Марказий Осиё жиҳодчилари сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Тожикистонлик собиқ зобит, ИШИД жангариси Гулмурод Ҳалимов

Тожикистон махсус хизматлари тарқатган хабарга кўра, 1500 тожикистонлик хориждаги қуролли можароларда иштирок этмоқда.

Улар орасида 250 ҳалок бўлган инсонлар ҳам бор.

Шу кунларда Ўзбекистон давлат телевидениеси Суриядаги урушда қатнашиб келгани даъво қилинган жангари ва жиҳод ғояларининг маҳаллий тарғиботчиси ҳақида кўрсатув намойиш қилган.

Москва ўзининг Суриядаги ҳужумларини Россия ва собиқ Шўро республикаларидан бориб уруш қилаётган жангариларнинг ортга қайтишига йўл қўймаслик мақсади билан ҳам тушунтириб келмоқда.

Ироқ ва Сурияда Марказий Осиё минтақасидан келган жангарилар сони ортмоқдами?

BBCUZBEK шу мавзуда Британиядаги Экзетер университетида асли келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган ва жиҳодий ғояларга эргашганлар билан боғлиқ вазиятни ўрганган тадқиқотчи Эдвард Лемонга билан суҳбатлашган.

Эдвард Лемон: Менинг ўйлашимча, уларнинг сони кўпайяпти. Агар биз Тожикистон жангарилари сонига қарайдиган бўлсак, ўтган йил июлида мамлакат Ички ишлар вазирлиги Сурия ва Ироқдаги тожикистонлик жангариларнинг сони 500 дан кўпроқ деган тахминий рақамни берган эди. Яқинда Тожик расмийлари жангарилар сони 1000 дан ошгани ҳақида хабар тарқатишди. ИШИД сафидаги Тожик жангарилари ҳақида илк маълумот 2013 йил октябрида эълон қилинган эди ва уларнинг сони 500 деб айтилган эди. Агар бу рақам 2013 йил охиридан 2015 йил ёзигача 500 атрофида бўлган бўлса, охирги 6 ойда уларнинг сони янада кўпайгани аниқ.

BBCUZBEK: Ҳозир Суриядаги Ўзбек ва Тожик жангариларининг умумий ва тахминий сони қанча деб кўрилади?

Эдвард Лемон: Марказий Осиё мамлакатлари тақдим этаётган расмий статистик маълумотларни ишончли дейиш қийин.У ерга борган одамларнинг аниқ сонини ҳисоблаб чиқиш ҳам мушкул бир иш. Чунки уларнинг аксари Россиядан Туркия орқали борганлар. Сурияга киришда ҳар хил чегара нуқталаридан ўтишган. Хавфсизлик хизматлари ҳар бир одамнинг қаердан қаёққа ўтаётганини қайд қилиб боришлари имконсиздир. Тожикистон расмийларининг мингдан ортиқ деб бераётган рақамини мен нисбатан аниқроқ бўлган рақам, деб биламан. У ердаги Ўзбек жангариларининг сонини биз 2000 билан 3000 нинг ўртасида деб биламиз. Лекин аниқ сонини айтишга ҳамма қийналади.

BBCUZBEK: Демак, сиз ҳам Ўзбекистон ҳукумати ва давлат назоратидаги матбуотда, кўп ёш ўзбеклар ИШИДга қўшилиб кетаяптилар, деган даъволарида жон бор деб ўйлайсиз, шундайми?

Эдвард Лемон: Ҳа, бир қанча одамлар у ерга бораётганлари рост. Шунингдек, аввалдан у ерда бўлган Ўзбек жангарилари ҳам бор. Агар аҳоли сонига солиштирадиган бўлсак, ҳар 10 минг тожикистонликдан биттаси Ироқ ва Суриядаги жангарилар сафига қўшилган, деб айтсак бўлади. Агар биз Британия ёки Бельгиядаги мусулмон аҳоли нисбатига солиштирганимизда, ҳар 5000 мусулмондан биттаси қўлига қурол олганини кўрамиз. Оврўпо мамлакатларига солиштирганда Марказий Осиёдан ИШИД сафига қўшилганлар нисбатан камроқни ташкил этади, аммо бу давлатлар учун айни кўрсаткич ҳам кўп…

BBCUZBEK: Ҳукуматлар ўз фуқароларини ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ сафига қўшилишдан тийишга ҳаракат қилаётган бир пайтда айрим жангарилар ИШИДга қарши жанг қилмоқдалар. Ўзбек ва Тожик жангарилари орасидаги бўлинишлар қанчалар кучли Сурияда?

Эдвард Лемон: Ҳа, бу Ўзбекистонга хос нарса. Сиз айтганингиздек, ҳамма одамлар ҳам ИШИДга қўшилиш учун бормаган. Айримлар "Жабҳатул Нусра"га қўшилган, бошқалар эса "Жаннат ошиқлари" деган, Имом Бухорий деган гуруҳлар сафларига бориб қўшилганлар. Бу гуруҳлар Сурия ичкарисида бир-бирига қарши жанг қилмоқдалар. Тожикистонликларнинг анчаси ИШИД сафида, камроқ сондаги тожиклар "Нусра фронти" тарафида. 2014 йилдан тожикистонликларнинг кўпчилиги ИШИДга бориб қўшилаяпти. Ўзбеклар эса раҳбарлари орасида ўзбеклар бўлган ҳар хил гуруҳларга, хусусан, Имом Бухорий гуруҳига бориб қўшилаяпти.

BBCUZBEK: Ўзбек жангари гуруҳлари ўз тарғиботида норасида болалардан қанчалар кўп фойдаланаяптилар?

Эдвард Лемон: Ҳа, айниқса, "Исломий Давлат" ўз тарғиботида болалардан кучли фойдаланаяпти. Улар болалар ҳам келиб ўз сафларига қўшилаётганини кўрсатмоқчи бўладилар. Болалар ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганлари, қурол кўтариб юрганлари, мактабга бораётганлари видеоларини тарқатишган. Ўтган йили бир қозоқ гўдак «Исроил жосуси» деб даъво қилишган инсонни ўлдиргани видеосини ҳам тарқатишди. Қўлида қуроли бор боланинг суратини кўрган одам даҳшатга тушади. Бу билан "Исломий Давлат" жиҳодчиларнинг янги авлодини тарбиялаб вояга етказаётгани ҳақидаги муждани етказмоқчи бўлади. Улар “биз бу ерда доимий қоламиз, бизнинг ўрнимизга ҳали ёшлар келади”, демоқчи бўладилар. Буларнинг тагида бошқа одамларни келиб ИШИД сафига қўшилишлари рағбатлантириш ғояси ётади.

BBCUZBEK: Яқинда Имом Бухорий гуруҳи ўғил болаларнинг қўлига қурол бергани видеоси тарқалди. Бундай видеоларнинг ҳақиқийлигини қандай қилиб текшириш мумкин?

Эдвард Лемон: Менинг ўйлашимча, улар ҳақиқий. Биз бундан олдин ҳам Маркази Осиё жиҳодчиларининг ҳам расман эълон қилган ва ҳам норасмий видеоларида кўплаб болалар тасвирга туширилганини ҳам кўрганмиз. Ўтмишда ҳам улар оилалари билан бориб бу гуруҳга қўшилганларини айтганлар. Биз бутун бошли оилалар Сурия ёки Ироққа борганлари ҳужжатлаштирилганини яхши биламиз. Шунинг учун, мен ўйлайманки, ўзбек тилидаги ёки бошқа Марказий Осиё мамлакатлари тилидаги видеоларга ишончли, деб қарасак бўлади. Бу видеоларда болалардан фойдаланилаётгани томоша қилган одамни ларзага солади ҳамда бу видеоларга эътиборни тортишга хизмат қилади.

BBCUZBEK: “Имом Бухорий” гуруҳининг бошқа бир видеосида эса гуруҳ Россия ҳаво ҳужумларининг нишонига айлангани айтилган. Буни текширишнинг имкони борми?

Эдвард Лемон: Ҳа, бу видео охирги ҳафталарда тарқатилди. Унда бир аёл ва болаларининг жасади кўрсатилади ва улар Россия ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлари айтилади. Бу Марказий осиёлик жангари гуруҳлар учун янги жангариларни жалб қилиш ёки ёллаш мақсадини кўзлаган. Юқорида айтганимдек, Марказий осиёлик жангариларнинг кўпчилиги Россиядан Ироқ ёки Сурияга ўтишган. Россия уларни бомбардимон қилаётганини айтиш билан улар бошқа муҳожирларга "Россияга бориб ишламанг", "Рус кофирларининг қўлида қул бўлманг!", "Яхшиси, келиб бизнинг сафимизга қўшилинг!”, демоқчи бўладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ