.

Би-би-си: Руҳий хаста ҳисобланган одамлар жамоатчилик билан мулоқот қилишдан нима фойда кўради?

Лиллис: Уларнинг ўзлари менга айтишларича, жуда кўп фойда кўрадилар. Чунки улар руҳий хасталар уйидан ташқарида ҳеч ким билан гаплашмаган эканлар. Бундай имконият ҳеч қачон уларга тақдим этилмаган. Эскича совет руҳшунослик тажрибасига биноан, руҳий ҳолати бузилган одамлар ихоталаниб қўйилади. Аммо, вазият ўзгараяпти. Бу ёшлар менга энди келажакдан умидбахш эканлари, балки энди ҳақиқий ишга жойлашиб, ҳамма қатори умр кечиришларига йўл очилишига умид қилаётганларини айтишди.

Би-би-си: Сиз улар болалалигида меҳрибонлик уйида катта бўлганларини айтдингиз. Қозоғистонда руҳий хасталарнинг кўпчилиги шундай ўтмишга эгами? Яъни улар болалигиданоқ ихоталанган ҳолда катта бўлишганми?

Лиллис: Уларнинг деярли барчаси туғилганларидаёқ қандайдир руҳий хасталикка эга бўлганлари аниқлангач, ота-оналари томонидан ташлаб кетилган эканлар. Бу лойиҳани бошқараётган бир мутахассиснинг айтишича, Қозоғистонда руҳий ҳолати бузилган инсонларга бўлган ёвқараш ҳалиям кучли. Ота-оналар бу каби фарзандни катта қилишда кўп қийинчиликларга дуч келамиз деб ўйлашади, чунки жамият уларни қабул қилмайди. Шунинг учун бу болаларни ҳамма ташлаб кетади ва улар бутун умрни бошқалардан ажратилган ҳолда ўтказадилар. Бу болалар ўз ота-оналарининг кимлигини билишмайди, шундай экан, улар қашшоқ оилами, ёки ўртаҳол ё бадавлат оиладан чиққанларини айтиш қийин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02. ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek Instagram - BBC UZBEK Twitter -BBC UZBEK Odnoklassniki - BBCUZBEK Facebook - BBC UZBEK Google+ BBC UZBEK YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek) Skype - uzbekbbclondon