Қирғизистон Махсус хизмати биносида ёнғин чиққан

Хабарларга кўра, 4 март кечки соат 20:00лар чамасида Бишкекдаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг биносида ёнғин бошланган.

Расмий маълумотларга кўра, ёнғин электр симларининг носозлигидан келиб чиққан.

Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси биносида чиққан ёнғин маҳаллий оммавий ахборот воситаларида турлича талқин этилмоқда.

“Ёнғин бинонинг бир хонасида, электр симларининг носозлиги сабаб келиб чиққан. Тез орада ўт ўчирувчилар етиб келиб, ҳавфни бартараф этдилар. Сепилган сувлар қуригунича, электр ёруғлигини ёқишга рухсат берилмагани боис, бино вақтинча қоронғу холатда бўлди” – дейди қўмитанинг матбуот котиби Раҳат Сулайманов.

Воқеа гувоҳлари, ҳамда маҳаллий журналистларнинг маълумотларига кўра, ёнғин юз берган бино ичидан одамлар ташқарига олиб чиқилган. Бироқ, ёнғин оқибатида 9 нафар ҳавфсизлик хизмати ҳодими жабрланган.

“Жабрланганларнинг барчаси ёнган маҳсулотлар, углерод оксидидан заҳарланган. Олти нафари касалхонага ётқизилди. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Яна тўрт киши ўрта даражада жабрланган. Қолган учтаси енгил жароҳат олган” – дейди тез ёрдам хизмати ходими.

Ёнғинда жабрланган ҳавфсизлик хизмати ходимлари бугун ёки эртага касалхонадан чиқишлари кутилаётганини қўмита матбуот котиби Раҳат Сулайманов билдирди.

Шунингдек, Сулайманов айни дамда ёнғин чиқиш сабабларини ўрганиш ва келтирилган зиённи аниқлаш мақсадида, ўт ўчирув хизмати мутахасислари билан биргаликда иш олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Ёнғин тунги соат 23:00гача батамом ўчирилган ва воқеа жойига вазиятни ўрганиш мақсадида қўмита раиси келган.

Бу орада қатор маҳаллий оммавий ахборот воситалари, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси биносидаги ёнғин тергов изоляторида, портлаш оқибатида келиб чиққанини ёзган. Ёнғин оқибатида бинонинг уч хонаси кучли зарарлангани хабар қилинади.

Бироқ, Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси матбуот котиби Раҳат Сулайманов, бу каби маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини, ёнғин фақат электр симларининг носозлигидан келиб чиққанини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon