ИКЕА туркманлар мажбурий меҳнатини рағбатлантиряптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бутун жаҳон бўйлаб уй жиҳозларини арзон нархларда сотадиган Швециянинг ИКЕА компанияси ўзининг кўрпа ва ёстиқ жилдларини Туркманистондан олиб келмоқда. Швециянинг ТТ хабар агентлиги ўтказган журналистик терговига кўра, ИКЕА дўконларидаги Малу ва Нипонрос номлари остида сотилаётган маҳсулотлар Туркманистонда ишлаб чиқилган.

Хабар муаллифлари швед ширкатлари мажбурий меҳнат қўлланиладиган Туркманистондан бу маҳсулотларни сотиб олиши ахлоқсиз дейишмоқда. Би-би-си терговни олиб борган журналист Ола Вестербергдан аввало "Терговингиз иш беряптими?", деб сўради.

Вестерберг: Бу яхши савол. Кутсак, кўрамиз энди. ИКЕА учун энг асосий синов, у Туркманистондан маҳсулотларни олишда давом этадими, йўқми, ана шу бўлади. ИКЕА туркман маҳсулотларини ўз дўконларидан қайтариб олгани йўқ, улар бутун дунё бўйлаб сотилмоқда. Шунингдек, Туркманистондан ҳеч қандай буюртмаларни ҳам тўхтатмади. Кўрамиз, келажакда бу компания қандай йўл тутар экан.

Би-би-си: Нималарни фош қилишга муваффақ бўлдингиз? Сиз аминмисиз туркман пахтаси мажбурий меҳнат маҳсули эканига?

Вестерберг: Шахсан мен, аминман деб айта олмайман, чунки мен эксперт эмасман бу соҳада. Аммо журналист сифатида мен экспертларга юзланаман. Масалан, мажбурий меҳнатга қарши курашувчи Ҳюман Райтс Вотч, АҚШдаги касаба уюшмалар ва сармоядорлардан ташкил топган "Cotton Campaign", яъни "Пахта кампанияси" ташкилоти билан суҳбатлашганимда, улар Туркманистонда етиштирилган пахтанинг бари мажбурий меҳнат орқали етиштирилишини айтишди. Демак, уларнинг хулосасига биноан, агар Туркманистондан газлама ёки тўқимачилик маҳсулотини сотиб олсангиз, сиз билвосита мажбурий меҳнатни қўллаб-қувватлаётган бўласиз.

Би-би-си: Туркманистоннинг ўзидаги пахта етиштирувчилар ёки ҳукумат воизлари билан гаплашишга муваффақ бўлдингизми?

Вестерберг: Йўқ, улар бизнинг саволларимизни жавобсиз қолдиришди. ИКЕА ҳам айнан қайси туркман ширкатидан бу маҳсулотларни сотиб олишини ошкор қилишдан бош тортди.

Би-би-си: Аммо, биз суҳбатлашган туркманистонлик мутахассиснинг айтишича, туркман пахтасини фақат туркман ҳукуматининг ўзи сота олади, ўз биржаси орқали. Шундай экан, ИКЕА туркман ҳукуматидан олаяпти бу маҳсулотни.

Вестерберг: Шунақа, шекилли, ҳа. Менинг тушунишимча, ИКЕА хом ашёни эмас, балки тайёр тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олаяпти. Туркманистон ҳукумати бу олди-бердида аралашган деб ўйлайман. Туркманистонда пахта қайта ишланиб, тайёр газламалар шаклида ИКЕАга сотилаяпти.

Би-би-си: ИКЕАнинг ўзи нима деяпти, сизнинг хабарингизга улар жиддий ёндашаяптиларми?

Вестерберг: ИКЕА жиддий ёндашаётганини даъво қиляпти. "Туркманистонда мажбурий меҳнат мавжудлигини биламиз, далалар ва фабрикаларда пахта бу йўлда етиштирилмаслигини таъминлаш учун бизда мустақил кузатувчи бор", деган баёнот билан чиқиб, фақат ахлоқий жиҳатдан тоза йўлда ишланган маҳсулотларни олишларини айтишаяпти. Лекин, мен "Пахта кампанияси" каби ташкилотлар билан буни муҳокама қилганимда, улар Туркманистондек тоталитар давлатда учинчи партия, яъни мустақил кузатувчилар кириб пахта жараёнини текширишига умуман имкон йўқ, дейишаяпти. Туркманистонда одамлар сизга очиқча айтишмайди меҳнат қилишга мажбурланаётганларини, чунки улар ҳукумат зуғумидан қўрқадилар.

Би-би-си: Лекин, баъзилар бу ерда танганинг бошқа томони ҳам бор дейишлари мумкин. Туркманистонда ишсизлик юқори даражада бўлган бир вақтда, жуда кўп оилалар, айниқса қишлоқлардаги қашшоқ оилалар болалари билан бирга пахта териб, нон топишади. Улар учун бу мажбурий меҳнат бўлмаслиги мумкин, дейдиганлар бор. Сиз ана шу томонларини биласизми?

Вестерберг: Ҳозирча, биз у томонларига тўхталмадик. Лекин, албатта, бу терговни давом эттирар эканман, воқеанинг бошқа жиҳатларига ҳам қарайман.

Би-би-си: Швеция халқи учун уларнинг тўшаги ё кийимидаги пахта қаердан келаётганининг аҳамияти борми?

Вестерберг: Ҳа, умид қиламанки, ва ўйлайманки, аҳамияти бор. ИКЕА ҳикоясидан бир неча кун олдин бошқа йирик кийим-кечак компаниялари ҳам туркман пахтасини қўллаётгани ошкор бўлди. Масалан, H&M, ZARA, LEE, WRANGLER каби йирик брендлар шундай йўл тутаётгани швед матбуотида шов-шовга сабаб бўлди. Швециядаги истеъмолчилар ташкилоти истеъмолчиларга бундай маҳсулотларни сотиб олмасликни тавсия қилади, ҳамда ҳар бир ширкат мажбурий меҳнатга кўз юммаслик мажбуриятига эга эканини айтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon