Россия Афғонистонга қурол етказмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россиянинг Калашников русумидаги 10.000 дона автомати Афғонистон Қуролли Кучларига берилади.

Бу – расмий Кремлнинг Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён Афғонистонга етказган илк қурол-яроғ таъминоти бўлади.

Хабарларга кўра, Афғонистоннинг ўтган йил қудратга келган президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бошчилигидаги янги ҳукуматининг Россиядан ҳарбий кўмакка оид сўрови фақат автоматлар билан чекланмайди.

Аён бўлишича, Афғонистон раҳбари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги йиғинида Россия ҳукуматидан ўзларига қирувчи тикучарлар етказиб беришини ҳам сўраган.

Ўтган йил охирларида Афғонистон вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг ҳам Россия ҳукуматига ҳарбий кўмак сўрови билан чиққанига оид хабарлар олинганди.

Худди шу хабарлар манзарасида минтақавий таҳлилчилар молиявий томонига туриб берса, Россия Афғонистоннинг бу истагини қондириши мумкинлигини айтишганди.

Аммо, агар, Кобулдан олинган хабарларга таянилса, Россия томони Калашников русумидаги 10.000 дона автоматини Афғонистонга текинга берган.

Ҳозирча жимлик
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия томонининг ушбу режасига оид хабарлар ўтган йил охирида ўртага чиққан, аммо унинг ижросига оид сўнгги янгилик Украина масаласида расмий Кремль ва Ғарб ўртасидаги алоқаларга жиддий дарз етган бир манзарада янграмоқда.

Расмий Кремлнинг бу хабарига, ҳозирча, Нато ва АҚШ томони бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Россия томонига кўра, террорчиликка қарши самарали курашга қодир бўла олиши учун Афғонистон хавфсизлик кучларига кўмак беришга қарор қилишган.

Жангариларнинг кучайиб бораётган ҳужумлари манзарасида қилган сўнгги чиқишларидан бирида Россия Президенти Владимир Путин эса, агар лозим бўлса, мамлакати Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда кўмак беришга тайёр эканини айтганди.

Россия раҳбари бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти парламент кенгашининг охирги йиғинларидан бирида баён қилганди.

Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядан ташкил топган ушбу ташкилотда Афғонистон кузатувчи мақомига эга.

Президент Путиннинг айтишича, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги Афғонистонда террорчилар фаолиятининг кенгайиши ва бу, ўз навбатида, бутун минтақага таҳдид солиши мумкин.

Афғонистон
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Bangla

Ўз ўрнида, Россия ҳукуматининг ҳарбий кўмаги катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган ва бутун мамлакат бўйлаб зўравонликлар қайта кучайган бир манзарада кузатилмоқда.

Ғарб қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан кечган бир йил ичида Афғонистонда толибларнинг қайта фаоллашишидан ташқари, Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ҳам мамлакатга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган.

Бу икки гуруҳнинг ҳамкорликда олиб борган энг йирик ва муваффақиятли ҳужумлари эса, Афғонистоннинг айнан аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларига тўғри келган.

Жангарилар Афғонистоннинг қўшни Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош қатор вилоятларида айрим шаҳар ва туманларни, маълум вақтга бўлса-да, тўлиғича қўлга киритишга муваффақ бўлишган.

Ўзининг жанубий чегаралари биқинида қисқа вақтнинг ичида шаклланган бу каби вазият Россия томонининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Россия ҳукумати ўтган бир йил ичида бу хусусда қатор ошкора баёнотлар билан чиққан, афғон ҳукуматини Афғонистон шимоли-шарқи хавфсизлигига жиддий эътибор қаратмасликда айблаган, лозим бўлса, ўзлари кўмак беришга ҳозир эканликларини ҳам баён қилган.

Халқаро ҳамжамиятнинг узоқ йиллик кўмагига қарамай, Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий жиҳатдан қанчалик жиҳозлангани ҳали-ҳануз кескин танқидларга сабаб бўлиб келади.

Афғонистон ҳарбийларининг, айниқса, қирувчи учоқлар ва тикучарларга фавқулодда эҳтиёжлари борлиги айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оммавий сафарбарлик ортидан Афғонистонда қолган хорижий иттифоқ қўшинларининг сони бор-йўғи 10 мингдан сал ортади.

Улар Афғонистонда Нато ваколати остида фаолият олиб боришади ва жангари амалиётларда иштирок этишлари кўзда тутилмаган.

Аммо Афғонистонда зўравонликлар кучайиши манзарасида президент Барак Обаманинг қарори билан фақат Америка ҳарбийларининг ўзларига хавф туғилган ва афғон хавфсизлик кучлари фавқулодда кўмакка эҳтиёж сезган паллаларида жангларда иштирок этишларига изн берилган.

Россия ва Афғонистон

Расмий Москва энг аввало Россия мусулмон аҳолиси орасида исломий экстремизмнинг кучайишидан хавотирда.

Россия ҳукумати, айниқса, мамлакат жанубидаги турли бўлгинчи гуруҳларни давлат барқарорлигига таҳдид, деб билади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, худди шу боис ҳам, расмий Кремль Афғонистонда ўз Исломий Амирлигига асос солган Толибон тузумини қулатишида 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларини қўшқўллаб дастаклаган.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, Россия ҳамон ўз таъсир доирасида сақлаб қолишга уринаётган жанубий чегарасидаги минтақа давлатларида ҳам исломий экстремизм ва террорчиликнинг кучайиб боришидан хавотирда.

Чунки Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дохил худди шу ердан чиққан қатор исёнчи гуруҳлар Афғонистондаги Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” ва “Ҳаққоний” тармоғига ўхшаш гуруҳлар билан мустаҳкам алоқаларга эга.

Айни шу боис ҳам, Россия Натонинг шундоққина тумшуғи остидаги ҳарбий ҳозирлигини хуш кўрмаса-да, бунга тишини-тишига қўйиб, рози бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Таҳлилчиларга кўра, расмий Кремль Афғонистонга яна толибларнинг қудратга қайтиши ва ёки Афғонистоннинг давлат сифатида таназзулга учрашини сира ҳам истамайди.

Россиянинг наздида бу каби ҳолат Афғонистонни яна бўлгинчи, террорчи ёки исломчи кучларнинг хавфсиз бошпанасига айлантиради.

Россия нима қилолади?

Лекин, шунга қарамай, ўтган 14 йил давомида Россия Афғонистонга ўз ҳарбий қўшинларини юбормаган.

Фақат таъминот ишлари ва АҚШ билан ҳамкорликда Афғонистон хавфсизлик кучларини қуроллантириш ишларига бош қўшиб келган.

Афғонистонни қайта тиклаш ҳаракатларида молиявий жиҳатдан кўмак берган.

Орада Афғонистоннинг Шўролар давридан қолган 10 миллиард доллардан ошиқроқ қарзидан ҳам буткул воз кечган.

Аммо минтақавий таҳлилчилар, ўз ўрнида, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан катта сондаги сафарбарлиги минтақада кучлар мувозанатининг ўзгаришига олиб келиши, бундан буёғига Россия ва Хитой ўз иқтисодий ёрдамлари билан Афғонистон масаласида якуний сўзни айтишга уринишларини тахмин этишади.

Афғонистон Россия-ю Хитой етакчи мақомга эга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида ҳам кузатувчи мақомига эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, собиқ Шўролар Иттифоқи 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

Аммо

Минтақавий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Афғонистон масаласида сўз кетганда, Россия томонининг барча саъй-ҳаракатлари ўз миллий хавфсизлигини ҳимоялашга бориб тақалади.

Уларнинг айтишларича, бу ўринда Россиянинг энг узун чегаралари Марказий Осиё билан экани ўз сўзини айтмай қолмайди.

Яъни, қанчалар узоққа чўзилган экани боис, Россия уларни буткул ёпиб қўя олмайди.

Уларда тўсиқлар ўрнатиш ўта қийин ва кўп маблағ талаб қиладиган иш бўлади.

Афғонистон муаммоси ҳақида сўз кетганда, таҳлилчилар, бошқа томондан, Россиянинг сўнгги йилларда зўр бераётган интеграцион ташаббусларига ҳам диққат қаратишади.

Уларга кўра, Марказий Осиёдан келаётган хавфдан ўзини мутлақ сақлаб қолиш ана шу сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка путур етказиши мумкин.

Шуни назарда тутиб, Россия учун Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолаверади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+BBC
  • UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ